Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент шаҳридаги филиалининг профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Бахтиёр Исломовнинг ҳар учала касби – педагоглиги ҳам, олимлиги ҳам, дипломатлиги ҳам бугунги ва эртанги кун учун бирдек долзарб ҳамда муҳим. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда янги, 2024 йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилгани муносабати билан навқирон авлод вакиллари кўз ўнгида айни соҳаларнинг аҳамияти янада ортди.
Бу ҳақда батафсил фикр юритишдан олдин Бахтиёр аканинг ҳаёти ва фаолиятига дахлдор айрим муҳим маълумотларга тўхталиш ўринли, деб ўйлайман. Чунки, Париж бир кунда барпо бўлиб қолмаганидек, иқтисодчи олимнинг моҳир педагог, зукко олим ва ўз касбига садоқатли элчи мақомига етишиши ҳам ўз-ўзидан бўлмаган.
Ҳаёт йўли
1954 йил 6 январда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган Бахтиёр ака мактабни тугатиши билан илмий-маърифий соҳани танлаган – меҳнат фаолиятини 1971 йилда Тошкент электротехника алоқа институти лаборанти вазифасидан бошлаган. Ўша йилнинг ўзида Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Халқаро иқтисодий муносабатлар факультети кундузги бўлимига ўқишга кирган.
Ўз навбатида, Бахтиёр Исломов 1977 йилда Фанлар академияси Жаҳон тизимининг Иқтисод институти аспиранти, 1981 йилда Тошкент алоқа институтининг “Сиёсий иқтисод” кафедраси ассистенти, 1983 йилда Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот бўлими мудири, 1988 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Президиумининг Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, 1990 йилда ЎзФА Иқтисод институтининг етакчи илмий ходими бўлиб ишлаган.
Яхши эслайман: Бахтиёр ака 1994-1996-йилларда БМТ Истиқболли ривожланиш лойиҳасининг биринчи директори сифатида иқтисодиёт йўналишидаги вазирлик ва идоралар раҳбар шахслари малакасини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига асосли таҳлилий маълумотларни тайёрлаш жараёнларига тўғридан-тўғри раҳбарлик қилганди. Ўшанда у кишининг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида “Иқтисодий таҳлил” журнали билан ҳамкорликда Иқтисодий тадқиқотлар маркази ташкил этилган.
Бахтиёр Исломов АҚШнинг Гарвард университетида ўқиган ўзбекистонлик дастлабки уч нафар олимдан биридир.
Олим иқтисодиёт соҳасидаги илмий изланишларини амалий ва педагоглик фаолияти билан узвий боғлиқликда давом эттирган. Хусусан, 1993-1996-йилларда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори, Халқаро иқтисодий ривожланиш кафедраси асосчиси, мудири ва доценти бўлган.
Бахтиёр Исломов – иқтисодиётшунос олим
Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши мамлакатимизнинг барча интилувчан зиёлилари қатори Бахтиёр Исломовга ҳам иқтисодиётшунос олим мақомидаги фаолиятини ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолият билан уйғунликда амалга ошириш учун кенг йўл очди. Бу ўринда Бахтиёр ака 1988-1990-йиллардаёқ Ўзбекистон Фанлар академияси Президиумининг Ташқи масалалар бўлими бошлиғи сифатида илмий-ташкилий жабҳада юртимиз олимларининг хорижий ҳамкасблари билан алоқаларини ривожлантириш ҳамда илмий-техник ҳамкорлигини мустаҳкамлашда яқин кўмакдош бўлганини таъкидлаш айни муддаодир.
У 1996-2001 йилларда Япониянинг Тохоку университетида Шимолий-Шарқий Осиё мамлакатларини ўрганиш маркази профессори, Япониянинг Хитоцубаши университети Иқтисодий изланишлар институтининг профессори сифатида фаолият юритган. Дарвоқе, профессор Б.Исломов хорижнинг ана шу нуфузли университетларига таклиф этилган биринчи ўзбек иқтисодчиси ҳисобланади.
Бахтиёр ака Хитоцубаши Университетининг “Иқтисодчилар учун ягона муаллиф ёзган энг мақбул монографиялар” туркумида чоп этган китоби учун шарафли унвон билан тақдирланган бўлиб, Японияда хорижлик олимларнинг бундай юқори натижага эришиши ноёб ҳодиса саналади. Ўзбек олимининг Токиода 2001 йилда нашрдан чиққан ушбу китоби «The Central Asian States Ten Years After: How to Overcome Traps of Development Transformation and Globalisation”, деб номланган.
Бахтиёр ака 2001 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида кафедра мудири бўлган ҳамда бир муддат “Устоз” Республика фондининг ижрочи директори вазифасини бажарган. Қолаверса, Банк-молия академиясининг илмий-методик ишлар бўйича проректори лавозимида ишлаб, ана шу нуфузли таълим масканларининг амалий ва илмий-услубий фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшган.
