Бугун Тошкентда бўлиб ўтаётган “Ёшлар ҳуқуқи: имконият ва ҳимоя қилиш механизми” мавзусидаги халқаро форумда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Aкмал Саидов ёшлар масаласининг долзарблиги, алоҳида аҳамиятига батафсил тўхталди:
– Ҳозир ер юзида 15-24 ёшли 1,2 миллиард одам яшайди. Бу рақам дунё аҳолисининг 16 фоизи, дегани. 2030 йил, яъни Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш белгиланган муддатда ёшлар сони яна 7 фоиз ошиб, қарийб 1,3 миллиард кишига етиши кутиляпти.
Ёшлар инновация, ғоя ва ечимнинг улкан манбаи бўлиб, эндиликда уларнинг овози ҳар қачонгидан муҳим. Жамиятни ҳаракатга келтирувчи кучга айланган ёшлар салоҳиятини юзага чиқариш зарур, чунки келгуси муносиб дунёни бунёд этиш вазифаси айнан улар зиммасида.
Халқаро ҳамжамият ҳар қандай давлат тараққиётида соғлом ва баркамол ёш авлод ҳал қилувчи ўринга эга эканини эътироф этади. Дарҳақиқат, жамият келажаги ёшларнинг ғайрати, ташаббускорлиги, ҳар томонлама камол топиши, замонавий билим ва кўникмага эга бўлиши билан боғлиқ.
Aнтониу Гутерриш таъкидлаганидек, “тинчликни, кучли иқтисодий ўсишни, ижтимоий адолатни, бағрикенгликни таъминлаш ва яна бошқа кўп эзгу мақсадларга эришиш ёшлар имкониятидан унумли фойдаланишга боғлиқ”.
БМТ томонидан қабул қилинган, 2030 йилгача мўлжалланган Кун тартибида ёшлар фаоллиги ва имкониятини кенгайтириш барқарор ривожланиш ҳамда бутун дунёда тинчликни қарор топтиришнинг ҳал қилувчи омили сифатида белгиланиб, уларнинг манфаати барча 17 мақсадга эришишга доир 169 вазифада инобатга олинган.
Бутун дунёда ёшларнинг эҳтиёжини рўёбга чиқариш, салоҳиятини мустаҳкамлаш ва турли-туман ҳуқуқларини кенгайтириш мақсадида БМТ томонидан 2030 йилгача “Ёшларни жамият ҳаётига жалб қилиш орқали демократияни мустаҳкамлаш” стратегияси қабул қилинган. Ҳужжатда “Ёшлар энг бебаҳо ва жуда муҳим ресурс ҳисобланиши, уларга сарфланган сармоя кўп карра миқдорда ўзини қоплаши алоҳида таъкидланган. Ўзбекистон ушбу Стратегия жадал суръатда амалга оширилаётган дунёнинг ўн давлати сафига кириши қувонарли.
Ёшлар ҳуқуқига доир халқаро даражадаги энг муҳим ҳужжат қабул қилингандан кейин юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мисли кўрилмаган ислоҳотлар бошланди. Ўсиб келаётган авлодга катта умид боғлаётган давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз ўз салоҳиятини намоён қилиши учун ёшларга зарур шароит яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир”.
Ўзбекистон етакчиси ҳар қандай жамиятнинг барқарор ривожланишида ёшлар муҳим ўрин тутишини англаган ҳолда, халқаро майдонда муҳим ташаббуслар билан чиқмоқда. Жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессиясида мамлакат раҳбарияти томонидан Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачини таъсис этиш ғояси илгари сурилди.
Президентимиз халқаро миқёсда фаолликни ривожлантириб, БМТ Бош Aссамблеяси 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш ташаббусини кўтарди. Конвенция лойиҳаси 40 дан ортиқ халқаро форум ва экспертлар ҳамжамияти йиғилишларида муҳокама қилинди.
Яқинда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бош Aссамблеянинг 78-сессиясида Шавкат Мирзиёев ёшлар соҳасида яна бир муҳим фикр билдириб, БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус минтақамизда ёшлар ҳуқуқини таъминлаш ва амалга оширишдан энг юқори даражада манфаатдорликнинг ўзига хос намунасидир. Зеро, Марказий Осиёда аҳолининг қарийб ярми ёшлардир.
С.Раҳимов ёзиб олди.
ЎзА
- Қўшилди: 23.10.2023
- Кўришлар: 3322
- Чоп этиш