Бола ҳуқуқлари соҳасидаги ишлар Сенат Раиси иштирокида муҳока қилинди

2023 йил 23 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатида Жаҳон болалар кунини нишонлашга бағишланган бир ҳафталик тадбирлар доирасида Олий Мажлис Раиси Танзила Нарбаева

ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакилолатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жоффри Ижумба, Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан ташриф буюрган болалар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (НТТ) вакиллари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар  билан учрашди.

Учрашувда Сенат Раиси республикамизда бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, эришилган натижаларга бирма бир тўхталди. Энг аввало, T.Narbayeva юртимизда болаларни мажбурий меҳнатга жалб этишга мутлақо чек қўйилганлиги, уларни узлуксиз таълим билан қамраб олиш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаш борасидаги ишлар жадал олиб борилаётганини таъкидлади.

Шундан сўнг, ННТ вакиллари, болалар ва ёшлар БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Ўзбекистон учун тавсияларини фуқаролик жамияти ва болалар орасида тарқатишнинг аҳамиятига батафсил тўхталди.

Учрашувда болалар билан ишлашда ушбу маълумотлар тушунарли шаклда ва уларнинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бўлиши кераклиги алоҳида айтиб ўтилди. Иштирокчилар ҳар бир боланинг барча ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини айтиб, барча учун янада яхши дунёни яратишда болалар ва ёшлар иштирокининг ўзгартирувчи кучи ҳақида маълумот тарқатиш бўйича фаолиятни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.

Шундан сўнг, яқинда ўтказилган У-Репорт сўрови натижаларини тақдим этилди. Унда 1800 дан ортиқ респондентлар бола ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича ўз фикрларини билдирган.

Сўров натижаларига мувофиқ, респондентларнинг тўртдан бир қисмидан озроғи (22%) бола ҳуқуқлари бузилган тақдирда, уларни қандай ҳимоя қилишни билади. Баъзи болалар ўз ҳуқуқлари ҳақида гапиришдан уяладилар (16%) ёки ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилсалар, жазоланишдан қўрқадилар (13%). Болаларнинг 60 фоизидан ортиғи, агар уларнинг ҳуқуқлари у ёки бу сабабларга кўра бузиладиган бўлса, ўз ҳуқуқларни ҳимоя қила олмасликларини айтишган.

Сенат мажлисининг ёш иштирикчилари болаларнинг энг кўп бузиладиган ҳуқуқлари юзасидан ўз фикрларини билдириб, ҳукумат ва парламентга бир қатор таклифларини баён қилдилар. Болалар ҳам, ННТ вакиллари ҳам мактабга бормаслик, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит, болаларнинг йўллардаги хавфсизлиги, оиладаги зўравонлик ва ўсмирларнинг руҳий саломатлиги масалаларига урғу бердилар.

Бошқа масалалар қаторида, улар рақамли дунёда болалар ҳуқуқларини белгиловчи БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 2021 йилдаги 25-сон умумий шарҳини амалга ошириш муҳимлигини ҳам таъкидладилар.

Юқорида қайд этилган У-Репорт сўровлари шуни кўрсатадики, қишлоқ жойларда респондентларнинг 70 фоизи, шаҳар ва вилоят марказларида яшовчи респондентларнинг 85 фоизи интернетдан бепул фойдаланиш имкониятига эга. Сенатдаги йиғилишнинг ёш иштирокчилари интернетдаги зарарли сайтларга блок қўйиш ҳамда интернетда болалар хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратишни сўрадилар.

ННТ вакиллари ва ёшлар бола ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларнинг муҳокамаларида,  хусусан, қонунчилик ва маъмурий қоидаларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалда табдиқ этиш босқичларида мунтазам иштирок этиш истагини билдирдилар.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech