Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “18 декабрь – Халқаро мигрантлар куни” муносабати билан “Хавфсиз, тартибли ва ҳуқуқий миграция бўйича глобал келишувнинг амалга оширилишига кўмаклашиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш шунингдек хорижий давлатларда банд аҳолининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда миграция масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мигрантлар ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратила бошланди.
Миграция бўйича халқаро ташкилот (IOM)нинг сўнгги ҳисобларига кўра, ҳозирда жаҳон бўйлаб 285 миллиондан ортиқ киши мигрант бўлиб, бу инсоният тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Уларнинг ўз ватанларига юбораётган пул ўтказмалари эса аксарият давлатларнинг иқтисодиёти учун хорижий инвестицияларнинг умумий миқдоридан ҳам бир неча бор салмоқлидир.
Тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритдилар. Охирги етти йилда хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилгани, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий қилингани қайд этилди. Қонуний миграцияни таъминлаш, хориждаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб борилаётгани айтиб ўтилди.
Янги таҳрирдаги Конституциясининг 23-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади, деб белгилаб қўйилди.
Айни чоғда хорижда ишламоқчи бўлган шахсларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, фуқароларнинг чет элда бўлиш даврида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича муайян ишлар қилинмоқда. Хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш, хорижда мураккаб шароитга тушиб қолган меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётир.
Шунингдек, хорижга кетиш харажатини қоплаш учун микроқарз бериш амалиёти ҳам йўлга қўйилган. Боқувчиси хорижга ишлаш учун кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими рўйхатига киритилган оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш жорий қилинган.
Президентимизнинг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, фуқароларимизни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш кўламини кенгайтириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш мақсадида доимий равишда салоҳиятли иш берувчилар билан музокара олиб борилади. Хорижда зўравонлик, мажбурий меҳнат ёки таҳқирга дучор бўлган, жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага учраган, оғир касалликка чалинган, мураккаб аҳволга тушиб қолган ватандошларимизга ёрдам кўрсатилмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия, Корея, Туркия ва Қозоғистонда 19 та ваколатхонаси ҳамда вакиллари фаолияти йўлга қўйилди. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиз, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилган.
Тадбир давомида миллий ҳамкорларни “Хавфсиз, тартибли ва ҳуқуқий миграция бўйича глобал келишув”ни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш, бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликни ривожлантириш, навбатдаги ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлаш жараёнига кўмаклашиш, Глобал келишув бўйича ҳаракатлар режасининг лойиҳасини тақдим этиш ва миграция бошқаруви борасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 95-мақсади айнан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлаш ҳамда самарали миграция сиёсатини юритишга бағишланган. Бу келгуси етти йилда ҳам хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот жиҳатидан ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш асосий мақсадлардан бўлишини англатади.
Давра суҳбатида Халқаро миграция: ўзгариб бораётган дунё тартиби ва халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан, Хавфсиз, тартибли ва ҳуқуқий миграция бўйича глобал келишув, Миграция бўйича глобал келишувнинг мақсадларига эришишга кўмаклашиш бўйича тайёрланган ҳаракатлар режаси лойиҳаси каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Тадбирда ушбу соҳада амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, Хавфсиз, тартибли ва ҳуқуқий миграция бўйича глобал келишувнинг амалга оширилишига кўмаклашиш борасида келгусидаги вазифалар бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.
- Қўшилди: 18.12.2023
- Кўришлар: 3096
- Чоп этиш