“Буюк аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа – Занги отанинг номи, бу муборак зотнинг Тошкент вилоятидаги зиёратгоҳи мусулмон оламида маълуму машҳурдир”[1].
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган ҳозирги миллий юксалиш даврида Президентимиз раҳнамолигида бутун ислом дунёсида машҳур Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотирудий, Абул Муъин Насафий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳазрат Занги ота каби буюк алломалар илмий-маънавий мероси теран ўрганилиб, меъморий мажмуалари ободонлаштирилди ва халқимизнинг муқаддас зиёратгоҳларига айлантирилди.
Ўз касбига кўра жаҳонга таниқли ҳуқуқшунос олим бўлса-да, халқимиз тарихи ва маданий меросига дилдан меҳр қўйиб, кўпдан-кўп салмоқли китоблар яратган академик Акмал Саидов Занги ота тарихига оид китобини 2015 йилда нашрдан чиқарганди[2]. Кенг жамоатчилик томонидан нихоятда илиқ кутиб олинган “Ҳазрат Занги ота” китоби муаллиф томонидан янги маълумотлар билан янада бойитилиб, қайта нашр этилиши халқимиз маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди[3].
2017 йилда китоб қорақалпоқ тилида ҳам нашр этилиб, ўқувчилар доираси анча кенгайди. Занги ота ҳақидаги китоб биринчи нашрини Бердах миллий музейи директори Шаригул Пайзуллаева қорақaлпоқ тилига таржима қилди[4].
Ўтган 8 йил давомида ушбу битикка бағишланган 10 дан зиёд мақола эълон қилинди. Бу ўринда, хусусан, Усмонхон Алимов, Шайх Абдулазиз Мансур, Муҳаммад Али, Мирзо Кенжабек, П.Равшанов, А.Чориев, Сайфуддин Сайфулоҳ, Н.Раҳимжонов, C.Холбоев, Я.Олламов, Р.Йўлдошев, Ж.Арслонов, Ш.Рўзиназаров, А.Насирлаев қаламига мансуб мақолалар ҳақида сўз бормоқда. Асар бўйича интернет сайтларида ҳам кўплаб чиқишлар бўлди.
Китоб муаллифи билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиб, асарнинг иккинчи нашри устида яна тинмай ишлаб, қайта чоп эттирганлиги диққатга сазовор. Бунда академик олим Занги ота зиёратгоҳи тарихи билан боғлиқ кейинги адабиётларни, жумладан, Ф.Аширафхўжаев, З.Жўраeв, С.Мустафоев, С.Муродов ва бошқа муаллифлар асарларини ҳам синчиклаб ўрганди.
Академик А. Саидовнинг ушбу китоби муқаддима, ўн боб ва иловалардан иборат. Иловаларда исмлар кўрсаткичи, айрим сўз ва иборалар изоҳи ҳамда қабрларни зиёрат қилиш одоби таомилларининг берилганлиги, айниқса муҳимдир.
“Ҳазрат Занги ота” китобнинг иккинчи нашрига мухтасар сўзбоши ёзган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров таъкидлаганидек: “Акмал Саидов қаламига мансуб “Ҳазрат Занги ота” китобининг энг муҳим хусусиятлардан бири шуки, жаҳоннинг қайси бир олими бу улуғ зот ҳақларида сўз айтган бўлса, муаллиф уларни жамлаган, яна қайси бир маълумотни баён қилса, изоҳда у маълумот ва иқтибосларнинг аниқ манбасини кўрсатиб ўтган. Олимларимизнинг шу хислати, яъни далил – ҳужжат келтириш фазилати Ислом дини одобларига жуда мувофиқ. Зотан, Акмал Саидов бу азиз зот мавзусига бесабаб қўл урмаган. У киши Занги ота қасабасининг муносиб фарзанди, мана шу улуғ қутлуғ зиёратгоҳ атрофида ўсиб улғайган ижодкор олимдир”[5].
Ушбу китобда улуғ авлиё, шайх тасаввуфининг йирик намояндаларидан бири Ҳазрат Занги ота (Ойхўжа ибн Тошхўжа) ҳақида сўз юритилганда, Туркистоннинг буюк волийларидан бири бу мўътабар зот Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг устози Арслон бобнинг эвараси ҳисобланиши алоҳида таъкидланган. Асарда Занги отанинг таржимаи ҳоли, хусусан, исми ва насаблари, аҳли аёллари, сулоласи, таваллуд ва вафот вақтлари, ватани, саёҳат ва изланишлари, устоз ва шогирдлари, Яссавия тариқатидаги даражалари, мақбаралари ва зиёратгоҳлари тўғрисида қизиқарли маълумотлар ёритилган.
Занги ота мажмуаси – фақат Ўзбекистонда эмас, айни пайтда Марказий Осиё ҳудудидаги ноёб тарихий меъморий ва маданий- маърифий мажмуа ва табаррук зиёратгоҳ саналади. Буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг суюкли набираси, олим ва шоҳ Мирзо Улуғбек томонидан таъмирланган.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Бу ердаги тарихий мақбара қурилиши Соҳибқирон Амир Темур бобомиз томонидан бошланиб, кейинчалик Мирзо Улуғбек тарафидан якунига етказилган”[6]. Истиқлол йилларида ушбу қутлуғ масканда амалга оширилган кенг қамровли оламшумул бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тўғрисида мазкур китобда аниқ далилий маълумотларнинг батафсил келтирилгалиги эътиборга лойиқдир.
Китобдан Ҳазрат Занги отанинг маърифати ва ибратли фаолияти мисолида тасаввуфга оид қизиқарли маълумотлар ҳам ўрин олган. Буюк шайхнинг каромат ва фазилатлари, ул зот ҳақидаги шеърлар, ривоятлар, шунингдек, улуғ авлиё меросининг Шарқу Ғарбда ўрганилиши масалалари ҳам муфассал баён этилган.
Ушбу салмоқли китоб 2015 йилда нашр этилган бўлса-да, шу ўтган давр мобайнида муаллиф мавзу доирасида тинимсиз кўплаб илмий изланишлар олиб бориб, ўзиннинг янги теран фикр-мулоҳазаларини даврий нашрларда эълон қилди. Шу маънода, ўқувчилар мазкур китобнинг тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашрида ҳазрат Занги ота ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги бирламчи янги маълумотлар, асарнинг илк нашри ҳақида юртимиз олиму зиёлилари ва адиблари томонидан билдирилган холисона фикр-мулоҳазалар билан ҳам яқиндан танишишлари ҳам мумкин.
Китоб сўзбошисида муаллиф таъкидлаганидек: “Ушбу тўлдирилган нашрда китобхонда тўлиқ тасаввур бўлиши учун расм ва безаклардан кенг фойдаланилди. Занги ота меъморий мажмуаси обидаларининг араб усулидаги битикларининг ўзбекча таржималари, ушбу тарихий ёзувлар таржималари тақдим этилмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, янги нашрнинг янада кўркамлик ва муҳташамлик касб этишини таъминлаган, назаримизда”[7].
Янги Ўзбекистонда милий юксалиш даврида Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган ҳозирги жараёнда академик Акмал Саидовнинг нафақат Занги ота ҳаёти ва фаолияти, балки тасаввуф тарихи бўйича салмоқли битиги энг ноёб асарлардан ҳисобланиб, асарни фуқароларининг маънавий озуқа олиши учун асосий манбалардан бири дейиш мумкин. Шу нуқтаи назардан, бу асарни қорақaлпоқ, тожик, туркман, қозоқ, қирғиз тилларига ҳамда хорижий тиллар, жумладан, рус, инглиз немис, араб, форс тилларига таржима қилиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.
Ушбу маноқибдаги мавжуд 10 та бобнинг ҳар бирини алоҳида ҳолдаги монографияга қиёсласа бўлади. Ўйлаймизки, мамлакатимиздаги ижтимоий-гуманитар фанларнинг пешқадам вакиллари мазкур қизиқарли ва сермазмун маноқиб ҳақида ўзларининг холис фикр-мулоҳазаларини билдиради. Шуниси аҳамиятлики, ушбу муҳташам асар бирон-бир китобхонни, айниқса, зиёлиларни асло бефарқ қолдирмайди.
Хулоса қилиб айтганда, маънавиятимиз ва маданиятимиз жонкуяри академик А.Саидовнинг илмий-оммабоп шаклда ёзилган ва тасаввуф тарихи билан қизиқувчи мутахассислар ҳамда кенг жамотчиликка мўлжалланган “Ҳазрат Занги ота” номли қомусий китоби – Янги Ўзбекистон маданияти тарихи соҳасидаги улкан илмий ютуқ, деб баҳоланса асло муболаға бўлмайди. Бинобарин, академик А.Саидов узоқ йиллар мобайнида ҳассoслик билан бамисоли денгиз тубидаги дуру гавҳарларни териб, маржон шодасидек ипга тизиб, юксак маҳорат билан ушбу салмоқли китобини яратган.
Ушбу китобга нафақат Ҳазрат Занги ота тарихи, балки Марказий Осиё тасаввуф тариқатлари тарихи, деб таъриф берганимиз бежиз эмас. Шундай экан, асардан олий ўқув юртлари ижтимоий-гуманитар йўналишидаги факультетларда ўқув қўлланмаси сифатида ҳам бемалол фойдаланиш мумкин.
Мавриди келганда яна бир мулоҳазани билдириш ўринлидир. Ҳар бир китоб, тадқиқот ва унинг муаллифи холисона муносиб ўз баҳосини олиши лозим. Фикримизча, Занги ота тарихига бағишланган бу улкан битик Абу Райҳон Беруний номидаги биринчи даражали Республика Давлат мукофотига тавсия этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Фурсатдан фойдаланиб, Занги ота қасабасининг чинакам фарзандларидан ҳисобланган қомусий олим – академик Акмал Саидовга Яратгандан доимо тан-сиҳатлик, янада бардавом умр, илмий ва ижодий баракотлар тилаймиз. Домладан янада ўқишли ва сермазмун янги китобларни кутиб қоламиз. Муаллифга улуғ алломаларимизнинг руҳлари доимо мададкор бўлсин!
Очил БЎРИЕВ,
Қарши давлат университети профессори
[1] Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. -Т.: “Ўзбекистон” НМИУ, 2017. Б. 407.
[2] Акмал Саидов. Ҳазрат Занги ота. -Тошкент, “Sharq”, 2015. – 520 б.
[3] Акмал Саидов. Ҳазрат Занги ота. Китоб-альбом. Тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашри. –Тошкент: “Zamon -press -Info Nashriyot уйи”, 2023. – 752 б.
[4] Акмал Саидов. Ҳэзирети Зэнги ата. – Nokis: “Qoraqаlpog‘istаn”, 2017. – 504 б.
[5] Нуриддин Холиқназаров. Ҳазрати шайх Занги ота тавсифлари тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашрига сўзбоши // Акмал Саидов. Ҳазрат Занги ота. Китоб-альбом. Тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашри. –Тошкент: “Zamon -press -Info Nashriyot уйи”, 2023. – Б. 8.
[6] Акмал Саидов. Ҳазрат Занги ота. Китоб-альбом. Тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашри. –Тошкент: “Zamon -press -Info Nashriyot уйи”, 2023. – Б. 407.
[7] Ўша манба. – Б. 23.
- Қўшилди: 08.11.2023
- Кўришлар: 3901
- Чоп этиш