ЭРКИН ВОҲИДОВ – ШОИР, АДИБ, ТАРЖИМОН ВА АРБОБ

28 декабрь – Ўзбекистон Қаҳрамони,

халқ шоири Эркин Воҳидов туғилган кун

 

Мамлакатимизда халқимиз қалбидан чуқур жой олган атоқли адиб ва шоирлар, санъат ва маданият намояндаларининг улкан хизматлари муносиб баҳоланиб, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, ижодини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш юзасидан 2016 йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг қабул қилиниши мамлакатимизда адабиётга, маънавиятга бўлган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Чунки Эркин Воҳидов ХХ аср ўзбек шеъриятининг йирик намояндаси сифатида миллий адабиётимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган адибдир.

Мен севимли шоиримиз, атоқли адиб ва моҳир таржимон, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовни ўспиринлик давримда машҳур китоблари орқали, ғойибона таниганман. Кейинчалик, 1989 йилда Эркин ака “Давлат тили ҳақида”ги қонунни амалга ошириш комиссияси таркибида фаолият юритган даврда у киши билан илк бор шахсан танишиш, юзма-юз мулоқотда бўлиш имконияти туғилган.

Истиқлол йилларида Ўзбекистон парламентида ёнма-ён ишлаш асносида Эркин акани янада яқиндан билиш, ўзаро ижодий ҳамкорлик, ҳатто оилавий борди-келди қилиш бахтига мушарраф бўлдим. Бинобарин, Эркин Воҳидов мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб 20 йил давомида Олий Мажлисда самарали фаолият юритган.

Шу жумладан, устоз 5 йил – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутати, Ошкоралик қўмитасининг раиси, 10 йил – парламентнинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, бундан ташқари, яна беш йил – Олий Мажлис Сенатининг аъзоси, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси сифатида фаол иш олиб борган.

Бу даврда Эркин Воҳидов Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган парламент ислоҳотлари, хусусан, сохта вакиллик органи бўлмиш “совет”лардан замонавий профессионал парламент тизимига ўтиш, Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларга қўшилиши, халқаро парламентлараро алоқаларнинг бардавом ривожланиши жараёнларига ўз ҳиссасини қўшганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Эркин Воҳидов мустақил Ўзбекистоннинг икки ва кўп томонлама парламентлараро алоқаларининг ўрнатилиши ҳамда ривожланишида бевосита иштирок этган. Айни пайтда у Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Парламентлараро ҳамкорлик қўмитасининг ҳамраиси сифатида самарали меҳнат қилган. Ушбу нуфузли қўмитанинг гоҳ Брюсселда, гоҳ Страсбург ва Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтган халқаро анжуманларида Эркин ака ҳам моҳир парламентарий, ҳам зукко дипломат сифатидаги фазилатларини кўп бор намоён этган.

Бу ҳақда фикр юритганда, Эркин ака парламентда ишлаган даврда Ўзбекистон энг муҳим кўп томонлама халқаро шартномаларни ратификация қилганини алоҳида қайд этиш зарур, деб ҳисоблайман.

Маълумки, Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Олий Мажлисда Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тузилди. Ушбу комиссия таркибида Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов ва Иброҳим Ғафуров каби улуғ адиблар билан елкама-елка ишлаш жараёнида ўзбек давлат тилининг бу фидойи тарғиботчилари саъй-ҳаракатлари туфайли миллий қонунчилигимиз юридик тили нақадар ривож топганига қайта-қайта гувоҳ бўлганман.

Ушбу фикримнинг яққол тасдиғи сифатида биргина мисол келтираман. Одатда, кўп йиллар давомида тилимизда, шу жумладан, қонунчилик тилида муайян қотишманинг масса улушлари миқдорида қанча қимматбаҳо металл борлигини, содда қилиб айтганда, олтин ёки кумушнинг софлик даражасини билдирувчи рақамни ифодалаш мақсадида “проба” деган байналмилал сўз (полякча: proba – текширмоқ, синаб кўрмоқ) қўлланиб келинган. Масалан, “99,9 пробали олтин” деганда, олтиннинг софлиги 99,9 фоизга тенг экани тушунилган. Бундай миқдорни кўрсатувчи рақам акс этган тамғага нисбатан ҳам “проба” атамаси ишлатилган.

Ўшанда Эркин аканинг ташаббуси билан қонунчилигимиздаги “проба” сўзи “асиллик белгиси” деган ғоятда ўзбекона ибора билан алмаштирилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Эркин Воҳидовдек ўзбек тили билимдони ва сўз заргарининг тафаккури ва иқтидори, маҳорати ва тажрибаси қонун ижодкорлиги жараёнларида миллий қонунларимизнинг юридик тили сайқал топиши, том маънода ўзбекона бўлишини таъминлаш борасида ниҳоятда қўл келган.

Улуғ адиб ўзининг бутун умри давомида ватанпарварлик, халқимиз тарихи ва буюк аждодларимиздан фахр-ифтихор туйғулари мадҳ этилган шеър ва ғазаллари, достонлари, драмалари билан юртдошларимиз қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Шу маънода, аввалбошда Эркин акани китоблари орқали таниганимга алоҳида урғу берганим бежиз эмас. Эркин Воҳидов шеърлари ва достонлари, шеърий таржималари ва публицистик мақолаларини завқ билан ўқиганман, ҳозир ҳам севиб мутолаа қиламан.

Бунинг сабабини, менимча, шоир ижодидаги мавзулар хилма-хиллиги, асарларининг фалсафий мушоҳада ва қуйма ташбеҳларга бойлиги ҳамда юксак бадиий ифодасига мафтунлигим билан изоҳлаш мумкин. Негаки, Эркин Воҳидовнинг 1961 йилда нашр этилган “Тонг нафаси” илк шеърий тўпламидан бошлаб, токи Қўшиқларим сизга”, “Юрак ва ақл”, “Менинг юлдузим”, “Келажакка мактуб” китоблари, “Муҳаббатнома” ва “Садоқатнома” номли икки жилдли сайланмаси, “Палаткада ёзилган достон”, “Куй авжида узилмасин тор”, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” каби тўпламларига кирган достон ва шеърлар нодир истеъдод соҳиби қаламидан тўкилган ноёб мисралар экани яққол сезилиб туради.

Шунингдек, Эркин аканинг “Нидо”, “Лирика”, “Ёшлик девони”, “Чароғбон”, “Достонлар”, “Ҳозирги ёшлар”, “Муҳаббат”, “Тирик сайёралар” “Шарқий қирғоқ”, “Бедорлик” “Орзу  чашмаси”, “Қуёш  маскани”, “Бахмал”, “Руҳлар исёни”, “Тошкент  садоси”, “Шоиру шеъру шуур”, “Изтироб” каби ўнлаб шеърий китоблари ва публицистик асарларида Ватанимизнинг шонли тарихи, саодатли бугунги куни ва ёруғ келажаги, замондошларимиз ҳаёти, қувонч-изтироблари тўғрисидаги ҳақиқат юксак самимият ва маҳорат билан тараннум этилган.

Мисол учун, Эркин Воҳидовнинг собиқ тузум давридаёқ биргина ғазал жанри ривожини янги, янада юқори босқичга кўтариш борасида қўйган дадил қадамлари ҳар қанча эҳтиромга лойиқ. Бу жанрда улуғ шоиримиз ижод этган содда, равон, гўзал бадиий ифодаларга йўғрилган назмий намуналар ўшанда ҳам, ҳозир ҳам мумтоз шеъриятимиз мухлисларининг чанқоқ қалбларини беэътибор қолдирмай келмоқда.

Улуғ адибнинг аруз вазнида яратган ижод маҳсуллари моҳияти ва аҳамияти ҳақида, назаримда, энг холис баҳо унга замондош ва елкадош бўлган яна бир буюк ижодкор – Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов қаламига тегишлидир. Хусусан, Абдулла аканинг “...мумтоз ғазалиётимизнинг олтин эшиклари абадий бекилди, дея каромат қилишаётганда ёш авлод орасидан биринчилардан бўлиб Эркин Воҳидов арузнинг табаррук остонасида посбон янглиғ пайдо бўлди”, деб айтган самимий фикрлари Эркин аканинг адабиётимиз олдидаги хизматларига берилган том маънода юксак, холис ва энг муносиб баҳо, демакдир.

Айни чоғда, Эркин Воҳидов улкан ўзбек адиби сифатида ўлмас асарлари билан қардош халқлар адабиёти ўртасида яқин ижодий алоқа ўрнатди. Адиб асарларининг барча қардош халқлар тилларига таржима қилиниши ва уларнинг ҳам ўз шоирига айланиши замирида айнан шу омиллар турган бўлса, ажаб эмас.

Эркин Воҳидовнинг таржимонлик маҳорати тўғрисида сўз борганда, аввало, устоз таржима қилган аксарият сара асарларни аслият тилида ўқиганим учун, менда аслият ва таржима матнини ўзаро қиёслаш имкони ҳам, иштиёқи ҳам нисбатан кучли бўлган, деб ўйлайман. Хусусан, буюк немис шоири Йоҳанн Вольфганг Гётенинг бундан қарийб қирқ йил илгари ўзбек тилига илк бор таржима ва нашр қилинган йирик асари – “Фауст” фожиасининг 2015 йили “Янги аср авлоди” нашриётида “Камолот” кутубхонаси туркумида чоп этилган иккинчи нашри ҳақида ҳам айни шундай фикрни айтиш мумкин. Зеро, Гёте ижодини “Фауст” шоҳ асарисиз тасаввур этиш асло мумкин эмас.

