Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун деган тамойил асосида мамлакатимизда жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада ўндан ортиқ ҳуқуқий- норматив ҳужжат қабул қилингани ва амалиётга татбиқ этилгани сўзимиз исботи.
Масалан, Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади деб эълон қилинди, инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баробардан ортиққа оширилди.
Айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор кучайтирилди ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига конституциявий мақом берилди.
Яратилган имкониятлар натижасида кўплаб фуқаролар ўз ҳақ- ҳуқуқини талаб қилиб, тегишли ташкилотларга мурожаат йўлламоқда.
Хусусан, ўтган давр мобайнида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига йўлланган кўплаб мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
Масалан, М.С.га тегишли ҳақни ундириш борасида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига киритилган тавсия хатимизга биноан унга қарздордан 22,5 миллион, шунингдек, фуқаро Д.А.га 3,5 миллион сўм миқдорида алимент қарздорлиги ундириб берилди.
Бундан ташқари, Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро Д.А. нинг суд қарори асосида транспорт воситасига етказилган моддий зарар ундирилишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати бўйича суғурта компаниясига киритилган тавсия хати асосида 8 миллион 662 минг 876 сўмлик моддий зарар тўлаб берилди.
Фуқаро Ш.В.нинг турмуш ўртоғи О.В.га ногиронлик гуруҳи тайинланиши ва нафақага чиқишида амалий ёрдам сўраб йўллаган мурожаати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритилган тавсия хати асосида фуқарога иккинчи гуруҳ ногиронлиги тайинланди. «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти корхонаси фуқаро А.М.га газ истеъмоли учун ортиқча маблағ ҳисоблаган. Бузилган ҳақ-ҳуқуқини тиклашда ёрдам сўраб, Марказга йўллаган аризаси асосида Вилоят прокуратурасига тавсия хати киритилган эди.
Прокуратура органи томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, жами 960 минг сўм нореал қарздорлик бартараф этилган ҳамда хонадондаги газ ҳисоблагич янгисига алмаштирилган.
Фуқаро А.Н.ни бир гуруҳ шахслар уриб, тан-жароҳати етказган. Аммо зўравонларга нисбатан чора кўрилмаган. Марказнинг аралашуви билан вазият назоратга олиниб, иш судга оширилди. Натижада, безорилик содир этган шахсга нисбатан тегишли жиноий жазо тайинланиб, ва жабрланувчи фойдасига 3 миллион 935 минг 500 сўм зарар ундириб берилди.
Иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёл фуқаро Н.С.нинг моддий жиҳатидан оилавий аҳволи ниҳоятда оғирлиги, касаллиги туфайли рўйхатда туриши ва мунтазам равишда даво муолажалари олиб туриши лозимлигини билдириб, амалий ёрдам сўраб, ёзган мурожаати бўйича Бухоро вилояти ҳокимлигига тавсия хати асосида «Саховат ва кўмак» жамғармасидан моддий ёрдам ажратилишига эришилди.
Умуман олганда, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин ва бу ҳозирги кунда фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаат қилиш ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланганидан далолат, албатта.
Фарида ҲАҚБЕРДИЕВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси
«Ishonch» газетасининг 2024 йил 13 январь кунги 7-8 (4916)-сони
- Қўшилди: 15.01.2024
- Кўришлар: 2795
- Чоп этиш