Конституция талаби шу: барча инсонлар қонун олдида тенг!

«Конституция – халқчил давлат,

барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!»

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни. Ушбу халқаро сана тарихига назар солсак, аввало дунё миқёсида ногиронлар ҳаёт тарзини яхшилашга эътибор қаратиш мақсадида БМТ томонидан 1983-1992 йиллар Халқаро ногиронлар ўн йиллиги этиб белгиланганини кўрамиз.

Ўз навбатида, ана шу ўн йиллик якунида, 1992 йил 14 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 37-ялпи мажлисида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида эътироф этилган. Шундан буён ҳар йили мазкур сана доирасида ногиронлар дуч келаётган муаммоларни чуқурроқ англаш, шундай масалаларни ҳал этиш, уларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқини ҳимоялаш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган тадбирлар уюштирилади, моддий кўмак ажратилади.

Ушбу тоифа инсонлар имконияти соғлиги билан боғлиқ муаммо сабаб чекланган. Шу боис уларниҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали жамиятнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги фаоллигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда дунёда 1 миллиард нафардан ортиқ инсон, яъни сайёрамиз аҳолисининг ҳар еттитасидан бири ногиронликнинг муайян туридан азият чекади. Уларнинг 100 миллиондан ортиғи болалардир.

 Ногиронлиги бўлган шахсларнинг 80 фоиздан кўпи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Шу маънода, имконияти чекланган инсонларнинг ҳар томонлама тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш зарур.

Ногиронларнинг соғлиғини сақлаш, уларга таълим, иш бериш, жамиятда тўлақонли иштирок этиш имконини тақдим этиш осон эмас. Шунга қарамасдан, сўнгги бир неча йил давомида дунё миқёсида ногиронлиги бўлган болалар ва катталар имкониятини кенгайтириш бўйича ижобий тенденция кузатиляпти.

Мамлакатимизда ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди. Бу ўринда 2021 йил 7 июнда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистон томонидан ратификация қилинганини алоҳида таъкидлаш даркор. 

Шунингдек, мамлакатимизда 2020 йил 15 октябрдан буён “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун амал қилмоқда. Мазкур қонун талабига кўра, олдинги қонун ҳужжатларида қўлланилган “ногирон” сўзи ўрнига эндиликда “ногиронлиги бўлган шахс” атамасидан фойдаланилмоқда.

Бунда, бир томондан, халқаро стандартлар талабидан келиб чиқилган бўлса, иккинчи томондан, халқимизнинг азалий инсоний фазилати, ҳамманинг тенглигига амал қиладиган хушкалом табиатига таянилгани жуда маъқул иш бўлди.

Халқаро ногиронлар куни жорий йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги тантаналари билан уйғунликда нишонланмоқда. Ушбу Декларациянинг 7-моддасида қайд этилганидек, “Барча одамлар қонун олдида тенгдир ва ҳеч бир тафовутсиз қонун билан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир. Барча одамлар ушбу Декларацияга зид бўлган ҳар қандай камситишдан ва шундай камситишга ундайдиган ҳар қандай гиж-гижлашдан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир”.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир. Мазкур Декларация қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик нормаларида ўз ифодасини топган.

Айниқса, 2023 йил 30 апрелдаги умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз тимсолида инсон, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати яна бир бор ёрқин намоён бўлди.

 

Муқаддас ҚОСИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech