23-24 октябрь кунлари А.С.Грибоедов номидаги Москва университетида “Грибоедовхонлик анжумани” бўлиб ўтди. Байрам тадбири ушбу олий таълим бўйича хусусий таълим муассасаси ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланди.
Москва университети раҳбариятининг расмий таклифига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов мазкур анжуманда фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Ўзбек ҳуқуқшунос олими “Янги Ўзбекистоннинг халқаро-ҳуқуқий қиёфаси: назария ва амалиёт” мавзусида маъруза қилди.
Ўзбекистон ҳозирги замон халқаро ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосидир. Мамлакатимизнинг ушбу халқаро-ҳуқуқий мақоми, авваламбор: давлат суверенитети тушунчасининг туб моҳиятида; давлатнинг замонавий халқаро муносабатлардаги ҳуқуқий хулқ-атворини белгиловчи омилларда; муайян миллий манфаатларни шакллантириш шарт-шароитларида; мамлакатнинг ҳуқуқий ҳаракатлари ва ёндашувларига халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан бериладиган баҳо ҳамда бунинг замонавий халқаро ҳуқуқ тараққиётидаги аҳамияти мисолида намоён бўлади.
Шу нуқтаи назардан, Янги Ўзбекистоннинг халқаро-ҳуқуқий сиёсати концепцияси – давлатимизнинг замонавий халқаро ҳуқуқ талаблари доирасидаги тизимли ёндашувга асосланган ташқи ҳуқуқий сиёсати назариясидир. Зеро, ҳар бир миллий суверен давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам тегишли халқаро-ҳуқуқий сиёсатни амалга оширади. Бунда ушбу сиёсат замирида айни вақтда яратилаётган, талқин қилинаётган ва қўлланаётган халқаро ҳуқуқ нормаларининг мазмун-моҳиятига оид давлатнинг тегишли халқаро-ҳуқуқий қарашлари ва ҳужжатларини амалга ошириш орқали амалдаги замонавий халқаро ҳуқуққа таъсир кўрсатиш мақсади ётади.
Янги Ўзбекистоннинг халқаро-ҳуқуқий амалиётини ўрганиш, ўз навбатида, халқаро ҳуқуққа миллий ёндашувнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлашга йўл очади. Бу жараёнда, айниқса, долзарб ҳамда аниқ минтақавий ва глобал ҳуқуқий муаммолар бўйича жорий ёндашувларнинг илмий-назарий, амалий-ташкилий, ўқув-маърифий, дипломатик ва ташқи сиёсий аҳамиятини тўғри баҳолаш истиқболдаги халқаро-ҳуқуқий қадамларни тўғри башорат қилиш имконини беради.
Академик А.Саидов қайд этганидек, Янги Ўзбекистон халқаро-ҳуқуқий сиёсатининг назарий-амалий аҳамияти қуйидагилар билан изоҳланади:
биринчидан, мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги ҳуқуқий сиёсатининг илмий асосланган концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурати. Шу билан бирга, гап сиёсий-ҳуқуқий тартибга солиш механизмини яратиш ҳамда халқаро-ҳуқуқий сиёсатнинг мақсад ва вазифалари, устувор йўналишлари ва асосий йўналишлари, тамойиллари билан бир қаторда, уни амалга оширишнинг ўзига хос воситалари ва механизмларини ҳам белгилаш ҳақида бормоқда;
иккинчидан, давлатнинг халқаро-ҳуқуқий сиёсати воситалари ва имкониятларидан максимал даражада самарали фойдаланиш лозим;
учинчидан, жаҳонда рўй бераётган глобал жараёнларнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида глобал ва минтақавий инқирозларнинг юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларини олдиндан кўриш ва уларга ўз вақтида жавоб бериб бориш тақозо этилади;
тўртинчидан, минтақавий ва глобал миқёсда давлатнинг миллий манфаатларини босқичма-босқич амалга ошириш учун халқаро-ҳуқуқий сиёсат имкониятларидан фойдаланиш, шу орқали халқаро-ҳуқуқий сиёсатнинг стратегик мақсадларига эришишни таъминлаш жуда фойдали ҳисобланади;
бешинчидан, халқаро-ҳуқуқий сиёсат Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги тўлиқ ҳуқуқлари ва нуфузини оширишга хизмат қилади;
олтинчидан, халқаро-ҳуқуқий сиёсат миллий ҳуқуқий ва халқаро-ҳуқуқий кафолатлар бирлигини ва уларнинг мақбул даражада ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлайди.
Янги Ўзбекистоннинг халқаро-ҳуқуқий сиёсатини самарали амалга ошириш кўп жиҳатдан халқаро-ҳуқуқий соҳадаги устувор йўналишлар ва йўналишларнинг тўғри белгиланишига боғлиқ. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Ўзбекистон олдида турган минтақавий ва жаҳон миқёсидаги энг муҳим вазифаларни ҳал этишга катта ёрдам беради.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш Янги Ўзбекистон халқаро-ҳуқуқий сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишидир. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бир-бирига уйғун, мувофиқлаштирилган ҳамда ўзаро боғлиқ учта, яъни: миллий; минтақавий; универсал даражага асосланиши керак.
Шу билан бирга, давлат халқаро-ҳуқуқий сиёсатнинг асосий субъекти бўлиб, нафақат ўз манфаатларини, балки фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳам “дирижёри” сифатида ишлайди. Бинобарин, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси халқаро-ҳуқуқий сиёсатининг умуминсоний ва минтақавий халқаро ҳуқуқий кафолатлар мажмуи билан тўлдириладиган миллий тизимни яратишга қаратилган энг долзарб вазифаларидан биридир.
Россия Федерацияси пойтахтида бўлиб ўтган икки кунлик “Грибоедовхонлик анжумани”нинг тўртта ялпи мажлиси ҳам қизғин илмий-назарий мунозараларга бой бўлди. Офлайн ва онлайн тарздаги муҳокамаларда таниқли ҳуқушунос ва сиёсатшунослар, педагог ва психологлар, давлат ва жамоат арбоблари, шунингдек, ёш олимлар ва журналистлар иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.10.2023
- Кўришлар: 3279
- Чоп этиш