Кейинги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг илмий асослари таъминланиши самарадорлик учун муҳим мезон бўлмоқда. Зеро, илм-фан жамият тараққиёти ва фаровонлигининг асосий омилидир. Ўзбекистон заминида етишиб чиққан улуғ алломалар, буюк мутафаккирларнинг бутун жаҳон илм-фани, маърифати, маданияти, ижтимоий-иқтисодий тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Биринчи ва Иккинчи Шарқ Ренессанси номи билан тарихга кирган. Бугунги кунда олимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида давлатнинг устувор вазифалари ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 27-моддасига биноан, инсон “илмий тараққиётда қатнашиш ва унинг неъматларидан баҳраманд бўлиш...”, “ўзи муаллифи бўлган илмий, адабий ёки бадиий асарлар юзасидан маънавий ва моддий манфаатлари ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга”лиги илмий тадқиқотларга бўлган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишига халқаро ҳуқуқий асос яратади.
Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 15-моддасига мувофиқ, давлатлар “илмий-тадқиқот ва ижодий фаолият учун зарур бўлган эркинликни ҳурмат қилиши” шартлиги тўғрисидаги норма эса Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси билан белгиланган қоидаларга мажбурий тус берди.
ЮНЕСКОнинг фан ва илмий тадқиқотчилар тўғрисидаги 2017 йилги тавсиясида илм-фан жамият манфаатларига хизмат қилиши ва глобал муаммоларни бартараф этиши учун зарурлиги эътироф этилган.
Шунингдек, 10 ноябрь — Умумжаҳон фан куни, деб эълон қилинган бўлиб, 2002 йилдан бошлаб ҳар йили шу куни фан, илмий тадқиқотга бўлган ҳуқуқ ва эркинликнинг тараққиётига бағишлаб бутун дунёда турли тадбирлар ўтказилиши қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси 2020 йилда қабул қилган фан, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларга оид 25-сонли умумий тартибдаги мулоҳазасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш эркинлиги ва ҳуқуқини ҳурмат қилиш ҳамда ундан фойдаланишга тўсиқ бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай камситиш шаклларини бартараф этиш назарда тутилган.
Янги Ўзбекистонда билимга ва инновацияларга асосланган ижтимоий- иқтисодий тараққиёт босқичига ўтиш жараёнини амалга оширишда асосий эътибор интеллектуал капиталга, унинг ташкилий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий асосларини шакллантириш, илм-фан билан шуғулланиш ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашга қаратилмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқ қолган ҳолда, инсоннинг илмий тадқиқот эркинлиги ва ҳуқуқлари тўла таъминланишига қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.
Биринчидан, тобора глобаллашаётган дунёда Ўзбекистоннинг инсон қадри улуғланадиган мамлакат сифатида ўз ўрнига эга бўлиши, ислоҳотлар марказига инсон қадр-қиммати қўйилиши илмий тадқиқотларга бўлган ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатлари кучайишини ҳам таъминламоқда.
Иккинчидан, референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бағишланган нормалар ҳажм ва мазмуни бўйича кенгайтирилди. Жумладан, интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши мустаҳкамлаб қўйилди.
Учинчидан, илмий тадқиқотга бўлган ҳуқуқни таъминлашнинг қонунчилик асослари кучайтирилди. “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа 20 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Шунингдек, қабул қилинган дастурий ҳужжатларда, жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида илмий тадқиқотларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тўртинчидан, илмий тадқиқотларга бўлган ҳуқуқни амалга оширишнинг институционал асослари ривожлантирилди. Илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун мақсадли ва тизимлаштирилган механизм шаклланмоқда. Бунда Фанлар академияси, инновацияларни ривожлантириш, олий таълим тизими соҳасидаги модернизация муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқаро илм-фан марказлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.
Бешинчидан, илмий фаолият билан шуғулланувчи тадқиқотчилар, професор-ўқитувчилар, докторантлар ҳамда мустақил тадқиқотчилар фаолиятини моддий рағбатлантириш бўйича ижобий натижаларга эришилди.
Олтинчидан, илмий фаолият билан шуғулланувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинлик лари, жумладан, илмий фаолият тури, йўналиши ва воситаларини танлаш, илмий фаолиятни якка тартибда ёки жамоавий асосда олиб бориш, бажарган ишининг даражаси ва сифатига кўра, моддий рағбат олиш, илмий лойиҳалар бўйича танловларда иштирок этиш, илм-фан соҳасида тадбиркорлик фаолиятини қонунчиликка мувофиқ амалга ошириш каби ҳуқуқлари қонун билан мустаҳкамланди.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси билан илм-фан соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш учун амалий аҳамиятга эга бўлган муҳим қадам қўйилди. Хусусан, олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш белгиланди.
Фундаментал тадқиқотларни замон талабларидан келиб чиқиб янги йўналишлар билан бойитиш, уларни амалга ошириш учун 3 триллион сўм маблағ ажратиш, 8 та етакчи хорижий илмий мактаблар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.
“Корхона — олийгоҳ — илмий ташкилот” кластер тизимини жорий этиш орқали иқтисодиётнинг энг тез ўсиб бораётган йўналишларида амалий тадқиқотларни кучайтириш, бунинг учун давлат бюджетидан 4 триллион сўм маблағ йўналтириш, натижада 850 турдаги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 2,5 мингдан зиёд янги илмий ишланмалар яратиш назарда тутилмоқда.
Ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, илмий ташкилот ходимлари иш ҳақини ўртача 2 баробарга ошириш, қолаверса, илмий, амалий, инновацион ва стартап лойиҳалар йиллик танловлари, стажёр- тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантура ҳамда мақсадли докторан тура квоталари сонини кўпайтириш назарда тутилмоқда.
Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг илмий фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновацион фаолият, интеллектуал ўйинлар ҳамда чет тилларини ўрганишга жалб этиш орқали камида 2 миллион йигит-қизнинг иқтидорини ривожлантириш, ҳар йили 500 истеъдодли ёшни хорижнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юбориш режалаштирилмоқда.
Барча йўналишларда инновацион фаолиятни кенг жорий этиш, илмий тадқиқотларни ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексдаги Топ-50 талик мамлакатлар рўйхатига киришини таъминлаш, ҳар бир миллион аҳолига тўғри келадиган тадқиқотчилар сонини 2 минг нафарга етказиш, ички ва ташқи бозорларда тижоратлаштириш натижасида ярати-ладиган янги инновацион ишланмалар сонини 2 баробарга ошириш вазифаси белгиланмоқда.
Давлатимиз томонидан илм-фанни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур чора-тадбирлар фақат бугунги кун учун эмас, балки кейинги ўн йилликлар учун жамият равнақи ва фаровонлиги пойдеворини қуришга хизмат қилади. Миллий фаннинг жаҳон фанига қўшилиши, Ўзбекистон олимларининг жаҳон таълим, илм-фан ва инновация марказлари билан фаол ҳамкорлик қилиши, оламшумул кашфиёт ва ихтироларни амалга оширишга ҳисса қўшиши ва бу ишларда эркин бўлиши янги Ўзбекистон тараққиё тини ҳаракатга келтирувчи куч бўла олади.
Ўткирбек ОЧИЛОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 31 октябрь кунги 226 (1015)-сони
- Қўшилди: 31.10.2023
- Кўришлар: 3715
- Чоп этиш