МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШЛАШ

МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШЛАШ

Бу жараёнда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил таъминланмоқда

 

“Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи  бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар,  таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”.

 Ушбу ҳуқуқий нормалар Конституциямизнинг 40-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни таъминловчи ва миллий идоралараро мувофиқлаштирувчи ташкилот – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ана шу конституциявий талаблар доирасида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими изчил фаолият кўрсатмоқда.

Миллий марказга жорий йилнинг 9 ойида жами 1 минг 100 та мурожаат келиб тушган. Яъни, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан мурожаатлар сони 62 тага кўпайган.

Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларнинг суд-тергов органлари қарорлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик тарзидаги шикоятлари кўпчиликни ташкил қилади. Бундай ҳолат олдинги йилларда ҳам кузатилган.

Рўйхатга олинган мурожаатларнинг 1 минг 69 таси – 97,1 фоизи “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талаблари негизида ўрганилган ҳамда тегишли ташкилот ва идораларга кўриб чиқиш учун йўналтирилган. Қолган 31 таси, яъни 2,9 фоиз мурожаатлар мазкур қонунга мос келмаганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилган.

Шунингдек, Миллий марказнинг “Жисмоний ва юридик шахслар қабулхонаси”даги юзма-юз мулоқотлар асносида 305 та мурожаат қабул қилиниб, 200 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Мурожаатлар билан ишлаш бўлими ходимлари томонидан телефон орқали ҳам 1 минг 500 нафардан зиёд мурожаат эгаларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши таъминланган.

Бу масъулиятли жараёнларда 350 дан ортиқ мурожаат бўйича Миллий марказнинг хулоса ва тавсияси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун тааллуқли идораларга  юборилган. Шу асосда 71 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланган, яна бир қанча мурожаат эгаларининг ҳуқуқлари амалга оширилишига кўмак берилган.

Миллий марказ томонидан турли давлат органларига киритилган таклиф ва тавсиялар асосида фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланганлиги билан боғлиқ айрим ҳолатлар юзасидан мухтасар маълумот беришга жазм этдик.

Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи М.А.нинг ўғли М.А.га нисбатан юритилган жиноят иши бўйича оғир жазо қўлланилганидан норозилиги ҳақида Миллий марказга келиб тушган мурожаати бўйича Сирдарё вилоят судига тавсия киритилган. Ушбу судланувчи ҳимоячисининг берган апелляция шикоятига кўра ўзига нисбатан ортиқча қўйилган айблов бўйича оқланиб, Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жарима жазоси тайинланган ҳолда, суд залидан қамоқдан озод этилган.

Навоий вилоятида яшовчи фуқаро М.Т. эса Учқудуқ тумани ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича айбланувчи турмуш ўртоғи А.Т.га нисбатан асоссиз равишда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганлиги ҳамда у билан учрашишга рухсат берилмаётганлиги тўғрисида Миллий марказга мурожаат йўллаган. Бу ҳолат бўйича Навоий вилояти прокурори номига киритилган тавсияга биноан, тергов ҳаракатлари якунига кўра А.Т.га нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилган.

Андижон вилоятида яшовчи фуқаро Г.А.нинг ҳам худди шу мазмундаги мурожаати бўйича Тошкент шаҳар прокурорига Миллий марказнинг тавсия хати киритилган. Натижада мурожаат эгасининг  турмуш ўртоғи бўлмиш Э.А.га нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилган.

Шунингдек, Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро Ф.Б.нинг Миллий марказ Виртуал қабулхонасига онаси Г.Т.га нисбатан жиноят иши бўйича етказилган зарар қопланган бўлишига қарамасдан эхтиёт чораси ўзгартирилмаётганидан норози бўлиб йўллаган мурожаати кўриб чиқилди. Пировардида Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида Жиззах вилоят судига киритилган тавсия хати қаноатлантирилган: Г.Т.га нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси суд ажрими асосида “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чорасига ўзгартирилиб, судланувчи тергов ҳибсхонасидан озод қилинган.

Миллий марказ томонидан айрим мурожаатлар бўйича киритилган таклиф ва тавсиялар асосида фуқароларнинг бузилган шахсий ҳуқуқлари тикланганига ҳам бир қанча мисоллар  келтириш мумкин. Жумладан, Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаро Д.Т. ўз фарзанди – ички ишлар идораси ходими О.Т.га нисбатан жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилиниб, унинг оқланишида амалий ёрдам сўраган.

Фуқаро Д.Т.нинг ёзма мурожаати юзасидан Миллий марказ Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига киритган тавсия хати қаноатлантирилган. Маҳкум О.Т.га нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси талабларига биноан оқлов ҳукми чиқарилган.

Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Х.Х. ҳам ўз фарзанди И.О.га оид жиноят иши биринчи босқич судида ҳар томонлама кўрилиб, қонуний қарор қабул қилинишида амалий ёрдам сўраган. Унинг ёзма мурожаатига биноан Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судига тавсия хати киритилди ва судда Миллий марказ вакили иштирок этди.

Суд И.О.га нисбатан Жиноят кодексининг айбланган моддасида кўрсатилган энг кам жазодан ҳам енгилроқ жазо тайинлади. Бошқача айтганда, мурожаат муаллифининг талаблари қаноатлантирилиб, судланувчи И.О. суд залидан озод этилди.

Шу билан бирга, Миллий марказ киритган тавсияларга биноан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳам тикланмоқда. Бу жараёнда мурожаат эгаларига моддий зарар ундириб берилиши таъминланган ҳолатлар ачагина. Хусусан:

  • фуқаро Х.А.га – қарздор У.Э.дан 9,8 млн сўм миқдоридаги алимент қарздорлиги алимент тўловлари жамғармасидан;
  • фуқаро Г.Э.га – қарздор У.Ж.дан 1,4 млн. сўм алимент пули;
  • фуқаро Ж.Ш.га – қарздор Д.Б.дан 21,9 млн. сўм моддий зарар миқдори;
  • фуқаро М.С.га – қарздор И.Х. ҳисобидан 22,5 млн сўм моддий зарар миқдори;
  • фуқаро Р.Х.га – ишлаган ташкилот ҳисобидан 3 ойлик иш ҳақи;
  • фуқаро Б.Х.га – ишлаган ташкилоти хисобидан тўланмасдан келган 8 млн. сўмга яқин иш ҳақи тўлиқ ундириб берилган.

Яна бир мисол: Бухоро вилоятида яшовчи болаликдан 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Н.С.нинг мурожаати асосида Миллий марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тавсия киритган. Шунга кўра, фуқаро Н.С. ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар рўйхатига киритилиб, унга “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан якка тартибдаги дастур асосида ижтимоий хизматлар кўрсатиладиган бўлди.

Миллий марказга мурожаат қилган фуқаро Ф.П. ҳам Бухоро вилоятида яшайди. У суднинг тегишли қарори билан оқланган бўлиб, жиноий жавобгарликка тортилгунига қадар ишлаб келган лавозимига ишга тикланиши тўғрисидаги суд қарори ижроси таъминланмаётганидан норози бўлиб шикоят ёзган.  

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига прокурор назорати ўрнатиш учун тавсия хати киритилди. Натижада назорат-текширув ҳаракатлари давомида фуқаро Ф.П.нинг ҳуқуқлари тикланди ва у олдинги ишлаган лавозимига тенг иш билан таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, Миллий марказ жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакиллари мурожаатларини кўриб чиқишда ўз ваколати доирасида манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали иш олиб бормоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши керак”.

 

Отабек Норбоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими

бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech