МАЪРИФАТ ЙЎЛИ

“Буюк маърифатпарвар боболаримиз томонидан олға сурилган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш билан бирга, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган интилишлар ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат намунасидир. Уларнинг ҳаёти ва жасорати бугунги тинч ва осойишта кунларга осонлик билан эришилмаганини эслатиб, миллий истиқлолимизни, жонажон Ватанимизни кўз қорачиғидай асрашга доимо даъват этиб туради”.

Ушбу пурмаъно ва ҳаққоний фикрлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда пойтахтимизда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табригида айтилган. Давлатимиз бошлиғи бу борада илгари сурган амалий таклифлардан бири янги, 2024 йилнинг илк кунидаёқ рўёбга чиққани – «Жадид» газетасининг дастлабки сони чоп этилгани таҳсинга сазовор.

Миллат Сардорининг табригидан келтирилган иқтибосда жадидларнинг “ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар”ни олға сургани алоҳида таъкидланиши бежиз эмас. Чунки маърифатпарвар боболаримизнинг фаолияти фақат адабиёт соҳаси билангина чекланиб қолмаган. Улар ижтимоий соҳанинг таълим ва маърифат, тарих ва тараққиёт, театр ва драматургия, санъат ва мусиқа, фалсафа ва мантиқ, миллий давлатчилик ва ҳуқуқ, табиат ва география каби деярли барча йўналишларини ривожлантириш тарафдори бўлган.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Президенти айни мавзуга 2023 йил 22 декабрда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам тўхталганди. Ўшанда Президентимиз, жумладан, шундай деб таъкидладилар:

Тарихдан маълум, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”.

Бинобарин, бугун жадидчиликнинг ҳолати ва истиқболларини ҳар томонлама чуқур ўрганишимиз лозим. Ўрганганда ҳам – фақат адабиётшунослик эмас, балки барча фанлар доирасида жадидчилик феноменининг турфа қирраларини синчиклаб таҳлил ва талқин этиш керак бўлади. Бу, ўз навбатида, бир қатор илмий-амалий ишларни бажаришни тақозо этади.

Биринчидан: “Жадидчилик луғати”ни тузиш керак. Бўлажак луғатда ушбу воқеликка тааллуқли барча, сўз, атама ва тушунчалар жамланиши ҳамда уларнинг ҳар бири аниқ илмий-назарий изоҳланиши мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан: ташкил этилажак Жадидчилик академияси халқаро мақомга эга бўлгани мақбул. Ўтган аср бошларида шаклланган жадидчилик ҳаракати нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун мусулмон олами ва туркий дунё тарихида чуқур из қолдирганлиги факти ҳам айнан шундай ёндашувни талаб этади.

Учинчидан: “Жадидчилик ҳаракатининг тарихий солномаси”ни тузиш зарур. Биргина ҳозирги Ўзбекистон ҳудудини оладиган бўлсак, ўша даврда Хива ва Қўқон хонликлари ҳамда Бухоро амирлиги сарҳадларида бу ҳаракат турли тарихий шахслар томонидан ҳар хил даврларда ва турлича шаклларда ташкил этилганини кўрамиз. Уларнинг мақсад ва интилишларида ҳам муайян фарқли жиҳатлар мавжуд бўлган. Ана шу тарихий ҳақиқатларнинг барчаси тарихий солномада ўз аксини топиши ўринли ва фойдали, деб ҳисоблаймиз.

Тўртинчидан: “Жадидчилик қомуси”ни яратиш даркор. Албатта, қомуснома тузиш тез битадиган иш эмас, балки изчиллик ва узвийликни талаб этадиган масъулиятли жараён. Ўйлаймизки, аввало, “Жадидчилик луғати” ва “Жадидчилик ҳаракатининг тарихий солномаси”ни тузиш ишлари бу борада муҳим тайёргарлик босқичлари бўлиб хизмат қилади.

Бешинчидан: жадидчилик ҳаракати намояндалари асарларининг кўп жилдлигини нашр этиш керак. Бу тўплам барча маърифатпарвар аждодларимизнинг асарларини қамраб олиши шарт. Айтмоқчимизки, “Ҳамза жадид бўлмаган” ёки “Мустафо Чўқай хоин эди” дейилгани каби ғайриилмий қарашларга аллақачон чек қўйиш фурсати етган!

Олтинчидан: барча даражалардаги таълим муассасаларида ўқитиладиган дарсликларнинг мазмун-моҳиятига жадидчилик ғояларини сингдириш лозим. Зеро, жадидчиликни алоҳида фан сифатида ўқитиш ўз йўлига, юртимиз ўқувчи ва талабалари сабоқ оладиган турли фанлар бўйича дарсликларнинг тегишли тарзда ушбу ҳаракат намояндаларига мансуб илғор фикрлар билан бойитилиши янада таъсирчан ва мақбул амалиёт бўлади, деган фикрдамиз.

Еттинчидан: жадидларнинг давлатчилик ғоялари ва ҳуқуқий қарашларини бугунги тарихий ва сиёсий воқелик нуқтаи назаридан теран ҳамда холис ўрганишимиз давр талабидир. Зотан, Президентимиз таъкидлаганларидек, ушбу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда”.

Мухтасар айтганда, биз учун жадидчиликнинг синовдан ўтган амалий тажрибаси Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни бунёд этишнинг муҳим маънавий-назарий манбаси бўлиб хизмат қилади. Чунки жадидларнинг ғоя ва дастурлари, давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Шу маънода, тараққийпарвар аждодларимизнинг илғор ғоя ва қарашларини тадқиқ этиш ва тизимлаштириш, Туркистон жадидларининг миллий давлатчилик ривожидаги ўрни ва таъсирини ўрганиш, XX асрнинг биринчи чорагида улар томонидан барпо этилган давлат тузилмаларининг қонунчилик базасини таҳлил қилиш, дунёвий, ҳуқуқий ва демократик жамият қуришга қаратилган фаолиятига тарихий баҳо бериш билан боғлиқ серқирра ҳамда кўламдор вазифалар олдимизда турибди.

 

Акмал САИДОВ,

академик

«ЖАМИЯТ» газетасининг 2024 йил 11 январь кунги 2 (873)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech