Конституциявий-ҳуқуқий асослар соҳалар ривожига хизмат қилади

Конституция қабул қилинган сана муносабати билан турли тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида турли соҳа вакиллари иштирокида ана шундай тадбирлар ўтказилмоқда.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида “Сўз ва оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлигининг конституциявий-ҳуқуқий кафолатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда “нафрат тили” (“Hate speech”)дан фойдаланиб ташкил этилаётган ахборот урушлари, ёлғон маълумотларга қарши курашиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.  

Мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш каби конституциявий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда сўз эркинлигининг барча зарур кафолатлари ўз ифодасини топгани алоҳида эътироф этилди.  

Шунингдек, тадбирда ижтимоий тармоқлардаги “нафрат тили” нафақат ахборот урушлари, ёлғон ва туҳмат билан инсон шаъни ва қадрининг камситилишига сабаб бўлаётгани, балки давлатлараро низолар, миллионлаб инсонлар ҳаётини издан чиқариб юбораётган, миллий ва умуминсоний қадриятларни оёқости қилаётгани таъкидланди. “Нафрат тили”га қарши курашиш, интернетда бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.  

***

Қуйи палатанинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтларнинг конституциявий ҳуқуқий асослари” мавзусидаги конференция ҳам янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятига бағишланди.  

Тадбирда янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб бергани, Миллий институтларнинг ҳуқуқий асослари, уларга яратилаётган имконият ва вазифалар ҳақида сўз юритилди.  

Таъкидланганидек, Бош қомусимиз Миллий институтлар ривожида ҳам алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Конституциянинг 56-моддасида “инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади.  

Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади”, деб белгилаб қўйилди.  

98-моддасида эса Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилди. Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаши эътироф этилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech