АЁЛЛАР МАМЛАКАТИМИЗДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ФАОЛ ИШТИРОКЧИСИ

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Ўзбекистон тарихида илк бор парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага кўтарилиб, қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 парламент орасида 37-ўринни эгаллади. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоиз, партияларда 44 фоиз, олий таълимда 40 фоиз, тадбиркорликда 35 фоизга етди.

Мамлакатимизда жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш ҳам доимий эътиборда. Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид йигирмадан зиёд қонунчилик ҳужжати қабул қилинди.

Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, давлат бюджетидан ҳар йили 300 миллиард сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди. Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловини қоплаб бериш тизими жорий этилиб, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки баробар ортди.

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига ижобий таъсир кўрсатмоқда ва бу борадаги ютуқларимиз халқаро миқёсда алоҳида эътироф этиляпти.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди. Унга мувофиқ, 2030 йилга келиб, барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражасида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиши учун тенг имкониятларни таъминлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, давлатнинг турли даражаларида давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишда олиб борилмоқда. Хусусан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш, аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш каби ишлар шулар жумласидан.

Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, унда хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, аёллар малакасини ошириш мақсадида олима хотин-қизлар иштирокида “PhD сари қадам” мавзусида ўқув курси, “Келажак: илмли қизлар ҳамжамияти” таълим-алмашинув дастури йўлга қўйилган. Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалалари бўйича раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятини кучайтириш бўйича ўқув курслари жорий қилинган.

Гендер тенгликни таъминлаш нуқтаи назаридан таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш керак. Яъни 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти тикланди. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга халал қилмасдан олий маълумот олиш имкониятини беради.

Гендер тенглик бўйича институционал чораларга келсак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи Хотин-қизлар, гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказ, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти каби янги тузилмалар ташкил этилди.

Мазкур барча янги институционал механизмлар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда БМТ конвенциясига мувофиқ, аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглик ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам беришнинг ягона яхлит механизмига айланиши масаланинг муҳим томонидир. Қабул қилинаётган чора-тадбирлар эса ҳудудларимиз ва хотин-қизларнинг барча тоифаларини қамраб олиши керак. Хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ глобал кун тартибининг барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш жараёнида “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини ҳисобга олган ҳолда ҳар хил камситиш шаклларига мойил бўлган хотин-қизларнинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш долзарб масаладир.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида бу борада белгиланган чора-тадбирлар ана шундай долзарб вазифаларни амалга оширишда муҳим дастуруламал бўлмоқда. Хусусан, стратегияда гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш, жамиятда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, аёлларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизмини яратиш, мазкур ишлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш вазифалари белгиланган.

Ушбу мақсадлар ижроси эса аёлларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлишига замин яратади. Қолаверса, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланиши, демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишдек эзгу мақсадларимиз рўёбига хизмат қилади.

 

Севара ИШМУРАТОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бўлим

Бошлиғи

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 16 декабрь кунги 262 (1051)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech