«Конституция – халқчил давлат,
барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!»
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида бугунги глобаллашув жараёнида юртдошларимиз ва мамлакатимиз манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилган ҳолда мамлакат тараққиётини таъминлашга қаратилган алоҳида икки йўналиш ва унинг доирасида амалга оширишга қаратилган муҳим мақсад ва вазифалар кўзда тутилган. Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясидан фарқли равишда, Тараққиёт стратегиясида маънавий тараққиётни ҳам таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш ҳамда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш каби устувор йўналишлар белгиланди.
2023 йил апрелида илк бор Конституциявий референдум ўтказилди, унинг тамал тоши инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилишдан иборат бўлди. Шу негизда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилларига содиқлик ўз тасдиғини топди.
Мазкур сиёсий жараён нафақат юртдошларимизнинг, балки жаҳон ҳамжамиятининг ҳам диққат марказида бўлганини алоҳида таъкидлаш зарур. Халқимиздан келиб тушган таклифлар асосида тайёрланган янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистонни қуриш, мамлакатимизда инсон қадрини янада юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Янги таҳрирдаги Конституциямиздаги моддалар 128 тадан 155 тага кўпайди. Унга турли йўналишларда ўзгартиришлар киритилиб, инсон эрки, қадр-қиммати асос қилиб олинди.
Чунки инсон эркин бўлиб, бу дунёга келар экан, демак эркин яшаши лозим. Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати бўлиши, давлат ва жамият эса бунга шароит яратиб бериши керак.
Янги таҳрирдаги Конституцияда айбсизлик презумпцияси, уй-жой дахлсизлиги, қонунда чекланмаган ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиш эркинлиги, ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи каби нормалар киритилган.
Асосий Қонунимизда халқимизнинг 60 фоиздан ортиғини ташкил қилувчи ёшларга берилаётган эътиборни алоҳида таъкидлаш лозим. Ёшларнинг таълим олиши, касб ўрганиши, уй-жойли бўлиши, тиббий ва ижтимоий ҳимояси, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш давлатнинг конституциявий мажбуриятидир. Қувонарлиси, Бош Қомусимизда ёшлар учун алоҳида боб ажратилган.
Бундан ташқари, Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланган. Инсон ҳамда давлат органлари ўртасида юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун муносиб, етарли бўлиши кераклилиги қайд этилган.
Аввало, ушбу конституциявий қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди. Шу билан бир қаторда, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишида зарур даражадаги масъулиятни шакллантиради.
Аввалгисига нисбатан 65 фоизи юртдошларимиз таклифлари асосида янгиланган Бош Қомусимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликка юқори мақом бериш, ўқитувчилар мавқеини мустаҳкамлаш каби янги моддаларнинг киритилгани ҳам ҳар бир фуқаронинг кўнглига мамнунлик бахш этади. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, халқимиз табиатидаги бағрикенглик, холислик ва донишмандлик фазилатларининг амалдаги намоёнидир.
Хулоса қилиб айтганда, халқимиз муаллифлигида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимиз барқарор тараққиётини таъминлаш, фуқароларимиз турмуш тарзини юксалтириш йўлида йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилмоқда. Энг муҳими, Асосий Қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида халқимизни жипслаштирмоқда ва беқиёс бунёдкорлик ишларига илҳомлантирмоқда.
Ҳамид РАВШАНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Бош ҳисобчиси
- Қўшилди: 27.11.2023
- Кўришлар: 2980
- Чоп этиш