Шу кунларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди. Делегация таркибида ЕХҲТ ДИИҲБ директори офисининг раҳбари Фабрицио Нава ҳамда ЕХҲТ ДИИҲБ Инсон ҳуқуқлари департаменти бошлиғи ўринбосари Эндрю Гарднер бор.
12 ноябрь куни ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси Самарқанд шаҳрида бўлди. Делегация аъзолари шаҳарнинг тарихий ёдгорликлари ва қадимий обидалари, хусусан, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда, Хожа Дониёр зиёратгоҳлари, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва Бибихоним масжидини кўздан кечирдилар. Меҳмонлар, шунингдек, Сиёб бозори ва замонавий “Буюк ипак йўли” мажмуасида бўлдилар.
Саёҳат асносида М.Мекаччи ЕХҲТ ДИИҲБ делегациясининг Самарқанд шаҳрига ташрифини юқори савияда ташкил этгани учун мамлакатимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдирди. “Мен гўёки Ўрта асрларнинг Марко Поло яшаган даврига бориб қолгандек бўлдим. Самарқанд – дунёнинг энг қадимий ва гўзал шаҳарларидан бўлиб, ҳақли равишда “маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳаси” ҳисобланиши бежиз эмас”, деди ўз таассуротларини бўлишар экан ЕХҲТ ДИИҲБ директори.
Мени ҳайратга солиш осон эмас, чунки она ватаним Италия ҳам ноёб тарихий ёдгорликларнинг маконидир. Айни чоғда, Римнинг тенгдоши бўлган бу фусункор шаҳар ва Буюк ипак йўлининг дурдона пойтахти ўзининг беқиёс гўзаллиги билан ақлни лол этади, деб таъкидлади меҳмон.
М.Мекаччининг қайд этишича, “Ўзбекистоннинг бой маданият ва анъаналарни ўзида мужассам этган оламшумул тарихи бор. Ўзбекистоннинг жаҳонга машҳур бренди – Регистондир. Осиё ва Шарқ ҳаётининг мафтуни бўлган инсонлар учун бу ер шунчаки бир майдон эмас, балки қадр-қиммати юкcак қадимий ва кўркам гўшадир”.
“Ўзбекистон ва ватаним Италия, орадаги жуда узоқ масофага қарамасдан, бугунги кунда бир-бирига ниҳоятда яқин. Куни кеча Президент Сержо Маттарелланинг мамлакатингизга амалга оширган ташрифи бунинг яна бир яққол тасдиғи бўлди. Бу ердаги мадрасалар ўтмишда аждодларингизнинг таълимга алоҳида эътибор қаратганидан далолат беради. Мамлакатларимизда илм-фан ва таълим-маърифатнинг ривожланиши жараёнлари ҳам ўзаро ўхшаш. Масалан, Мирзо Улуғбек ва Галилео Галилей ўз замонасидан анча илгарилаб кетган улуғ олимлардир”, деб фикрида давом этди ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси раҳбари.
Мартабали меҳмоннинг эътироф этишича, “Самарқанд бой тарихи ва бугунги саодатли манзаралари билан ҳар қандай кишини том маънода ҳайратга солади. Бу ерда яқинда бунёд этилган замонавий мажмуада ЕХҲТ иштирокида муҳим халқаро тадбирларни ўтказса ҳам бўлади, бинобарин бунинг учун барча шароитлар муҳайё этилган”.
ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси 13 ноябрь куни Нукус шаҳрига жўнаб кетди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.11.2023
- Кўришлар: 3253
- Чоп этиш