«Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак». Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан айтилган ушбу сўзлар давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда илгари сурган ёшлар масаласи бўйича 20 дан ортиқ миллий, минтақавий ва халқаро ташаббусларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани мисолида ўзининг яққол амалий тасдиғини топмоқда.
Жорий йил 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида «Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари» мавзусида халқаро форум ўтказилгани – Юртбошимизнинг бу борадаги яна бир ташаббуси рўёбга чиққанидан далолат беради. Чунки Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган ушбу жаҳон анжумани Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури”да кўзда тутилган.
Халқаро форумни ўтказишдан асосий мақсад, аввало, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш учун халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларнинг қўлланилиши соҳасини холис таҳлилдан ўтказишдан иборат бўлиб, бу борада ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини ҳимоя қилиш механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича атрофлича ўзаро фикр алмашилгани айни муддао бўлди.
Жаҳон анжумани доирасида, шунингдек, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳимлиги борасида жамиятнинг хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Янада муҳими, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул амалиёти ва самарадор механизмлари муҳокама қилинди ҳамда бу йўналишдаги илғор тажрибалар ўрганилди.
Халқаро форумнинг асосий миллий ташкилотчиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади. Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Форумни ташкил этишда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Олий комиссар Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТТДнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт номидаги жамғарма каби халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилди.
Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро форум гибрид шаклида ўтказилди ва унда Марказий Осиё мамлакатларидаги ёшлар ташкилотлари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтларининг 800 дан зиёд вакили қатнашди. Жами иштирокчиларнинг 85 фоизини асосан ёшлар ташкил этиб, шундан 200 нафари – оффлайн ва 600 нафари онлайн тарзда иштирок этди.
Форумда, шунингдек, 10 та халқаро ва 5 та минтақавий ташкилот, минтақамизнинг ўндан ортиқ ёшлар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, Ўзбекистонда аккредитация қилинган ўнлаб дипломатик ваколатхоналар намояндалари ҳам қатнашди. Халқаро ва хорижий иштирокчиларнинг умумий сони 50 нафардан зиёдни ташкил этди.
Халқаро форумда замонавий жамият ҳаётининг муҳим жабҳаларида ёшларнинг ўрни ва таъсирига, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича амалдаги халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ҳамда механизмларга оид кенг кўламли масалалар чуқур ҳамда синчиклаб муҳокама қилинди. Фикримизча, ёшлар форуми қуйидаги асосларга кўра долзарб ва муҳим воқеа ҳисобланади:
- у муҳим воқеалар: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида бўлиб ўтди.
- Форум аҳолисининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этувчи Марказий Осиё минтақасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бирлашиш ва ҳамкорлик қилишнинг рамзий ифодаси бўлди.
- Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Aссамблеясининг 78-сессиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Ишчи гуруҳни ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини амалга ошириш доирасида ўтказилди.
- Форум шакли ҳамда мазмуни жиҳатидан ўзига хослиги билан ажралиб турди. Мазкур жаҳон анжумани Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан кўплаб ёшларни, шунингдек, мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан ўндан ортиқ олий таълим муассасалари талабаларини ўз таклифларини билдиришга ундаш мақсадида ягона мулоқот майдонида бирлаштирди.
- Форум майдонида ёшлар билан ўтказилган маслаҳатлашувлар натижалари 2023 йил декабрь ойида Женевада ўтадиган юқори даражадаги тадбирда тақдим этилиши режалаштирилаётган “Инсон ҳуқуқлари–75” ёшлар декларацияси лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилади.
