Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари Музаффаржон Мамасиддиқов бошчилигида академиянинг бир гуруҳ профессорлари Божхона қўмитасида бўлиб, жорий йилнинг 29 августида Давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида ишга туширилган Божхона расмийлаштируви маркази фаолияти билан танишишди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Жамоат хавфсизлиги университети вакиллари ҳамда Санъаткорлар, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Палатаси раиси ҳам танишув жараёнларида иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-122-сон Фармонида соҳани рақамли трансформация қилиш, хизматлар сифати ва тезкорлигини оширишда муҳим рол ўйнамоқда.
Фармон ижроси доирасида ташкил қилинган Божхона расмийлаштируви марказида Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш пости, “Call-марказ”, Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармаси фаолият юритмоқда.
Жумладан, Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш постида 116 нафар божхона ходимлари томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқоти чекланган ҳолда товарлар масофавий расмийлаштирилмоқда.
Ушбу божхона постида республика бўйича расмийлаштирилаётган жами декларацияларнинг 50 фоизи (кунига 3 мингта) қамраб олинган.
Божхона қўмитасининг энг сўнгги замонавий шарт-шароитлар билан таъминланган “Call” маркази эса божхона органларида мурожаатлар билан ишлаш сифатини тубдан яхшилаб, бир кунда 600 дан ортиқ мурожаатларни куну-тун қабул қилиш ва муаммоли ҳолатларни тезкор ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Божхона қўмитасида ташкил этилган муқобили йўқ яна бир марказ - Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармасида эса Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларининг божхона хизматлари билан туну-кун ўзаро тезкор маълумот алмашинуви йўлга қўйилган.
Таҳлилларга кўра, 2023 йилнинг 11 ойида расмийлаштирилган жами 1 млн.га яқин декларацияларнинг барчаси Хавфларни бошқариш тизими орқали қайта ишланиб, хавф аниқланган 60 мингга яқин декларациялар бўйича бюджетга 80 млн. доллардан ортиқ эквивалентидаги қўшимча тўловлар ундирилган.
83 фоиз декларация соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, экспорт декларацияларнинг 81 фоизи эса инсон омилисиз амалга оширилган.
Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги фаол ҳамкорликнинг янги намунаси бўлган Марказий божхона лабораторияси ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий божхона лабораторияси мақомини олган бундай лабораториялар дунё бўйлаб атиги 10 та давлатда бор, холос.
Бугунги кунда лаборатория текстил маҳсулотлари, полимер ва ундан тайёрлаган маҳсулотлар, тамаки ва никотин моддаси сақловчи маҳсулотлар, генетик модификацияланган организмлар, озон қатламини бузувчи моддалар, металл ва металл қотишмалари, алкогол маҳсулотлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир этувчи дори воситалари экспертизасини амалга ошириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланди. Бу ерда амалга оширилган экспертиза синов натижалари минтақа миқёсида тан олинади.
Олимлар божхона соҳасида қўлга киритилаётган ютуқ ва тажрибаларни фан билан умумлаштириш, тизимда хизмат қилаётган ходимларнинг амалий тажрибаларини илмий тадқиқотларга кенг жалб қилиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини беришди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВА МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИ
- Қўшилди: 14.12.2023
- Кўришлар: 3639
- Чоп этиш