Мамлакатимиз вакиллари 24 ноябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Оиладаги зўравонликка қарши кураш: муаммолар ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди. Ушбу конференция Қозоғистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан халқаро ташкилотлар – ЮНИСЕФ, БМТТД ва БМТ Аёллар ташкилоти кўмагида ташкил этилди.
Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Сербия, Россия, Туркия билан бир қаторда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, экспертлар иштирок этди.
Иштирокчилар оиладаги зўравонликни камайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуман доирасида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий йўналишлари тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова маъруза қилди.
Ўзбекистон вакилининг маърузасида таъкидланганидек, 2023 йил апрель ойида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани оиладаги зўравонликка қарши курашнинг муҳим босқичи бўлди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши халқаро тузилмалар, жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Конференцияда оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, оилаларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш, давлат органларининг айни йўналишдаги фаолияти самарадорлигини ошириш ва профилактика чора-тадбирларининг устуворлигига эришиш масалаларига эътибор қаратилди. Оиладаги зўравонликни аниқлаш ва унинг олдини олиш, бунда тизимлашган асосда рақамли ёндашувни татбиқ этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.11.2023
- Кўришлар: 3540
- Чоп этиш