Таниқли олим 2002 йилда машҳур хорижий профессорлар иштирокида Ўзбекистонда илк бор инглиз тилида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Бахтиёр Исломов чет элларда асарлари энг кўп нашр этилган олимлар қаторига киради. У муаллифи бўлган қарийб 250 та илмий нашрнинг 100 тага яқини хорижда – АҚШ, Канада, Финландия каби мамлакатларда чоп этилган.
Б.Исломов, жумладан, 21 та монография ва 5 та рисола, 69 та журналда чиққан илмий мақолалар, 42 та маъруза, 10 та дарслик ва ўқув қўлланмаларининг муаллифи ёки ҳаммуаллифидир. У 5 та хорижий ҳамда 6 та маҳаллий муаллифлик гувоҳномаларига эга.
Бугунги кунда профессор Б.Исломов бир қанча нуфузли Илмий кенгашларнинг аъзосидир. Шунингдек, таниқли олим “Марказий Осиё иқтисодиёти” (Москва), “Бизнес эксперт” (Тошкент) журналларида таҳририят ҳайъати аъзоси ҳамдир.
Бахтиёр ака талабчан ва меҳрибон устоз сифатида 3 нафар иқтисодиёт фанлари номзоди ва 3 нафар иқтисодиёт фанлари докторини етиштириб берган. Ўз илмий мактабини яратган фидойи олим айни вақтда 10 нафардан ортиқ DSc. ҳамда Ph.D илмий даражалари талабгорларига илмий раҳбарлик қилиб келмоқда.
Ўз касбига содиқ дипломат
Бахтиёр Исломов 1994 йилда Ўзбекистон Республикасининг БМТ бош қароргоҳидаги ваколатхонаси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Шунингдек, БМТ Тараққиёт дастурининг Макроиқтисодий таҳлил ва кадрлар тайёрлаш бўйича лойиҳаси директори бўлган.
Бахтиёр ака 2002 йилдан эътиборан том маънодаги дипломатлик фаолиятига қадам қўйган. Худди ўша йили Бахтиёр Исломов Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозимида иш бошлаган бўлса, 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган. Шунингдек, ўриндошлик асосида 2004-2008 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Белоруссиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият олиб борган.
Кейинги босқичда Бахтиёр Исломов 2008 йили – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, 2010 йили – Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси ва Европа Иттифоқи Комиссияси техник кўмаклашув дастурларининг Ўзбекистон Республикаси номидан Миллий мувофиқлаштирувчиси, шунингдек, МДҲ ташкилотидаги Миллий мувофиқлаштирувчи лавозимларига тайинланган.
Фидойи ва профессионал дипломат замондошимизнинг изланиш ва интилишлари ҳаётда ўз самарасини бермоқда. Бахтиёр Исломов Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси фахрий унвонига сазовор бўлгани ҳам бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Педагоглик – фидойилик дегани
Бахтиёр Исломов 2012 йилдан буён Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали профессори, 2013 йилдан ўриндошлик асосида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Жаҳон иқтисодиёти” кафедраси профессори лавозимларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳозирги пайтда у тадқиқотчи сифатида REBN лойиҳасида ҳам иштирок этмоқда.
Айниқса, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг проректори бўлиб ишлаган даврида жонкуяр педагог ушбу олий ўқув юртининг халқаро алоқаларини салмоқли даражада кучайтиришга эришди. Бу ерда “Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий ривожланиш” кафедрасининг биринчи мудири сифатида иш бошлагач эса, айни йўналишда илк бор илмий мактабга асос солди.
Бахтиёр ака 2013-2014 йиллар оралиғида Япониянинг Хоккайдо университетида Славян ва Евро-Осиё мамлакатларини ўрганиш марказининг таклиф этилган профессори, 2015 йилдан Япониянинг Хоккайдо университетида иқтисодиёт факультетининг таклиф этилган профессори, 2018 йилда Япониянинг Тохоку университетида Шимолий-Шарқий Осиё мамлакатларини ўрганиш марказининг таклиф этилган профессори лавозимларида ишлагани ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Бинобарин, айни йўналишдаги хизматлари билан ўзбек олими Ўзбекистон – Япония ҳамкорлиги доирасида ўзаро илмий муносабатларни ривожлантириш ишига сезиларли улушини қўшди.
Эътироф
Ҳалол меҳнат қилган инсон – эл-юртимизда доимо қадрланиб келган. Бахтиёр ака ҳамнгдек, “Устоз” Республика фондининг фахрий устози, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги аълочиси, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фахрий профессоридир.
Шунингдек, у Хоккайдо университетининг Ўзбекистондаги Фахрий элчиси, “Меценат” Халқаро академияси академиги ва "Эҳтиром нишони" совриндори ҳисобланади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Президенти кейинги чиқишларида зиёлиларимизни тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳамлашда янада фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақирди. Профессор Бахтиёр Исломов ўз шогирдлари билан бирга айни шу долзарб чорловга “лаббай” деб майдонга чиққан оловқалб ойдинларимиздандир.
Акмал САИДОВ,
академик, юридик фанлар доктори;
Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси
«Ishonch» газетасининг 2023 йил 6 январь кунги 3-4 (4912)-сони
- Қўшилди: 09.01.2024
- Кўришлар: 3299
- Чоп этиш