Шу азиз Ватан – барчамизники

16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни

 

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида қабул қилинган Бағрикенглик тамойиллари декларацияси дунёда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлаш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг 3-моддасида қайд этилганидек, Бағрикенглик алоҳида одамлар ўртасида, оила ва жамоадаги ўзаро муносабатларда зарурдир. Мактабларда ва университетларда, норасмий таълим йўли билан уйда ва иш жойларида бағрикенглик руҳини мустаҳкамлаш ва кишилар ўртасида бир-бирига очиқлик, эътибор ва бирдамлик муносабатларини шакллантириш лозим. Бунда коммуникация воситалари эркин, очиқ мулоқот ва муҳокамага кўмаклашишда, бағрикенглик қадриятларини тарқатишда, айниқса, бош кўтараётган муросасизликни тарғиб қилувчи гуруҳлар ва мафкураларга нисбатан бефарқ муносабатда бўлиш хавфли эканини тушунтиришда амалий аҳамият касб этади”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён Бағрикенглик тамойиллари декларацияси қабул қилинган сана, 16 ноябрь – ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонлаб келинади. Бундан кўзланган асосий мақсад  дунё халқларини бағрикенгликка, тинчликни асраб-авайлашга ҳамда ижтимоий-иқтисодий фаровонликка эришишга чорлашдир. Ушбу санани мамлакатимизда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган.

Ўзбекистон – кўпмиллатли мамлакат. Зеро, шу азиз Ватан – барчамизники. Бу заминда асрлар мобайнида турли миллат ва элат вакиллари қўлни-қўлга бериб, елкама-елка яшаб келмоқда. Юртимизда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик муҳити ҳукмрон.

Халқимиз одамийлик, инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, неча-неча авлодларга безавол етказиб келмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқ ҳаётини, дунёқарашини, турмуш тарзини ўзгартирмоқда.

Жамиятимизда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” деган юксак мақсад шакллантирилиб, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги тамойил кундалик фаолиятнинг асосига айланди. Бу олий мақсад-муддаоларимиз янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Чунки у Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган. Шу боис Асосий Қонунимиз умуинсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев халқимиз хоҳиш-иродаси негизида олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли янги таҳрирдаги Конституциямиз бағрикенглик тамойилларини ўзида намоён этган бир қатор муҳим нормалар билан бойитилди. Айниқса, фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижда яшаётган ватандошлар ва чет эл фуқароларига тааллуқли конституциявий нормалар кучга кирганини таъкидлаш ўринлидир.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 23-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган  ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш  тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади”.

Бош қомусимизнинг 32-моддасига мувофиқ, “Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар  ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно.  Ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эга”.

Содда қилиб айтганда, сўнгги йиллардаги шиддатли янгиланишлар туфайли инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириши учун кенг қулайликлар туғилди. Жумладан, юртдошларимизнинг хорижий мамлакатларга чиқиши осонлашди ва чет эл сафарини истаганлар учун стикер олиш тартиби бекор қилиниб, ўрнига «қизил паспорт» жорий этилди.

Шуни  алоҳида  таъкидлаш  жоизки,  2019  йилдан  буён  Ўзбекистон Сурия,  Ироқ  ва Афғонистондаги  аёллар  ва болаларни  қайтариш бўйича  бешта  «Меҳр»  операциясини  ўтказди.  Халқаро  экспертларнинг  фикрича,  бу  саъй-ҳаракатлар  болаларни жабрланувчилар  сифатида  тан  олишга  ҳамда  болалар  ва аёллар  учун гендер  масалалари  инобатга  олинган  ҳамжамиятлар  даражасидаги реинтеграция  дастурлари  ёрдамида  уларнинг  шахсий  манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлигига асослангани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

«Меҳр»  операциялари асносида можароли ҳудудлардан мамлакатга жами 531 нафар киши олиб келинди. Ватанига  қайтиб  келган  болалар,  аёллар  ва оилаларнинг  жамиятга қайтадан  интеграциялашуви,  бир  томондан,  уларнинг  ижтимоий жиҳатдан  яккаланиб  қолишига  барҳам  берган бўлса,  иккинчи  томондан, жамиятда камбағалликни камайтириш орқали тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.

Ҳар бир инсон давлат раҳбарининг “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган қатъий иродаси ва принципига гувоҳ бўлмоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида, одамлар қалбида, онгу шуурида намоён бўлаётган меҳр-оқибат, мурувват, бағрикенглик каби фазилатлар ва юртдошларимизнинг эртанги кунга юксак ишончи буни тўла тасдиқлайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Биз ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадрият этиб белгиладик. Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз”.

Тараққиёт стратегияси доирасидаги еттита устувор йўналишнинг ҳар бири бўйича амалга ошириладиган энг муҳим вазифалар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга қаратилган. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.

Ўзбекистон кўплаб халқаро ташкилотлар ва жаҳон давлатлари билан кенг кўламли ҳамкорликни амалга оширмоқда. Шу тариқа юртимиз ҳаётбахш ислоҳотлари, демократик ўзгаришлар йўлида собитқадамлиги, мустақил ички ва ташқи сиёсати билан дунё халқларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистоннинг тараққиёт, маърифат ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш йўлидаги илғор ташаббуслари  халқаро  ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини таъкидлаш лозим. Бунга биргина мисол: Ўзбекистон  Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, 2018 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида “Маърифат  ва  диний  бағрикенглик” резолюцияси мазкур нуфузли халқаро ташкилотга аъзо 193 мамлакат томонидан якдиллик билан қабул қилинди.

Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 11 июлдаги 76-сессиясида қабул қилинган «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюцияси, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон Президентининг минтақалараро узвий боғлиқлик концепциясини амалга ошириш йўлида қўйилган оламшумул қадамдир. Бу залворли қадам, албатта, халқаро ҳамжамият Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган улкан бирдамлик ғоясига узоқни кўра билиш ва тўғри прогноз қилиш қобилиятининг ҳосиласи сифатида юксак баҳо берганини англатади.

Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони асосида тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бешта устувор йўналиш бўйича юзта муҳим мақсадни ўз ичига қамраб олган. Унда, жумладан, жамиятда миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилган.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш; Марказий Осиё минтақасида амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш; анъанавий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, глобал ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларига қўшилиш; хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш каби муҳим йўналишларда изчил иш олиб борилмоқда.

Халқаро ҳуқуқ, ҳуқуқий маданият ва миллий қадриятлар ҳақида гап борганда, аввало, кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олийжаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар янгиланган Конституциямиздан муносиб ўрин олганини алоҳида эътироф этиш лозим. Зотан, Асосий қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида яққол акс эттиради.

Хулоса қилиб айтганда, жорий йилда Халқаро бағрикенглик куни бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги билан уйғун ва ҳамоҳанг нишонланаётгани бежиз эмас. Бинобарин, мазкур Декларациянинг 7-моддасида таъкидланганидек, “Барча одамлар қонун олдида тенгдир ва ҳеч бир тафовутсиз қонун билан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир. Барча одамлар ушбу Декларацияга зид бўлган ҳар қандай камситишдан ва шундай камситишга ундайдиган ҳар қандай гиж-гижлашдан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир”.

 

Ғулом МИРЗО

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech