Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига

ФАРOВОНЛИК ВА ЮКСАЛИШ АСОСИ

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси­­ инсоннинг шахсий ва сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ҳамда эркинликлари кўламини ўзида тўла мужассам этган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.  30 моддадан иборат ушбу ҳужжатда алоҳида маданият, миллат ва минтақалар билан чекланмаган универсал қадриятлар мустаҳкамланган.

 БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясига мувофиқ, 1948 йил 10 декабрда ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши халқаро муносабатлар ривожида муҳим тарихий босқич бўлди. Шу маънода 1950 йилда БМТ томонидан 10 декабрни Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида кенг нишонлаш белгиланган. У ҳозирги кунда  535 тадан ортиқ тилга таржима қилинган.

Мазкур бу халқаро ҳужжат ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлиги, мулк, эътиқод ва сўз эркинлиги, фуқаролик, давлат бошқарувида қатнашиш, сайлаш, сайланиш, оила, меҳнат ва дам олиш, таълим, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, маданият ва санъат асарларидан баҳра олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси­­ Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг тан олинган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир. Декларациянинг барча асосий принциплари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ўз ифодасини топган. Инсон  ҳуқуқлари орасида барча ҳуқуқлардан фойдаланишга йўл очиб берадиган бошланғич нуқта бу таълим олиш ҳуқуқи ҳисобланади. Бу ҳақда Декларациянинг 26 -моддасида “Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга” экани қайд этилган.  Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам давлат узлуксиз таълим тизимини, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида экани кафолатланган.

Шунингдек, декларациянинг 1- моддасида “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар” деб мустаҳкамлаб қўйилган бўлса, Конституциямизда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлиши белгиланиб, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади, дея кафолатланган.

Ушбу декларациянинг долзарблиги шундаки, у жаҳон ҳамжамияти томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тан олинишида асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда. Аксарият давлатлар ушбу халқаро ҳуқуқ нормалари асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини химоя қилишга кўмаклашаётгани ва шу соҳани янада ривожлантиришга қаратилган сиёсатни қўллаб-қувватлаётгани таҳсинга сазовор.

Жорий йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги кенг нишонланади.  2023 йил 12 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги  фармони қабул қилинди. Фармон билан ушбу санага бағишланган тадбирлар дастури тасдиқланди. Бу мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътиборнинг юқори ўринда эканини намоён этади.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг яна бир асоси фуқароларнинг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг кафолатланишидир. Декларацияда бу жиҳатлар ҳам акс этган. Унга ҳамоҳанг тарзда Конституциямизда ҳам ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги ва мерос ҳуқуқи қонун билан ҳимояланиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси талаблари негизида  ишлаб чиқилган ва мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчил татбиқ этилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси маъно-моҳияти жиҳатдан миллий, минтақавий ва глобал даражадаги аҳамиятга эга муҳим ҳужжат ҳисобланади. Унда белгиланган устувор йўналишнинг бош ғояси инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Шундай экан, инсон, унинг манфаатлари устун бўлган жамиятда фаровон ҳаёт ҳукмрон бўлади.

Декларация ҳам ана шундай ҳаётбахш ғояларни рўёбга чиқаришга туртки берадиган муҳим ҳужжатдир. Унда акс этган тамойилларга риоя этилиши бутун дунёда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, эркин демократик давлат, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Дунё давлатлари ўз конституциявий ислоҳотларида ушбу декларациядан намуна олаётгани эса сайёрамизда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш, бутун башариятни юксалиш ва тараққиёт сари етаклашда муҳим омил бўлажак.

Ҳамидулла МЎМИНОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

 Миллий маркази масъул ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech