Cенат хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қонунни маъқуллади

19-20 январь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда ўнта  қонун, шунингдек, Сенат ваколатига кирадиган бошқа масалалар кўриб чиқилди.  

Жумладан, Сенатнинг ушбу ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун маъқулланди.

Қонун муҳокамаси асносида таъкидланганидек, кейинги йилларда ички ишлар органларида хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий ҳамда жисмоний ривожланишига кўмаклашиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларида зарур ваколатлар мавжуд эмаслиги вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳимоя ордери талабларининг бажарилишини назорат қилиш юзасидан ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларининг масъулиятини кучайтириш талаб этилади.

Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасига болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганликда, жамоат жойларида тамаки ёки алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганликда, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганликда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш ваколатлари берилмоқда.

Сенаторлар фикрича, ушбу қонун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида Олий Мажлис Сенатининг 2023 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган масала атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати хабарида қайд этилганидек, ўтган йил давомида Сенат Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлари, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида акс этган устувор йўналишлардан келиб чиқиб фаолият юритган.

Жумладан, қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш, парламент назоратини кучайтириш, халқаро ва парламентлараро муносабатларни кенгайтириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўмаклашиш, халқ билан мулоқот самарадорлигига эришишда парламент таъсирини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилган.

Қонунчилик йўналишида 2023 йилда жами 91 та қонун кўриб чиқилган. Қонунларни тизимли таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш амалиёти давом эттирилиб, бир қатор қонунлар ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини мониторинг қилиш якунлари бўйича Ҳукумат олдига тегишли вазифалар қўйилган.

Парламент назорати доирасида Сенат ялпи мажлисларида 8 маротаба ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳудудлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилган.

Сенаторлар томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларни ўрганишга алоҳида эътибор берилган ҳолда, Сенат ялпи мажлислари муҳокамасига 17 та муаммоли масала олиб чиқилган ва улардан 9 таси ижобий ҳал этилган. Қолган 8 таси бўйича ҳозирги вақтда муаммоларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, бюджетни ижтимоий йўналтириш, жумладан, маблағларни ҳудудларда аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал қилишга йўналтиришда Сенат фаол иштирок этмоқда. Йил давомида Сенатнинг ҳудудларда олиб борган ўрганишлари ва унинг якунлари асосида ҳукуматга киритган таклифлари асосида жойлардаги муаммоли масалаларни (мактаб, боғча, касалхона, сувдан фойдаланиш, йўл қуриш ва ҳ.к.) ҳал қилишга умумий ҳисобда 1 триллион сўмдан зиёд бюджет маблағлари йўналтирилиши таъминланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech