Халқ фикри – жамият тараққиёти кўзгуси

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усул, назария ва амалиёт” мунтазам илмий-амалий семинари доирасида халқаро мажлис бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон социологлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

“Жамият барқарор ривожланишининг асоси сифатида таълимни таркибий модернизациялаш” мавзусидаги анжуман академик олима Раъно Убайдуллаева хотирасига бағишланган йиллик социологик ўқиш доирасида ўтказилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Дарҳақиқат, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар инсон манфаати устуворлигини таъминлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Мамлакатимиз таълим тизимининг ижтимоий-иқтисодий мазмуни ва амалдаги фаолияти, соҳада хизмат бозорини шакллантириш ва Ўзбекистон иқтисодиёти шароитига мослаштиришнинг ташкилий механизми, бошқарув усулларини ўрганиш ўзига хос илмий ва амалий аҳамиятга эга. Таълим соҳасини тез ва оғриқсиз модернизациялашга эришилиши бошқа ижтимоий соҳаларда ҳам шундай ўзгаришларни юзага чиқаради. Шу билан бирга маҳаллий ишлаб чиқариш динамикаси объектив тенденцияси ҳисобга олинмаган ҳолда модернизациялаштирилган таълим тизими маъмурий, юзаки хусусиятга эга бўлишини ёддан чиқармаслик зарур.

2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш доирасида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да замонавий билимга, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологиясига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирларини изчиллик ва жадаллик билан амалга ошириш белгиланган.

Семинарда давлат ва жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, олимлар, докторантлар, ёш тадқиқотчилар, социология соҳаси мутахассислари, магистрлар, талабалар иштирок этди.

Мазкур илмий-амалий анжуман соҳа мутахассислари  ўртасида фикр алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш, муаммоларга ечим топиш имконини беради.

– Бугунги тадбирда таълимни модернизациялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, – деди “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассиси Шерзод Бобоев. – Ҳозирги кунда илмий тадқиқот олиб боришда жаҳон тажрибасини ўрганиш жуда муҳим. Шу боис марказимиз нафақат МДҲ давлатлари, балки Европанинг қатор давлатлари, масалан, Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Германиянинг “INSA-CONSULERE” бозор ва ижтимоий тадқиқот институти каби илғор муассасалар билан шерикликни йўлга қўйган. Бу галги тадбирда ҳам ушбу ҳамкорларимиз билан мамлакатимиздаги социологик тадқиқотлар, соҳада амалга оширилаётган ишлар, камчилик ва ютуқлар, муаммолар тўғрисида фикр алмашдик. Муҳими, марказда олиб борилаётган кенг кўламли илмий асосланган тадқиқотлар жамият ривожи учун жуда муҳим экани экспертлар томонидан эътироф этилмоқда.

Семинар доирасида социология ва жамоатчилик фикрини ўрганиш, иқтисод ва сиёсатшунослик, тарих ва этнография соҳасидаги етакчи тадқиқотчи ва амалиётчилар илмий мақолаларидан тузилган “Жамият барқарор ривожланишининг асоси сифатида таълимни таркибий модернизациялаш” мавзусидаги тўплам тақдимоти ўтказилди.

Мазкур илмий-амалий семинар ҳозирги тарихий даврга хос жадал глобал ўзгаришлар шароитида мамлакатимиз таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёни таҳлилига оид қизғин мунозарага бой тарзда ўтди.

Гўзал Сатторова,

ЎзА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech