Жорий йилнинг 4 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихига бағишланган Архив ҳужжатлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
“Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғоя асосида ташкил этилган мазкур кўргазмада Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Конституциявий суд, хорижий давлатлар дипломатик корпуслари вакиллари, Ўзбекистон Бадиий академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), Парламент тадқиқотлари институти ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мазкур кўргазмада Бош қомусимизнинг яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилиши тарихи, шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилинишига оид юзга яқин экспонатлар ўрин олган.
Президентимизнинг жорий йил 16 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани алоҳида қайд этилди.
Кўргазмали тадбирда Асосий Қонунимизнинг мазмун-моҳияти, унинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдевори, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли кафолати сифатидаги аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган Конституциямиз мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб келмоқда. Пировардида ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.
Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Барча даражадаги раҳбарлар, жумладан, депутат ва сенаторлар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этмоқда.
Муҳим ҳужжатлар лойиҳалари, чунончи, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, давлат харидлари масалаларини муҳокама қилиш жараёнида кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқда. Шу асосда давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, жамоатчилик назорати янги босқичга кўтарилди.
Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, давлат ва жамият қурилишини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берганлигини алоҳида эътироф этди.
Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Конституция билан вакиллик органлари ривожи учун янги конституциявий-ҳуқуқий макон яратилди. Мамлакатимизда миллий парламентаризм институти фаолияти самарадорлиги янада оширилди. Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари, шунингдек, ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгиланди. Илгари Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 та бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Конституциямизга асосан уларнинг сони 12 тага етди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Конституциянинг яратилиши тарихи ҳақида тўхталиб, Асосий Қонунимизда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўлида кенг кўламли улкан ишлар амалга оширилганини алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини намоён қилгани, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топгани айтиб ўтилди.
Тадбирда янги таҳрирдаги Конституциямиз олдинги Конституцияга нисбатан қарийб 65 фоизга янгиланганига урғу берилди. Жумладан, унинг моддалари 128 тадан 155 тага, нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпайди. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилди. Энг муҳими, Асосий Қонунимизда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётимизнинг турли соҳаларида кейинги йилларда рўёбга чиқарилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш бўйича стратегик мақсадлар ўз ифодасини топди.
— Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда, — деди сўзга чиққан “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов. — Зеро, мамлакатимиз 31 йил давомида босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳиятидан далолат беради. Бугунги кунда Марказий Давлат архивида Конституциямизнинг яратилиши тарихи билан боғлиқ муҳим ҳужжатлар 19 та жилдда сақланмоқда. Албатта, бу келажак авлодга тарихимизни тўла-тўкис етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда сўз олганлар Асосий Қонунимизда акс эттирилган ҳар бир янги норма жамиятимиз ва давлатимиз тараққиёти ҳамда халқимизнинг ижтимоий ҳамда бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича яқин ва узоқ истиқболдаги стратегик мақсадларни амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидладилар. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда белгилаб қўйилган халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи, деган норма асосида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилгани алоҳида эътироф этилди.
Асосий Қонунимиз биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки миллий ғурур-ифтихор, ушбу заминда истиқомат қилаётган, жинси, ирқи, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоя ҳисобланиши қайд этилди.
Тадбир якунида меҳмонлар кўргазмадаги экспонатлар, парламент кутубхонаси фаолияти ҳамда Қонунчилик палатаси музейидаги экспонатлар билан танишдилар.
- Қўшилди: 04.12.2023
- Кўришлар: 3142
- Чоп этиш