2023 йил 21-22 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари, Парламентлараро Иттифоқ (ПИ) вице-президенти Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси вакиллари ПИ Ижроия қўмитасининг 291-йиғилишида иштирок этишди. ПИнинг 147-Ассамблеяси доирасида ташкил этилган йиғилиш Ангола давлатининг Луанда шаҳрида бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 23 октябридан 27 октябрига қадар Парламентлараро Иттифоқнинг 147-Ассамблеяси ўтказилмоқда. Кеча, 23 октябрь куни ушбу Ассамблеянинг тантанали очилиш маросимида ҳам мамлакатимиздан борган делегация аъзолари иштирок этишди.
Унда Парламентлараро Иттифоқнинг 139 та аъзо мамлакатлари, хусусан МДҲ мамлакатлари, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Беларусь Республикаси, Россия Федерацияси, Украина ва Ўзбекистон Республикаси парламентининг 1500 нафардан ортиқ вакиллари қатнашди.
Ассамблея кун тартибида кўтарилган асосий мавзу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларининг Тинчлик, одил судлов ва кучли институтларни ривожлантиришга қаратилган 16-мақсади билан узвий боғлиқ бўлди. Мажлис ишида фуқаролар ва давлат тузилмалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, давлат идоралари фаолиятининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Ўрни келганда таъкидлаш керак, Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқ билан сермаҳсул ҳамкорлиги жадал ривожланиб бормоқда. Ассамблеяда иштирок этаётган кўплаб хорижий сиёсатчилар, парламентлар аъзолари Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори даражада баҳолашмоқда. Айниқса, халқаро майдонда юз бераётган глобал муаммоларга тўғри ечим, ташаббус беришда бошқа давлатларга ҳар томонлама ўрнак кўрсатаётганини эътироф этишди.
Юқори даражада ташкил этилган Ассамблеяда иштирок этувчи вакилларга миллий парламентларни ривожлантиришга қаратилган бир қатор илмий, ижтимоий, сиёсий рисолалар тарқатилди.
Ассамблея доирасида Иттифоқнинг барча маъмурий идоралари, хусусан, Ижроия қўмита, Бошқарувчи кенгаш, тўртта доимий қўмиталар, парламентлар Аёл раҳбарлари форуми, Ёшлар парламентлари форум ва инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмиталар ўз йиғилишларини ўтказади.
ПИ Ижроия қўмитаси йиғилиши кун тартибига кўра, ПИ Бош котиби ва Президентининг фаолиятига доир ҳисоботлари тингланди. Бундан ташқари, Қўмита дунёнинг турли мамлакатлари, хусусан, Уругвай, Мисрда ҳам ПИнинг ваколатхоналарини очиш, ташкилот аъзо ва кузатувчиларининг сафини кенгайтириш ҳамда таъқиб қилиш ва зўравонликка қарши курашиш борасида уюшманинг сиёсатини белгилаш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда нутқ сўзлаган А.Саидов кейинги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган янги демократик ва эркин мамлакатни яратишга қаратилган кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар мамлакатда ижтимоий адолатга эришиш учун мақбул шароитларни яратишга хизмат қилаётганини қайд этди. Бу жараёнда гендер тенгликни таъминлаш масалаларига қаратилаётган эътибор муҳим аҳамият касб этаётганлиги, мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган асосли ташаббуслар илгари суриб келинаётганлиги натижасида меҳнат бозорида тенгсизликни бартараф қилиш ва уларнинг манфаатларини янада кучли ҳимоя қилишга қаратилган миллий стратегия ва қонунчилик шакллантирилганлиги таъкидланди.
Хусусан, биргина 2019 йилнинг ўзида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ, имкониятларнинг кафолатланишига қаратилган қонунлар қабул қилинганига алоҳида урғу қаратилди.
Парламент Иттифоқи Ижроия Қўмитаси йиғилиши давомида ПИга аъзо-давлатлар парламентлари билан ўзаро алоқаларни ривожлантиришни мувофиқлаштириб турувчи элчи, ИҚнинг ташқи алоқалар бўлими директори Анда Филип ўз нутқида Янги Ўзбекистонни барпо этишга, мамлакатда эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган конституциявий ислоҳотлар муваффаққиятли ва демократик тамойиллар асосида ўтказилганини эътироф этди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Парламентлараро Иттифоқ дунё мамлакатлари парламентларини бирлаштириб турувчи, 180 та доимий ва 15 та шўъба аъзоларни ўз ичига олувчи, жаҳондаги энг узоқ йиллик тарихга эга халқаро уюшма ҳисобланади.
- Қўшилди: 25.10.2023
- Кўришлар: 3374
- Чоп этиш