ЖУРНАЛНИНГ ЮЗИНЧИ ДОВОНИ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигида 1999 йилда ташкил этилган “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали юзлик довондан ошди – журналнинг 100-сони нашр этилди. Ушбу махсус сон Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланди. Шу кунларда мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги” доирасида бўлиб ўтаётган ҳуқуқий-маърифий тадбирларда журнал тақдимоти ҳам ўтказилмоқда.

Журналнинг ўзбек, рус ва инглиз тилидаги саҳифалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги ва ободлиги, давлатимизнинг барқарор тараққиётида муҳим аҳамият касб этишига доир долзарб мақолалар билан бошланади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Баҳодир Умурзоқовнинг “Конституция – ижтимоий йўналтирилган давлатимизнинг адолатли пойдеворидир” номли мақоласида Асосий қонунимизда мустаҳкамланган “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилининг мазмун-моҳияти, бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2023 йилдаги фаолияти батафсил шарҳланган.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, юридик фанлар номзоди Ҳайдарали Юнусовнинг “Мурожаат қилиш ҳуқуқининг конституциявий асослари: қиёсий-ҳуқуқий таҳлил” номли мақоласи ҳам кенг кўламли тадқиқотлар ҳамда теран мушоҳадалар асосида ёзилган. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан бир қаторда Европа, Шимолий Америка, Жанубий Америка, Африка, Осиё, араб дунёси, МДҲ ва Марказий Осиёда жойлашган мамлакатларнинг конституциялари қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қилинган. Муаллиф илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш асосида Ўзбекистон миллий қонунчилигини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича бир қатор таклиф ҳамда тавсияларни ишлаб чиққан.

Юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабаевнинг Human rights protection in new Uzbekistan номли инглиз тилидаги мақоласи ҳам долзарб мавзугу бағишлангани билан аҳамиятли. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш масалалари, инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар конституциявий нормалар асосида таҳлил қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғуновнинг Конституция Республики Узбекистан в новой редакции – основа правового государства в новом Узбекистане номли рус тилидаги мақоласида эса мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устуворлиги ва унинг олий юридик кучи сўзсиз тан олиниши батафсил ёритилган.

Махсус сонда “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги” рукнида инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият олиб бораётган нафақат ўзбекистонлик, балки хорижлик таниқли экспертларнинг ҳам мақолалари, маъруза ва интервьюлари тақдим этилди.

Жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг жорий йилнинг 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусидаги Марказий Осиё ёшлар форумидаги нутқи ўзбек ва инглиз тилларида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиёдаги вакили Матильда Богнернинг мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга оид интервьюси ўзбек ва рус тилларида журналхонлар эътиборига ҳавола қилинди.

Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькованинг “Всеобщая декларация прав человека и ее роль в условиях становления многополярного мира” номли мақоласида эса Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти, ушбу декларациядаги инсон ҳуқуқларига оид нормаларни амалга ошириш бўйича Россия Федерациясининг тажрибаси батафсил баён этилган.

Журналнинг ушбу рукнида ўзбекистонлик юрист олимлар ва тадқиқотчиларнинг ҳам долзарб мақолалари чоп этилган. Таниқли ҳуқуқшунос олим, юридик фанлар доктори, профессор Жўрабой Тошқулов ҳамда ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти амалиётчи тадқиқотчиси Бахромжон Ортиқов ҳаммуаллифлигидаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган таълим олиш ҳуқуқига доир нормаларнинг ислом давлатлари конституцияларида ифодаланиши” номли мақола шулар жумласидандир. Унда таълим олиш ҳуқуқига оид халқаро ва минтақавий ҳужжатлар, ривожланган демократик давлатлар конституциялари ва ислом ҳуқуқи нормалари билан ҳозирги замон ислом давлатлари конституциялари нормалари қиёсий таҳлил қилиниб, улар учун хос бўлган умумийлик, ўхшашлик ва ўзига хослик аниқланган. Мазкур йўналишда чуқур ва кенг қамровли илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш давр талаби экани асослаб берилган.

Юридик фанлар доктори, доцент Ўткирбек Очиловнинг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларнинг ривожланиши” номли мақоласи ҳам диққатга сазовор. Мақолада таъкидланганидек, “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига ўтиш жараёнини амалга оширишда асосий эътибор инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилмоқда. Шу боис инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўла рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотларнинг илмий асосларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга”. Муаллиф мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни батафсил таҳлил қилиш асосида муҳим таклифларни илгари сурган. Жумладан, илмий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи илмий ташкилот сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ҳузурида Инсон ҳуқуқлари академиясини ташкил этиш таклифини билдирган.

Журналнинг махсус сонида “Китоб – тафаккур хазинаси”, “Рецензия на книгу” рукнларида тақдим этилган ўзбек ва рус тилидаги тақризлар ҳам мутолаа ихлосмандларига манзур бўлишига аминмиз.

Хусусан, академик Акмал Саидовнинг “Мультиполярный взгляд на биполярный мир” номли тақризида эстониялик таниқли ҳуқуқшунос олим Рейн Мюллерсоннинг “Living in Interesting Times: Curse or Chance?” номли китобига муфассал шарҳ берилган. Китобда Ғарб ва Шарқ ўртасидаги глобал сиёсий-ҳуқуқий муносабатлар холисона ёритилганини таъкидлар экан, академик А. Саидов китоб муаллифининг маҳоратини эътироф этади: “Сўнгги ўн йилликларда дунёда содир бўлган деярли барча воқеаларни 200 саҳифага сиғдира олиш қобилияти профессор Мюллерсон ўз ишининг чинакам устаси эканидан далолат беради”.

Юридик фанлар доктори, профессор Худоёр Маматовнинг “Ўтмиш ва бугунни боғловчи кўприк” номли тақризида эса академик Акмал Саидовнинг 2023 йилда нашр этилган “Ҳазрат Занги ота” номли китоб-альбоми тўғрисида қизиқарли фикр-мулоҳазалар билдирилган. Ушбу китоб Ҳазрат Занги ота тимсолларида халқимиз тарихи, улуғ аждодларимизнинг маърифий ғоялари, истиқлол йилларида юртимиздаги муқаддас қадамжоларни обод қилиш бўйича амалга оширилган ишлар, янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳа ривожи каби кўплаб мавзулар ёритилган фундаментал қомусий асар экани эътироф этилган. Китоб муаллифининг катта ҳажмдаги меҳнати, олиб борган кенг кўламли тадқиқотлари, ҳар бир маълумотни асоси билан тақдим этгани, китобга тартиб бериш маҳорати ва унда фойдаланилган тарихий ҳамда замонавий фотосуратларга юқори баҳо берилган.

Шунингдек, журналнинг махсус сони саҳифаларидан Ш. Шералиев, М. Тажибоев, Ҳ. Тўхтаев, С. Саидова, Н. Тоиров, Р. Арслонова, Ш. Раҳимов, Т. Норбоев, Э. Ғаниев, Н. Султонов, А. Маҳамадаминов, С. Алимухамедов, С. Усманов, Б. Исломов, Ф. Қаноатова муаллифлигида ўзбек, инглиз ва рус тилида тақдим этилган мақолалар ҳам ўрин олган.

 Шундай экан, фойдали ва завқли мутолаага марҳамат! Сарфлаган вақтингиз мазмунли ва самарали ўтишига аминмиз.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech