Шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш – давр талаби

Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз берди. Бу, ўз навбатида, янгиланган Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганидан яққол далолатдир.

Янги таҳрирдаги Конституция “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишнинг мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратди. Янада муҳими, у  миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида “шахс – жамият – давлат” тамойилини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Эндиликда Конституциямизнинг 1-моддасида давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар кафолатлангани эътиборга сазовор.

Энг асосийси, янги таҳрирдаги Конституциянинг мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкили этишига тааллуқли конституциявий нормалар белгилаб қўйилди. Эски таҳрирдаги матнда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашга доир ушбу механизмлар мавжуд эмасди.

Асосий қонунимизнинг “Конституция ва қонуннинг устунлиги” бобидаги 15-16-моддалар янги ва эски матнидаги нормаларни ўзаро қиёсланса, бу фикрларимиз қанчалик ҳаққоний эканлиги ўз тасдиғини топади.

Шу ўринда 2023 йил 8 май куни давлатимиз раҳбарининг Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Ушбу муҳим ҳужжат талаблари:

биринчидан, янгиланган Конституциямизни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш;

иккинчидан, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш;

учинчидан, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш;

тўртинчидан, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадларига қаратилган.

Фармонда белгиланганидек, “янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади”.

Конституциямизга киритилган янги, замонавий ва жуда муҳим нормаларнинг ҳаётга қатъий ҳамда изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий қоидаларнинг тўғридан-тўғри қўлланиши инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлаш борасида янги даврни бошлаб бермоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.

Шу маънода, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг тайёрланишида ўз таклиф-тавсияларини берган барча юртдошларимизга ва хорижий ҳамда халқаро ҳамкорларимизга ўз вақтида Конституциявий комиссия раиси номидан миннатдорлик мактублари юборилган.

Конституциявий комиссия таркибида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор Мирзаюсуф Рустамбоев алоҳида жонбозлик кўрсатди. Конституциявий ислоҳотлар асносида ушбу фидойи олим тавсия этган 35 та таклифнинг аксарияти янги таҳрирдаги Конституциямиз матнига тўлиқ ёки қисман киритилгани алоҳида таҳсинга сазовор.

Илм-фан ва таълим-тарбия тизими фидойиси, зукко олим ҳамда таниқли давлат ва жамоат арбоби Мирзаюсуф Рустамбоев мамлакатимизда юридик фан ва юридик таълим ривожи йўлида ҳам илмий-назарий, ҳам ташкилий-педагогик асосларда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган миллий ҳуқуқшунос кадрларнинг энг пешқадамларидандир. Шунинг учун ушбу таниқли олим ва ташкилотчи раҳбарнинг серқирра, сермазмун ва сермаҳсул фаолияти ҳақида мухтасар сўз юритиш айни муддао бўлади, деган фикрдаман.

Мирзаюсуф Рустамбоев – моҳир педагог. Олим 1979 йили Тошкент Давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини) битириб, шу олий ўқув юртида ўқитувчиликдан токи Тошкент давлат юридик институти (ҳозирда университет) ректоригача бўлган лавозимларда узоқ йиллар самарали фаолият юритди.

Мирзаюсуф Рустамбоев – юридик фанлар доктори илмий даражасини ёқлаб, профессор илмий унвонига сазовор бўлган таниқли ҳуқуқшунос олим. У яратган “Жиноят ҳуқуқи” йўналиши бўйича илмий мактаб жаҳон бўйича тан олинган. Ушбу илмий мактабдан ҳозирга қадар 11 нафар фан доктори ва 29 нафар фан номзоди етишиб чиқди. Бугунги кунда ҳам олимнинг кўплаб шогирдлари юридик фаннинг долзарб муаммолари бўйича муваффақиятли илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Мирзаюсуф Рустамбоев – кўплаб юридик дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, монографиялар ва рисолалар муаллифи. Айниқса, олимнинг “Ўзбекистон Республикаси Жиноят ҳуқуқи курси” номли ўзбек ва рус тилларидаги 5 жилдлик китоби, қарийб 70 та дарслиги, 30 га яқин ўқув ва 30 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалари, 15 та монографияси, салкам 40 та рисоласи, 160 тадан зиёд илмий мақоласи ҳамда 550 та атрофидаги илмий иши талабалар орасида қўлма-қўл бўлиб, илмий доираларда ҳам беҳад қадрланади.

Мирзаюсуф Рустамбоев – жонкуяр давлат ва жамоат арбоби. Хусусан, у 2004-2009 йилларда Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида турли қўмита ва комиссияларнинг масъулиятли фаолиятига раҳбарлик қилди. Олий таълим тизимининг кўзга кўринган вакили, иқтидорли илм-фан намояндаси сифатида давлат ва жамоат ишларида ҳамиша фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Полковник М.Рустамбоев раҳбарлик қилаётган Жамоат хавфсизлиги университетида курсантларнинг сифатли ва намунали таълим олишлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Буни университетнинг илмий салоҳияти 2017 йилдаги 10 фоиздан 2023 йилда 75 фоизга ўсгани ҳам яққол тасдиқлайди.

Профессор М.Рустамбоевнинг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони ва “Меҳр-саховат” кўкрак нишони, Иккинчи даражали “Шон-шараф” ордени каби юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани, ҳеч шубҳасиз, фидокорона хизматларига берилган муносиб баҳо ва эҳтиром ифодасидир.

Ўз навбатида, Мирзаюсуф Рустамбоев Туркия, Россия, Беларусь, Қозоғистон ҳарбий академияларининг медаллари ва кўкрак нишонлари, Олма-ота академиясининг фахрий профессори унвони билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас. Бундай эътибор, албатта, таниқли ўзбек олими юридик фан ва таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ишига муносиб ҳисса қўшаётганидан далолат беради.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг янгиланган конституциявий-ҳуқуқий заминида миллий тараққиётнинг асосий йўналишларини такомиллаштириш, шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш давр талабига айланди. Шу муносабат билан мамлакатимизда мустақилликнинг ўтган 32 йили мобайнида биринчи маротаба 7 йилга мўлжалланган узоқ муддатли ва қамровдор миллий тараққиёт дастури, яъни “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.

Ушбу дастуриламал ҳужжатда 100 та мақсад, 369 та чора-тадбир, 190 та вазифа, 306 та мақсадли кўрсаткич бажарилиши ва бу борада 118 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Бу улуғвор ва шарафли вазифалар, шубҳасиз, юртимизнинг билимли ва тажрибали, барча фидойи инсонлари қатори профессор Мирзаюсуф Рустамбоев зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

Мухтасар айтганда, ҳурматли олимимиз халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақи учун Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини тиклашга самарали илмий-ижодий фаолияти билан катта ҳисса қўшишига ишончимиз комил. Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганидек, “Барчамизнинг фидокорона меҳнатимиз, ғайрату шижоатимиз билан Янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда. Халқаро майдонда Ватанимизга нисбатан ҳурмат ва эътибор тобора ортиб бормоқда.

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech