«Конституция – халқчил давлат,
барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!»
Бутун дунё мамлакатлари Конституциялари, уни қабул қилган давлатларнинг Асосий қонуни хисобланади. Унда давлат ва жамият қурилиши, инсон ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилади.
Конституциянинг келиб чиқиш тарихига назар соладиган бўлсак, адабиётларда ёзилган ва улуғ устозларимиз берган илмларга таянган ҳолда дастлаб қадимги Бобил давлатида подшо Ҳаммурапи қонунларини эслаш кифоядир. Конституцияга хос жиҳатларни ўз ичига олган ушбу қонун бундан 4 минг йил аввалги тарихга бориб тақалади.
Буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг “Темур тузуклари”ни ҳам ўз даврининг конституциявий қонуни дейиш мумкин.
Шунингдек, Ўрта асрларда яшаб ижод қилган аждодларимиздан бири хисобланган Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу билиг” асари ҳам давлат, жамият, бошқарув ҳамда инсон ҳуқуқлари, улар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормалар кўрсатилган шундай ҳужжатлар ҳисобига киради.
Дунёнинг ривожлангани сари Конституциялар ҳам ўзгартирилиб, уларга зарур қўшимчалар киритиб борилади. Бунга кўплаб давларнинг янгиланган Асосий қонунларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Чунки ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди, доимий равишда ўзгариб туради.
2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон манфаатлари устун қўйилган. Чунки Асосий қонунимизнинг бутун мазмун-моҳияти инсонга хизмат қилиш ғояси билан йўғрилган. Унда кўрсатилишича, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”.
Конституциямиз ўзининг инсонпарварлиги билан алоҳида ажралиб туради. Яъни, унда ёлғиз кексалар, меҳнатга лаёқатсизлар, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги ҳақида тегишли қоидалар мавжуд. Шунингдек, давлат ва жамият ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда етим болаларнинг таълим-тарбияси, уларни парваришлаш учун масъул экани билан боғлиқ моддалар киритилганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Мамлакатимизда дунёнинг АҚШ, Франция ва бошқа шу каби энг ривожланган давлатлари Конституциялари билан рақобатлашадиган Конституция ишлаб чиқилди, десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Аммо, Конституцияни қабул қилиш – масаланинг бир жиҳати, иккинчи асосий ва муҳим жиҳати шуки, уни ҳаётда тўғри ва аниқ татбиқ этиш шарт.
Янги таҳрирдаги Конституциямизга айрим нормаларнинг киритилиши ўта муҳимлиги билан ажралиб туради, деб ўйлайман. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тўғридан-тўғри амал қилиши масаласини олайлик. Бу борада 2023 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бош қомусимизга, шунингдек, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши, инсон ҳуқуқлари чекланиши билан боғлиқ киритилган аниқлик, “ҳурмати анча тушиб кетган” ўқитувчилар нуфузини юксалтириш билан боғлиқ нормалар, ернинг хусусий мулкка айлантирилиши, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилинганлик учун қонун асосида қатъий жавобгарлик белгиланиши, давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятидаги ўзгаришлар киритилгани жуда муҳим.
Конституцияга киритилган ушбу янги нормалар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлашга хизмат қилади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас, инсон қадри деганда биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.
Ҳуқуқшуносликда бир қоида бор: “Ким қонунларни билмаса, бу уни жавобгарликдан озод этмайди”. Шунинг учун ҳар бир инсон янги таҳрирдаги Конституциямизни қайта-қайта ўқиб чиқиб, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиб олиши мақсадга муувофиқ бўлади. Ҳар бир инсон Асосий қонунда кафолатланган ҳуқуқларидан ўз ўрнида фойдаланса, барча жойда ҳуқуқлари таъминланишига эришади албатта.
Энг асосийси, инсон ҳуқуқларини яхши билган ҳар бир фуқаро мамлакат тараққиётига, жамиятимизда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари таъминланишига ҳам катта ҳисса қўшади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 56-моддаси инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга бағишлангани бежиз эмас. Бинобарин, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи миллий институтлар ташкил этилган.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг биргина йўналиши – жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолиятига эътибор қаратайлик. Миллий марказ келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш давомида аниқланган ҳуқуқбузилишларни бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органларига тавсия ва таклифлар юбориш орқали инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари барҳам топишига изчил ҳисса қўшмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2023 йилнинг 11 ойи давомида Миллий марказга келиб тушган жами 1200 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилган. Миллий марказ томонидан киритилган 500 дан ортиқ тавсия кўриб чиқилиши натижаси бўйича 53 та мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди, 22 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишида ва қонуний манфаатларини амалга оширишда амалий кўмаклашилди.
Шунингдек, 118 та ҳолатда фуқароларга қонун ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Бундан ташқари, Миллий марказга телефон орқали мурожаат қилган 2300 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқлари борасида оғзаки ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши таъминланди.
Ўтган даврда Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими қабулида бўлган 550 нафардан ортиқ фуқародан 370 та ёзма мурожаат қабул қилинган. Бу жараёнда 180 нафардан зиёд фуқарога ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.
Шундай қилиб, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда ўз муносиб ўрни бор. Янада эътиборлиси, эндиликда ушбу институтларнинг фаолияти янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатлаб қўйилган.
Отабек НОРБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 04.12.2023
- Кўришлар: 2949
- Чоп этиш