Забардаст таржимон, устоз адиб Эркин Воҳидов бу борада улкан ва масъулиятли ишга бел боғлаб, Гёте қаламига мансуб “Фауст” асарининг биринчи қисмини 1972 йили, кейинги даврда эса иккинчи қисмини ҳам таржима қилиб, 1985 йили биринчи бор унинг иккала қисмини ягона китоб шаклида чоп эттирган. Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу асарнинг ўзбекона жаранги миллий адабиётимизда оламшумул воқеа бўлгани баробарида, китобхонларимизнинг руҳий-маънавий юксалиши йўлида муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Шу вақтдан эътиборан миллий адабиётшунослигимизда Гёте ижодини жиддий ўрганишга киришилди ва ўзбек тилига ўгирилган Гёте асарларини кенг тадқиқ этиш ишлари бошланиб кетди. Бу борада ўзбек адабиётшунослиги ва таржимачилиги ҳамда таржимашунослиги изма-из ва ёнма-ён фаолият олиб борганини қайд этиш ўринлидир. Ҳеч шубҳасиз, “Фауст” таржимаси миллий таржима назарияси ва амалиётида янги саҳифа очди.

Таниқли адабиётшунос олим ва моҳир таржимон Иброҳим Ғафуров “Фауст” трагедиясининг биринчи ўзбекча нашрига ёзган сўнгсўзида ушбу таржима миллий адабиётшунослик фанида гётешуносликнинг ривожланишида муайян ҳисса бўлиб қўшилганини эътироф этган. Устознинг фикрича, “Фауст” каби доҳиёна асарни маромига етказиб таржима қилиш учун ижодкорнинг ўзи ҳам ана шу асар даражасига мос равишда фикран ва қалбан юксалган бўлиши даркор.

Гёте “Фауст”ни ўзининг бутун ижодий ҳаёти давомида ёзгани маълум. Эркин  Воҳидов ҳам уни таржима қилишга умр бўйи ҳозирлик кўрди ва ўзбекча матн устида беш йил мобайнида шиддат-шижоатли ва қут-баракали ижодий меҳнат қилди. Эркин аканинг айрим шеърларини, айниқса, “Руҳлар исёни” достонини ўқиш давомида, чиндан ҳам, Гёте трагедиясидаги тимсоллар шоир хаёлини қанчалик узоқ давр ва нечоғлик теранлик билан ўзига мафтун этгани ярқ этиб хаёлингиздан ўтади.

Эркин Воҳидов, шунингдек, XIX аср француз адабиётининг йирик намояндаларидан бири, француз мумтоз ёзувчиси ва забардаст шоири Виктор Гюгонинг “Шоҳона ишрат” драмасини таржима қилган. Беш пардадан иборат, шеърий шаклда ёзилган ушбу романтик драма асосида буюк итальян бастакори Жузеппе Вердининг “Риголетто” шоҳ асари яратилганлиги Гюго демократик романтизмининг дунё маданиятига улкан таъсир ўтказганлигидан дарак беради.

Виктор Гюго асарлари XX асрнинг эллигинчи йиларидан бошлаб ўзбек тилига таржима қилина бошланган бўлса-да, “Шоҳона ишрат” драмасининг атоқли ўзбек адиби, устоз Эркин Воҳидов таржимаси тимсолида ўзбек китобхони ХХI аср бошида француз адибининг ижодини қайтадан кашф этди, десак, янглишмаган бўламиз. Мазкур драманинг Эркин ака томонидан амалга оширилган ўзбекча таржимаси муқаддам алоҳида нашр этилмаганини (фақат журнал саҳифаларида чоп этилганини) ҳисобга олиб, Виктор Гюго асарларининг ўзбекча таржималари тўпламида 2014 йили китобхонларимиз эътиборига ҳавола этилди.

Эркин Воҳидов машҳур рус шоири Сергей Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Бундан ташқари, у турли халқлар шоирлари, шу жумладан, Фридрих Шиллер, Иқбол, Улфат, Расул Ҳамзатов, Леся Украинка, Александ Блок асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган. Ўз навбатида, Эркин Воҳидов қаламига мансуб “Олтин девор”, “Сайланма”, “Нидо” асарлари немис, француз, рус, инглиз, урду, ҳинд, араб ва бошқа бир қатор хорижий ҳамда қардош туркий халқлар тилларида нашр этилган.

Энг муҳими, бу асарларнинг юксак маҳорат ва нозик дид билан амалга оширилган таржималари бошқа соҳалар қатори адабиёт соҳасида ҳам халқаро ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан, Шарқ ва Ғарб ўртасида адабий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро адабий таъсир муаммоларини қиёсий ўрганиш йўлида муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қарори муқаддимасида таъкидланганидек, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодий мероси чиндан ҳам ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида улкан аҳамиятга эгадир.

 

Академик Акмал Саидовнинг

“Ўзбегимнинг эркин ўзбеги” китобидан

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech