Шу кунларда бутун дунёда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги кенг тантана қилинмоқда. Ушбу муҳим халқаро санага бағишланган расмий-маданий тадбирларда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси жорий йил 10-12 декабрь кунлари Женева шаҳрида бўлди.
Инсон ҳуқуқларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган ушбу тадбирларда давлатлар ҳамда ҳукуматлар раҳбарлари, фуқаролик жамияти фаоллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, машҳур компаниялар етакчилари, пешқадам спортчилар, санъат ва иқтисодиёт намояндалари иштирок этди. Айни тадбирлар доирасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ташаббуси билан жорий йил мобайнида давом этган “Инсон ҳуқуқлари-75” кампаниясига якун ясалди.
Бундан 75 йил илгари дунёнинг барча минтақалари, турли ҳуқуқий анъаналар ва турфа маданиятлар намояндалари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ишлаб чиққан. Шу негизда 1948 йили қабул қилинган мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатда инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги эътироф этилган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қабул қилиниши – инсоният тарихидаги бемисл аҳамиятга эга улкан воқеликдир. Бинобарин, халқаро ҳамжамият илк бор ушбу Декларацияда инсон ҳуқуқлари умуминсоний, яъни барча маданиятлар, динлар ва қитъаларни бирлаштирувчи асосий қадриятларга асосланганлигини эътироф этган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк таъбири билан айтганда, бугун халқаро жамоатчилик нафақат тарихий бир Декларациянинг, балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида оламшумул аҳамият касб этган энг муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг 75 йиллигини нишонламоқда. Ушбу муҳим халқаро сана доирасида “Инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаб овоз берамиз” деган мавзуда икки қисмдан иборат тадбирлар ташкил этилди.
Хусусан, етакчилар иштирокидаги халқаро тантаналарга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Ф.Тюрк модераторлик қилди. Бу нуфузли форум давлат бошлиқлари иштирокидаги қизғин музокараларга бой бўлди.
Ўз навбатида, тўртта халқаро давра суҳбати инсон ҳуқуқлари соҳасининг муаммолари таҳлили ва истиқболи муҳокамасига бағишланди. Иштирокчилар, жумладан, Ўзбекистон делегацияси аъзолари тинчлик ва хавфсизлик, рақамли технологиялар, иқлим ва атроф-муҳит, тараққиёт ва иқтисодиётга оид долзарб масалаларни инсон ҳуқуқлари кўзгусида кўриб чиқдилар.
Жорий йилда халқаро ҳамжамият қатори халқимиз ҳам Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаётгани бежиз эмас. Чунки Янги Ўзбекистонни сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларда инсон ҳуқуқлари асосий ўринни эгаллайди.
Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатга чақирувини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келади ва “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини таъминлашга қаратилган.
Шу маънода, Ўзбекистон делегациясининг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган тадбирларда иштироки доирасидаги расмий ташрифи амалий учрашув ва мулоқотлар мисолида давом этди. Бу ўринда аввало мамлакатимиз делегацияси раҳбари А.Саидовнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Ф.Тюрк билан бўлиб ўтган учрашувини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мулоқот бошида БМТ Олий комиссари «Инсон ҳуқуқлари–75» тадбирларидаги иштироки учун Ўзбекистон делегациясига самимий миннатдорлик билдириб, халқимизни Конституция куни билан табриклади. Ф.Тюрк мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган қатъий ислоҳотларни юқори баҳолади.
БМТ Олий комиссари Ўзбекистонга жорий йил март ойидаги ташрифи якунлари бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинганидан мамнунлигини билдирди. У ўзи раҳбарлик қилаётган БМТ Бошқармаси ушбу «Йўл харитаси»да белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиш учун тайёрлигини тасдиқлади.
Ф.Тюрк юртимизга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларнинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг, бир томондан, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Бошқармаси, иккинчи томондан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа халқаро тузилмалари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётганини эътироф этди.
Ўзбекистон делегациясининг Женевага ташрифи доирасида Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия вице-президенти, Швейцария собиқ президенти Рут Дрейфус билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Жаноб Р.Дрейфус мамлакатимиз Конституциясининг янги таҳририга ўлим жазосини бекор қилиш бўйича нормалар киритилгани, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасини ўлим жазосидан ҳоли ҳудуд деб эълон қилишдаги фаол роли ва қўшма тадбирларни амалга оширишда кўрсатаётган ёрдами учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик изҳор этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.12.2023
- Кўришлар: 3150
- Чоп этиш