«Конституция – халқчил давлат,
барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!»
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлат ва жамият тараққиётининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб келмоқда.
Айниқса, сўнгги етти йилда мамлакатимиз ўз ривожланишининг янги ва юксак босқичига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси билан жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Халқ манфаатлари ва инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойили асосида олиб борилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизнинг Асосий қонунини ҳам ислоҳ этиш заруратини юзага келтирди. Натижада 2023 йил 30 апрелда референдум асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Бош қомусимизга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан, айниқса, эътиборга молик. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Конституциянинг Муқаддимасида Ўзбекистон халқининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига бўлган содиқлиги эълон қилинган. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги масъулият таъкидланган.
Янги таҳрирдаги Конституцияда “инсон – жамият – давлат” тамойили устувор бўлиб, инсон ҳуқуқларига оид конституциявий нормалар миқдори 3 баробар ортганини эътироф этиш керак. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид конституциявий нормалар давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар фаолиятида инсон ҳуқуқлари устуворлигини кафолатлайди.
Конституциямизнинг 20-моддасида қайд этилганидек, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Шунингдек, қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари белгилайди.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш асослари ҳам аниқ белгиланган бўлиб, бу фақатгина қонунга мувофиқ ва зарур бўлган доирада амалга оширилади. Конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш мақсадида инсон ҳуқуқлари қонунга асосан чекланиши мумкин.
Янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги мажбуриятлари ҳам кенгайтирилган. Хусусан, 54-моддада инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида белгиланган бўлса, 56-моддада давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шароитлар яратиши кўрсатилган.
Асосий қонунимизнинг 55-моддасида эса шахсларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ҳолда кенгайтирилган. Жумладан, фуқаролар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлганларидан сўнг, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилишлари мумкин.
Конституциянинг янги нормаларидан бири 57-моддада белгиланган. Унда меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани, давлат уларнинг турмуш сифатини ошириш, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган чоралар кўриши қайд этилган.
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқимизнинг фаровон турмуши, юртимизнинг тинчлиги ва ободлиги, давлатимизнинг инсонпарвар ва халқчил сиёсати кафолатланган. Бош қомусимизда белгиланган инсон ҳуқуқларига оид нормалар Янги Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Фарҳод ҲАЙИТБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент
- Қўшилди: 07.12.2023
- Кўришлар: 3160
- Чоп этиш