Тошкент халқаро форумининг ўзига хослиги ушбу халқаро-ҳуқуқий анжуман доирасида ташкил этилган ранг-баранг маънавий-маърифий тадбирлар мисолида ҳам ёрқин намоён бўлди. Хусусан, халқаро форумнинг очилиши ноанъанавий тарзда бошланди. Муҳташам мажлислар зали узра Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси иқтидорли ёшлар ижросида ўзбек, инглиз ва рус тилларида янгради.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар, ўзбек шоир ва ёзувчиларининг сара асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмадан 100 та номдаги 200 дан ортиқ китоб ва илмий журналлар жой олди. Илмий-техник кашфиётлар ва ёш ихтирочиларнинг “старт-ап” лойиҳалари намойиши ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Халқаро форум доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида талабалар учун маҳорат дарси ташкил қилинди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институтида мамлакатимизнинг тўртта минтақасида жойлашган Наманган, Нукус, Самарқанд ҳамда Термиз давлат университетлари юридик факультетлари талабалари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Марказий Осиё ёшлар форумининг очилиш қисмида иштирокчиларни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи видеомурожаат орқали табриклади. Шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси номидан – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили в.б. Жофри Ижумба, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти амалдаги раисининг Ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жаку ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси вакили Муҳаммад Лавал Сулаймоннинг қутлов сўзлари тингланди.
Халқаро форум иштирокчилари бир қатор жуда муҳим хулосаларни баён этдилар. Энг асосийси, жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ёшларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида олиб бораётган сиёсатни ҳамда бу борада илгари сураётган ташаббусларини юксак баҳолаши алоҳида таъкидланди.
Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ёшлар анжуманини ташкил қилгани учун мамлакатимиз Ҳукуматига миннатдорчилик билдириб, мазкур Форум Ўзбекистоннинг бу борада қўйган кўплаб муҳим қадамларидан бири эканини эътироф этди.
Ф.Тюркнинг таъкидлашича, “Тошкент халқаро форуми Марказий Осиё ёшлари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўрганишлари, энг муҳими, қарор қабул қилувчиларга ўз муаммолари ва ташвишларини билдиришлари учун эркин мулоқот майдонидир. Бу ерда ёшлар инсон ҳуқуқлари улар учун нимани англатишини ва инсон ҳуқуқлари учун қандай келажакни хоҳлашларини баралла билдириш имконига эга бўладилар Бу халқаро анжуман инклюзив ва тинч жамиятларни барпо этишда ёшларнинг улкан ролини таъкидлаш учун қулай имконият ҳисобланади”.
Ўз навбатида, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили в.б. Жофри Ижумба қайд этганидек, ёшларнинг ўз салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқаришлари учун имкониятларни кенгайтириш БМТнинг Тошкентдаги жамоаси учун асосий устувор йўналиш ҳисобланади. Ушбу стратегик мақсад БМТнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик дастурида ўз ифодасини топган. Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича синов лойиҳасига жалб этилган дастлабки ҳамкор давлатдир.
Ж.Ижумбанинг сўзларига кўра, “Ўзбекистоннинг бўлажак етакчилари – моҳир дипломатлар, сиёсатчилар, парламент аъзолари, давлат хизматчилари, ҳуқуқшунослар бўлиб етишадиган бугунги ёшлар долзарб глобал муаммоларни миллий муаммолар билан уйғунликда таҳлил қилиш борасида тегишли кўникма ва билимга эга бўлишлари зарур. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда, айни жараёнларда ҳеч ким ортда қолмаслигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда Ўзбекистонда инсон салоҳиятини юксалтиришга катта аҳамият берилмоқда. Ўзбекистон бугун ўзининг ёш кадрлари билан ҳар қачонгидан ҳам кучли эканига шубҳа йўқ”.
Бундан ташқари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти амалдаги раисининг Ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жаку халқаро форум иштирокчиларини ЕХҲТнинг амалдаги раиси номидан қутлар экан, ЕХҲТ ёшларга тааллуқли ғоялар алмашинуви йўлида ҳар қандай имкониятдан фойдаланишга тайёрлигини билдирди. М.Жакунинг фикрича, ЕХҲТ учун ёшлар билан ишлаш жуда муҳим аҳамиятга эга, чунки аҳолининг айни шу қатлами адолатли ва инклюзив жамиятнинг тамал тоши саналади. Шу маънода, Тошкент халқаро форуми иштирокчилари, умуман, барча ёшларга хос бўлган шиддат-шижоат, эзгу ғояларга садоқат, сабот ва қатъият ижобий ўзгаришларга йўл очиб, бугун ҳаммамиз тўқнаш келаётган мураккаб муаммоларга ечимлар топилишида илҳомбахш омил бўлиши тайин.
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси вакили элчи Муҳаммад Лавал Сулаймон Форум ташкилотчиларига ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ғамхўрликлари, шу жумладан, 2019 йили Тошкентда ИҲТнинг ёшлар ҳуқуқлари бўйича олтинчи йиллик семинари муваффақиятли ўтказилгани учун миннтдорчилик изҳор қилди. У 2025 йилда дунё аҳолисининг салкам учдан бир қисми ёшлардан иборат бўлишига эътибор қаратиб, навқирон инсонлар жамиятни ҳаракатга келтирувчи таянч кучларга айланишлари учун етарли шижоат, салоҳият ва ташаббускорлик лаёқатига эгалигини таъкидлади. Шу маънода, ИҲТ вакили ёшларнинг ҳуқуқлари таъминланиши ва уларнинг раҳбарий вазифаларда ишлашлари учун кенг йўл очилишида Тошкент халқаро форуми натижалари ўзга хос ўрин тутишига ишонч билдирди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси раҳбари Матилда Богнер Тошкент халқаро форумининг биринчи ялпи мажлисга модераторлик қилди. Унинг фикрича, мазкур анжуман аҳолисининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этувчи Марказий Осиё минтақасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлашда ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликнинг ўзига хос рамзидир.
Яқинда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Aссамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёшлар соҳасида яна бир муҳим ташаббусни – БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус Марказий Осиё минтақасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ва амалга оширишдан энг юқори даражада манфаатдорликнинг ўзига хос намунасидир. Чунки, Марказий Осиёда аҳолининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этиши назарда тутилса, ёш авлод, унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалалар алоҳида аҳамият касб этиши янада яққол аён бўлади.
М.Богнер таъкидлаганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини самарали амалга ошириш, бағрикенглик, камситилмаслик, тенгликни тарғиб қилиш, низоларнинг олдини олиш ва экстремизмга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга. Инсон ҳуқуқлари бўйича самарали таълим нафақат инсон ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида билим беради, балки кундалик ҳаётда инсон ҳуқуқларини илгари суриш, ҳимоя қилиш ва амалга ошириш учун зарур бўлган кўникмаларни ҳам ривожлантиради. Форумда ёшлар ҳуқуқлари соҳасида келгусидаги амалий ишлар ва сиёсий ташаббуслар учун асос бўладиган резолюция ва таърифлар ишлаб чиқиш бўйича илгари сурилган амалий таклифларда ана шу ҳаётий ҳақиқатлар ўз аксини топди.
БМТТДнинг зўравон экстремизмнинг олдини олиш масалалари бўйича халқаро эксперти Жозеф Гайт ёшларни экстремистик оқимларга жалб этишга қаратилган сайтлар мавжудлиги сабабли жиддий хавф мавжудлиги ва бу борада ёшларга танқидий фикрлаш, бундай мазмунни англаш ва ушбу маълумотларга қарши курашиш кўникмаларини ўргатиш зарурлиги ҳақида гапирди. Унинг фикрича, сўз эркинлиги ҳуқуқини бузмаган ҳолда, бундай сайтлар фаолиятини чеклаш масаласига ойдинлик киритиш зарур. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар таркибини ёшлар билан ишончли муҳитда мулоқот қилишга ўргатиш, бунда ўз фикрини эркин ифода этиш, бошқаларнинг турлича фикрларини баҳолаш ва ҳурмат қилиш масалаларида кўмаклашиш тавсия этилди.
Галлаудет университети битирувчиси Дамир Тузмуҳамедов ўз нутқида АҚШнинг инклюзив таълим соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди. Маърузачи Галлаудет университети мисолида имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқлари қандай амалга оширилаётгани ҳақида гапирди. Бу дарслар америкача имо-ишора тилида ўтиладиган дунёдаги ягона университет бўлиб, унда аксарияти кар ва эшитиш қобилияти паст профессор-ўқитувчилар дарс ўтади.
