БМТ Бош котиби: “Бугунги кунда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳурмат қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”

Женевада Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Мурожаатнома йўллади.

“Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар”. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини бошлаб берадиган ушбу машҳур ибора бундан 75 йил аввал мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганида қанчалик муҳим аҳамият касб этган бўлса, бугунги кунда ҳам шунчалик муҳим, дейилади Мурожаатномада.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси урушларга барҳам бериш, зиддиятларни бартараф этиш ҳамда дунё аҳли учун тинч-осойишта ва муносиб ҳаётни таъминлашга ёрдам берадиган ўзига хос “йўл харитаси” ҳисобланади.

Аммо, БМТ Бош котиби қайд этишича, дунё тўғри йўлдан четлаб кетмоқда. Можаролар авжига чиқмоқда. Қашшоқлик ва очлик кўламлари ортмоқда. Тенгсизлик тобора чуқурлашиб бормоқда. Иқлим инқирози инсон ҳуқуқлари инқирозига айланиб, инсониятнинг энг заиф қатламларига янада кўпроқ зиён етказмоқда.

Авторитаризм кучаймоқда. Фуқароларнинг фаоллиги учун майдон торайиб бормоқда ва оммавий ахборот воситалари ҳар томондан хуружларга дучор бўлмоқда.

Гендер тенглик амалга ошмайдиган орзулигича қолмоқда. Аёлларнинг репродуктив ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида эса чекиниш кузатилмоқда.

Бугунги кунда ҳаммамизни ҳимоя қиладиган барча инсон ҳуқуқлари – ижтимоий, маданий, иқтисодий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни рағбатлантириш ҳамда ҳурмат қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим, деб таъкидлайди Антониу Гутерриш.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси – мавжуд кескинликларни енгиб ўтишга ёрдам берадиган ҳамда дунёмиз орзу қилган хавфсизлик ва барқарорликни таъминлайдиган умумий қадриятлар ва ёндашувларни ўзида мужассам этган йўлчи юлдуздир.

Ҳозирги кунда глобал тизимларни янгилаш ва XXI асрда уларнинг янада самарадор бўлишини таъминлаш устида иш олиб бораётган эканмиз, бу борада инсон ҳуқуқлари ўзига хос ноёб ва асосий ролни ўйнаши керак.

Мурожаатнома якунида Бош котиб БМТга аъзо давлатларни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 75 йиллигига бағишланган мазкур тантаналар ва келгуси йилда ўтказиладиган Келажак саммитидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг ажралмас қадриятларига инсониятнинг содиқлигини янада мустаҳкамлаш йўлида фойдаланишга чорлади.

“Инсон ҳуқуқлари кунида мен бутун жаҳон аҳлини инсон ҳуқуқларини ҳар доим, барча учун, ҳамма жойда тарғиб этишга ва ҳурмат қилишга чақираман”, дейилади Антонио Гутерришнинг Мурожатномаси якунида.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишлаб Женева шаҳрида ўтказилган ушбу тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech