Янги таҳрирдаги Конституциямиз – халқаро ҳуқуқ қоидалари тасдиғи

«Конституция – халқчил давлат,

барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!»

 

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Муқаддимасида халқимизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига содиқлиги яна бир бор эътироф этилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топди. Давлат раҳбарининг бу борадаги дадил сиёсий қадамлари жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар учун янада кенг йўл очди.

Ушбу ислоҳотлар асносида Конституциямизнинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади” деб мустаҳкамланиши бежиз эмас. Айни конституциявий нормалар “Инсон – жамият – давлат” тамойилини амлада яққол ифода этди.

Янги таҳрирдаги Конституция 155 моддадан иборат бўлиб, 40 дан ортиқ моддаси бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланди. Асосий Қонунимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги деярли барча халқаро ҳуқуқ нормаларини ўзида мужассамлантирган.

Бош қомусимиз, хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт, Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенция каби инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларининг деярли барча принципиал қоидаларини ўзида акс эттирган.

Конституциянинг Муқаддимасида ҳам Асосий Қонунимиз халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда қабул қилинганлиги алоҳида эътироф этилган. Бинобарин, Конституциянинг барча қоидалари инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мосдир.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 7-моддаси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 4, 20, 24, 26-моддалари, Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенциянинг 1-моддасида барча кишиларнинг қонун олдида тенг экани ва ҳеч бир камситишсиз қонун орқали тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган. Бу борада ҳар қандай турдаги камситиш қонун билан тақиқлаб қўйилиши ва қонун барча шахсларга ҳеч бир камситишсиз, жумладан ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ва бошқа эътиқоди, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, насл-насабидан қатьи назар камситишга қарши тенг ва самарали муҳофазани кафолатлаши кераклиги белгиланган.

Мазкур қоидалар Конституциямизнинг 26-моддасидаги “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас” деган нормада тўлалигича ўз аксини топган.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Бош қомусимизга, халқаро ҳуқуқ қоидаларини умумэътироф этган ҳолда, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли эканлигини белгиловчи янги норма киритилди.

Конституциямизнинг 19-моддасига кўра, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

  • “инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”;
  • давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак;
  • инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати рамзи сифатида Конституцияда биринчи марта қуйидагилар мустаҳкамланди:

- ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга ва ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас;

- инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий аҳлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Шунингдек, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва унинг Факультатив протоколига мос равишда яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканлигидан келиб чиқиб, Конституцияда “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади”, деб аниқ ва равшан белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Конституциямизга инсон ҳуқуқларига оид бошқа кўплаб нормалар қўшилди. Жумладан:

  • агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас;
  • қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди;
  • ҳар ким ўз шахсига доир нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Конституциянинг янги таҳририга асосан барча ноаниқликлар – инсон фойдасига ҳал этилиш лозимлиги белгиланди. Бунда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Ижтимоий муносабатлар чексиз шаклларга эга, уларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўлиқ кодификация қилиб чиқиш амалда имконсиз. Эндиликда қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.

Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир. Улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Шу ўринда қийноқ қўллашни тақиқлашга оид моддани ҳам эслатиш жоиз. Бу модданинг айнан шу қисми аввалги ҳолида, ўзгаришларсиз сақлаб қолинди:

Конституциянинг 26-моддасида “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” деб белгиланган.

Мазкур норманинг мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқлигининг яна бир эътирофидир.

Хулоса қилиб айтганда, Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва миллий мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи халқчил конституциявий асослар имкон қадар тўлиқ даражада мустаҳкамланишига эришилди.

 

Иқболбек АБДУМАЖИДОВ,

Инсон хуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech