23 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусидаги халқаро форум бўлиб ўтди. Ушбу жаҳон анжумани Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури” доирасида ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигига бағишланган мазкур форумда ҳамкор миллий ва халқаро ташкилотларнинг нуфузли намояндалари, халқаро экспертлар ва Марказий Осиё минтақаси ёшлари вакиллари сўзга чиқди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ўз видеомурожаатида, жумладан, шундай деди:
– Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бугунги ёшлар ва истиқболдаги авлодлар учун тинч, адолатли ва баркамол келажакни таъминлаш воситаларини тақдим этганига қатъий ишончим комил. Бу йил Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказаётган тадбирларимиздан мақсад фақат ортга, БМТ тарихига назар солишдангина иборат эмас.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси турли фуқаролик жамияти институтларининг кўпайишига имкон берди. Шунингдек, дунёни ўзгартиришга, мустамлака ҳукмронлигидан мустақиллик, шахсий, сиёсий ва иқтисодий эркинлик учун курашни кучайтиришга ёрдамлашди.
Айни чоғда, биз бугун инсоният келажагининг таянчи ва суянчи бўлган миллионлаб ёшлар ҳақида гапиришимиз керак. Ёшлар ҳаракати аксариятимизни соғлом сайёра ва инклюзив келажакка бўлган ҳуқуқларимизни илгари суриш бўйича узоқни кўзлаган ва истиқболли саъй-ҳаракатлари билан доим илҳомлантириб келмоқда.
Ёшларнинг камситиш, маҳрумлик ва ишончсизликдан холи яшаш, шунингдек, ҳаётимизга таъсир қиладиган қарорларнинг қабул қилинишида бевосита иштирок этишга тааллуқли ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва кафолатлаш жуда муҳим. Чунки кўпгина ёшлар сиёсатда иштирок этиш ва давлат қарорларини қабул қилиш, ишга жойлашиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш каби соҳаларда ҳали ҳам муайян тўсиқ ва қийинчиликларга дуч келмоқда.
Шу маънода, ҳукуматлар ва давлатга қарашли ҳамда хусусий муассасалар масъул шахслари ёшларнинг ўй-ташвишларига қулоқ тутишлари даркор. Бунда навқирон инсонлар ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишлари учун зарур барча чораларни кўриш тақозо этилади.
Мазкур Форум Ўзбекистоннинг бу борада қўйган кўплаб муҳим қадамларидан биридир. Бу халқаро анжуман инклюзив ва тинч жамиятларни барпо этишда ёшларнинг улкан ролини таъкидлаш учун қулай имконият ҳисобланади.
Тошкент халқаро форуми Марказий Осиё ёшлари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўрганишлари, энг муҳими, қарор қабул қилувчиларга ўз муаммолари ва ташвишларини билдиришлари учун эркин мулоқот майдонидир. Бу ерда ёшлар инсон ҳуқуқлари улар учун нимани англатишини ва инсон ҳуқуқлари учун қандай келажакни хоҳлашларини баралла билдириш имконига эгадирлар.
Форум давомида ўтказилган маслаҳатлашувлар орқали ёшлар жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий даражадаги тадбиримизда тақдим этиладиган “Инсон ҳуқуқлари-75” ташаббусининг асосий натижаларидан бири бўлган Ёшлар декларациясини ишлаб чиқишга муносиб ҳисса қўшадилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
"Куч-адолатда" газетаси 2023 йил, 27 октябь № 46
- Қўшилди: 27.10.2023
- Кўришлар: 3599
- Чоп этиш