Маърузачи ногиронлиги бўлган ва эшитиш қобилиятини йўқотган инсонларга ҳам кенг қамровли таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайдиган АҚШ қонунларига иштирокчилар эътиборини қаратди. Америка Қўшма Штатлари таълим тизимидаги муваффақиятли дастур ва амалиётлар барча талабалар учун уларнинг жисмоний ёки психологик хусусиятларидан қатъи назар, тенг имкониятларни таъминлашга қаратилганилгани билан аҳамиятлидир.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг ёшлар ҳуқуқлари бўйича эксперти Дарья КОШЕЛЕВА шу йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган олий даражадаги тадбирда тақдим этиладиган "Инсон ҳуқуқлари-75" ёшлар декларациясини ишлаб чиқиш жараёни ҳақида гапирди. У Ўзбекистоннинг ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан жорий ҳамкорлигини ижобий баҳолар экан, “Биз Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқларини, жумладан, халқаро миқёсда тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар қилинаётганини кўриб турибмиз. Биз Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва ушбу форум ёшлар ҳуқуқларини нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда янада илгари суришига ишонамиз”, деб таъкидлади.
Иштирокчилар томонидан халқаро форумнинг якуний ҳужжати – Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё декларацияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Форумнинг асосий натижалари ва амалий тавсиялари ўз мужассамини топган ушбу муҳим ҳужжат истиқболда ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги янги саъй-ҳаракатлар ва илғор ташаббуслар учун мустаҳкам тагзамин вазифасини ўташига ишонч билдирилди.
Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё декларацияси лойиҳасини муҳокама қилиш асносида бир қатор асосий тавсиялар илгари сурилди.
Биринчидан. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ва ёшларнинг ижодий салоҳиятини рағбатлантириб бориш лозим. Бунда мунтазам равишда таълим кампаниялари ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда турли маърифий тадбирларини ўтказиш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тинчлик ва бағрикенглик маданияти ҳақида хабардорликни оширишга урғу берилади.
Иккинчидан. Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳужжатлар ва БМТ қарорларидан раҳбарий қўлланма сифатида фойдаланган ҳолда, ёшлар сиёсати соҳасида комплекс ва мақсадли миллий дастур ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни янада кенг амалиётга татбиқ этиш керак.
Учинчидан. Инклюзив таълимни таълим тизимининг барча босқичларида жорий этиш зарур. Бу, ўз навбатида, ногиронлиги бўлган ёшларнинг жамиятга тўлиқ интеграциялашуви учун уларга сифатли таълим беришга хизмат қилади.
Тўртинчидан. Ёшларнинг ОИВ/ОИТС касаллиги ва репродуктив саломатлик ҳақида хабардорлигини ошириш учун соғлом ҳаётга оид таълим кўламини кенгайтириш зарур.
Бешинчидан. Барқарор ривожланиш соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал этишда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиё давлатлари ўртасида ёшлар делегациялари алмашинувини қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқдир.
Ҳеч шубҳасиз, пойтахтимизда конструктив, ижодий ва ишчан муҳитда бўлиб ўтган «Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари» мавзусидаги халқаро форум якунлари барчамизга янги саъй-ҳаракатлар учун беқиёс рағбат бағишлади. Шу муносабат билан миллий ва халқаро ҳамкорларимизга Форумни ўтказишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганликлари учун, оффлайн ва онлайн қатнашган жами иштирокчиларга эса ғоятда фаолликлари учун яна бир бор миннатдорчилик билдирамиз.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти ҳар қандай жамиятнинг барқарор ривожланишида ёшларнинг муҳим ўрин тутишини англаган ҳолда халқаро майдонда мунтазам равишда муҳим ташаббуслар билан чиқаётгани бежиз эмас. Чунки давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир”.
Aкмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси
«Халқ сўзи» газетасининг 2023 йил 28 октябрь кунги 230 (8573)-сони
- Қўшилди: 30.10.2023
- Кўришлар: 4268
- Чоп этиш