МАРКАЗИЙ ОСИЁ ЁШЛАР ФОРУМИ

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ЁШЛАР ФОРУМИ

навқирон авлод ҳуқуқларини таъминлашдаги янги босқич

 

Пойтахтимизда “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди. Анжуман ноанъанавий тарзда — маънавий-бадиий саҳна намойиши билан бошланди. Муҳташам мажлислар зали узра Ўзбекистон Қахрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Инсон қасидаси” иқтидорли ёшлар ижросида ўзбек, инглиз ва рус тилларида янгради.

Ушбу халқаро анжуман дунё ҳамжамияти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни деб эълон қилинган тарихий сана — 24 октябрь арафасида ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно бор. Мазкур форум Президентимизнинг тегишли Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури” доирасида ўтказилмокда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов халқаро форумни очиб, анжуманнинг ўзига хос хусусиятлари, долзарблиги ва муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Форум иштирокчиларини БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи видеомурожаат орқали табриклади.

Тадбирда сўзга чиққанлар Марказий Осиё ёшлар форуми унинг иштирокчилари учун ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш механизмлари бўйича зарурий билимларга эга бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш, долзарб ғоя ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун қулай ахборот-маърифий ҳамда амалий муҳокама-мунозара майдонига айланишига ишонч билдирди.

Шундан сўнг анжуман ўз ишини учта ялпи мажлис доирасида давом эттирди.

Форумда миллий ва хорижий экспертлар, Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқларари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар вакиллари, жами 800 дан ортиқ иштирокчилар қатнашди.

Форумни ташкил этишда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Олий комиссар бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт номидаги жамғарма каби халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилди.

Форумнинг ёпилиш маросимида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича халқаро, минтақавий ҳамда миллий тажриба ва ёндашувлар муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Душанбеда бўлиб ўтган Маслаҳат учрашуви якунида минтақа ёшлари манфаатларини таъминлаш йўлида яна бир муҳим амалий қадам қўйилди. Яъни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим имзоланди.

Барча давлатлар сиёсатига ёшлар ҳуқуқларини интеграция қилишнинг ҳуқуқий, маъмурий ва сиёсий асосларини такомиллаштириш йўллари ҳамда воситаларини ишлаб чиқиш бўйича аниқ тавсиялар илгари сурилди. Бундай амалий ёндашув БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшиш имконини бериши таъкидланди.

Шу асосда халқаро форумнинг якуний ҳужжати — Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё декларацияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокама қилинди.

 

Сўз — тадбир иштирокчиларига

 

Матильда БОГНЕР,

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси рақбари:

— Мазкур форумни аҳолисининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этадиган Марказий Осиё минтақасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бирдамлик ва ҳамкорликнинг рамзи, десак, муболаға эмас. Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар соҳасида яна бир муҳим ташаббус — БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф қилган эди. Ушбу ташаббус минтақа ёшлари ҳуқуқларини таъминлаш ва амалга оширишдан энг юқори даражада манфаатдорликнинг яққол намунаси бўлди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларидан самарали фойдаланиш учун муҳим бўлиб, бағрикенглик, камситмаслик, тенглик, низоларнинг олдини олиш ва экстремизмга қарши курашишга ёрдам беради. Самарали инсон ҳуқуқлари таълими нафақат инсон ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида билим беради, шунингдек, кундалик ҳаётда инсон ҳуқуқларини илгари суриш, ҳимоя қилиш ва амалга ошириш учун зарур бўлган кўникмаларни ҳам ривожлантиради.

Форумнинг биринчи ялпи мажлисида келгусида ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги амалий ишлар ва сиёсий ташаббуслар учун пойдевор бўлиб хизмат қиладиган қарорлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун амалий таклифларни илгари сурдик.

Мемет ЖАКУ,

ЕХҲТ амалдаги раисининг ёшлар масалалари бўйича махсус вакили:

— Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоялаш тизимини ривожлантириш соҳасига тааллуқли бир қатор илғор восита ҳамда стандартлар дунё миқёсида муҳим ўринларни эгаллаб тургани айни ҳақиқат. Бу восита ва стандартларнинг аксарияти БМТ доирасида қабул қилинган бўлиб, кейинги 30 йилда ёшлар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича халқаро ҳужжатлар сони 10 тадан ошгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.

Форумнинг иккинчи ялпи мажлисида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш учун халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларнинг қўлланилиши соҳасини таҳлилдан ўтказдик. Ёшлар ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари ҳимояси механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича ўзаро фикр алмашдик.

Биз, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳимлиги борасида жамиятнинг хабардорлиги ва тушунчасини оширишга киришишимиз, бу йўналишга қаратилган сиёсат ва қонунчиликни тарғиб этиш ҳамда қўллабқувватлашимиз зарур. Бунда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул амалиёти ва самарадор механизмларига тааллуқли илғор тажрибаларни ўрганиш алоҳида ўрин тутади, албатта.

Дарья КОШЕЛЕВА,

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг ёшлар бўйича мутахассиси (Женева):

— Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги доирасида ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қизғин фаолиятнинг пешқадамлари бўлган ёшлар ўз ҳуқуқларини амалга ошириш асносида турли қийинчиликларга дуч келаётганини ҳисобга олган ҳолда, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси томонидан Ёшлар ҳуқуқлари бўйича маслаҳат гуруҳи таъсис этилган.

Уйинг асосий вазифаси инсон ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятида изчил иштирок этиш, ёшлар сиёсатига оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш соҳасидаги ташаббусларни дастаклашдан иборат.

Шу маънода, Марказий Осиё ёшлар форумининг учинчи ялпи мажлисида ёшларнинг турли гуруҳлари учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий тўсиқлар ва муаммоларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратдик. Жумладан, миллий ва минтақавий даражаларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ёшлар инсон ҳуқуқлари бўйича келгуси йилларда қандай ўзгаришлар бўлишини тасаввур этиши ва келажакда инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш учун қандай мажбуриятни олишгани ҳақида фикр алмашдик.

 

Раҳматжон БОБОЖОНОВ («Халқ сўзи») ёзиб олди.

«Халқ сўзи» газетасининг 2023 йил 24 октябрь кунги 226 (8569)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech