Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси асосида давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, бу жараёнларда инсон ҳуқуқлари тизимини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Ана шу ислоҳотларнинг муҳимларидан бири сифатида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича кўрилган амалий чораларни келтириб ўтиш мумкин.
Бу борада 2019 йилда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилди. Миллий комиссия томонидан ўтган давр мобайнида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишида миллий қонунчиликни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, ушбу йўналишлардаги мавжуд муаммоларни, уларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва тизимли ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, Халқаро меҳнат ташкилотининг 5 та конвенцияси ҳамда 1 та протоколи ратификация қилинди.
Жумладан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик белгиланди, Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди, одам савдосидан жабрланган ёки жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражада идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби белгиланди, одам савдосига оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди. Натижада болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди, тизимли мажбурий меҳнат бартараф этилди.
Ана шу саъй-ҳаракатлар туфайли Халқаро Меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилганлигини эълон қилди. Ўзбекистон АҚШ ва Европанинг Преференциялар бош тизимида “GSP+” қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Саноатга тўсиқ бўлиб турган “Cotton Campaign” коалициясининг “пахта бойкоти” бекор қилинди.
Шунингдек, АҚШ Меҳнат вазирлигининг “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари” тўғрисидаги йиллик ҳисоботида энг юқори, яъни “муҳим ўзгаришларни амалга оширган давлатлар” қаторига киритилди, 131 та давлат орасидан 4 та энг яхши давлат қаторидан ўрин олди. Ўзбек пахтаси “Мажбурий меҳнатни қўллаб ишлаб чиқарилган товарлар рўйхати”дан чиқарилди.
Бундан ташқари одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, АҚШ Давлат департаментининг Дунёда одам савдоси тўғрисидаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон алоҳида кузатув остидаги давлатлар рўйхатидан чиқарилди, 2-тоифадаги давлатлар (халқаро стандартларни тўлиқ бажариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошираётган давлатлар) қаторида қайд этилди.
Болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга барҳам берилгандан сўнг хорижий брендлар, инвесторларнинг Ўзбекистон пахта-тўқимачилик саноатига қизиқиши борган сари ортиб бормоқда. Уларнинг Ўзбекистон бозорига кириб келишлари учун барча зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиш бўйича ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Яқиндагина Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор мажлисида мамлакатимизда машҳур брендлар остида маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, брендларни жалб қилиш бўйича янгича ёндашувларни жорий қилиш бўйича вазифалар белгилаб берилди, брендлар билан ишлаётган корхоналарга қўшимча имтиёз ва кафолатлар берилиши қайд этилди.
Келгусидаги асосий вазифалар сифатида пахтани экишдан то уни тайёр маҳсулот сифатига келгунига қадар ишлаб чиқариш занжирига халқаро техник, ишлаб чиқариш, экологик ва меҳнат стандартларни татбиқ этишни йўлга қўйиш зарурати пайдо бўлмоқда.
Ушбу йўналишда алоҳида чоралар белгиланиб, бугунги кунда Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва Халқаро молия корпорацияси билан бирга “Better Work” халқаро стандартларини, шунингдек, “Better Cotton Initiattive” (BCI) ташкилоти билан ҳамкорликда "Better Cotton" халқаро стандартларини татбиқ этиш ишлари олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда болалар меҳнатига ва тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси “Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия” сифатида қайта ташкил этилди.
Комиссиянинг асосий вазифалари ва таркиби қайта кўриб чиқилди. Миллий комиссияга Олий Мажлис Сенати Раиси раҳбарлик қилиши белгиланди. Миллий комиссия таркибида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири раҳбарлик қиладиган Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири раҳбарлик қиладиган Муносиб меҳнат масалалари бўйича кичик комиссиялар ташкил этилди.
Эндиликда Миллий комиссия муносиб меҳнат тамойилларини татбиқ этиш, меҳнат соҳасида халқаро стандартларни жорий қилиш, шунингдек, миграцияга оид сиёсатни такомиллаштириш борасидаги ишларга асосий эътиборни қаратади. Ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишда кичик комиссиялар ва вазирлик ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Ишлаб чиқариш ва маҳсулот етказиб бериш занжирида халқаро стандартларнинг татбиқ этилиши пахта-тўқимачилик саноати тармоғига инвестицияларни жалб қилишга, текстил маҳсулотларимизни жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширишга, янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, Миллий комиссия Раисига Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий маърузачи вазифасини ҳам бажариш юкланди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 25.12.2023
- Кўришлар: 3524
- Чоп этиш