24 январь – Халқаро таълим куни
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблeясининг 2018 йил 3 дeкабрдаги рeзолюциясига мувофиқ, 24 январь – Халқаро таълим куни дeб эълон қилинган.
Бу муҳим қарор халқаро ҳамжамият томонидан таълимнинг тинчлик ва тараққиёт йўлидаги аҳамияти нечоғлик юксак эътироф этилаётганининг яққол тасдиғидир. Бундан кўзланган мақсад нафақат инсониятнинг илм-маърифатга ташналигини эътироф этиш, балки дунё давлатлари ҳукуматлари ва жамиятлари эътиборини таълим соҳасида мавжуд муаммоларга, жумладан, саводсизликни бартараф этиш, турли минтақаларда яхлит таълим дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби масалаларга қаратишдан иборат.
Ушбу халқаро сана юртимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2024 йилда олтинчи бор нишонланмоқда. Зеро, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам таълим тизимига қаратилаётган эътибор изчил давом эттирилиши алоҳида таъкидлангани бежиз эмас. Бинобарин, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъбири билан айтганда, таълим олиш ҳуқуқи инсоннинг асосий ҳуқуқлари сирасига киради.
А.Гутерришнинг фикрича, таълим – жамият, иқтисодиёт ва ҳар бир инсон салоҳиятининг асоси ҳисобланади. Лекин талаб даражасида инвестиция жалб этилмас экан, ана шу салоҳиятдан ҳеч қандай фойда бўлмайди. БМТ Бош котиби айни халқаро санага бағишланган 2023 йилги видеомурожаатида уқтирганидек, инвестициялар Барқарор тараққиёт соҳасидаги 4-мақсадга эришишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, бутун дунёда пандемия инқирози оқибатлари туфайли таълим соҳасида кўплаб муаммоли вазиятлар кузатилаётган мураккаб бир даврда Ўзбекистонда ёш авлоднинг таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида диққатни тортади. Мамлакатимизда болалар ва ёшларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш жараёнлари “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади” ғояси асосида тубдан такомиллаштирилаётгани бу фикрнинг амалий ифодасидир.
Ўзбекистон Президенти эътироф этганидек, “Бугун биз мамлакатимизда миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир инсон ўз қобилияти ва истеъдодини, билим ва тажрибасини рўёбга чиқара оладиган ижтимоий давлат барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда барча куч ва имкониятларимизни ёшларимизнинг интеллектуал ва жисмоний камолоти, уларнинг сифатли таълим олиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун сафарбар этмоқдамиз”.
Айни масъулиятли жараёнда, бир томондан, БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз ушбу нуфузли ташкилотнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун ва ҳамоҳанг экани эътироф этилгани диққатга сазовор. Иккинчи томондан, 2023 йили янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда илк бор ўқитувчи мақоми алоҳида белгиланиб, таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг бош вазифалари қаторига киритилгани ҳар биримизга бемисл фахру ифтихор бағишлайди.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки давлатимиз ва жамиятимиз бутун эътиборини Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”.
Шу негизда, авваламбор, юртимизда мактабгача таълим муассасаларида мактаб ёшигача бўлган болаларнинг умумий саводини чиқариш, болаларда Ватанни севиш, у билан ғурурланиш ҳиссини уйғотиш, дунёқарашини кенгайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Сўнгги етти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 74 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллион атрофидаги бола боғчага бормоқда.
Келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғча ўрни керак. Юртбошимиз бу – жуда катта марра эканини қайд этар экан, боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича дастур қабул қилиш ҳамда боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратиш зарурлигига эътиборни қаратди.
Янги йил бошида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотларга қараганда, БМТ нинг Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингига кўра, Ўзбекистон 2023 йилда 166 та мамлакат орасида 69 ўринни эгаллаган. Буни 2022 йил билан таққослаганда, 8 поғона юқоридир. Ўзбекистонда 2017-2022 йилларда БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 10 таси бўйича кўрсаткичлар яхшиланган бўлиб, шулардан бири – 4 мақсад, яъни “Сифатли таълим билан таъминлаш” мақсади бўлиб, у ўз ичига 9 та вазифа ҳамда 6 та кўрсаткични қамраб олади.
Мамлакатимизда “Сифатли таълим билан таъминлаш” мақсади кўрсаткичлари бўйича ижобий ўзгаришлар қайд этилган. Масалан, уй хўжаликларини ўрганиш бўйича халқаро дастур – Мультииндикатор кластер кузатувлари доирасида олиб борилган тадқиқотлар соғлиғи, таълим олиши ва психологик ижтимоий фаровонлиги нуқтаи назаридан яхши ривожланаётган 3-5 ёш оралиғидаги болалар улуши 82,6 фоизни ташкил этишини кўрсатган. Бу кўрсаткич БМТ га аъзо мамлакатлар бўйича ўртача кўрсаткичга мос келади. 2018-2022 йилларда болаларнинг бошланғич таълимга бир йиллик тайёрлов жараёнида иштирок этиши 2 баробар яхшиланган.
Шунингдек, 2018-2022 йилларда таълим жараёнида зарур воситалар билан таъминланган мактаблар улуши ҳам ортган. Масалан, таълим мақсадлари учун интернетдан фойдалана олувчи мактаблар улуши 86,3 фоиздан 94,6 фоизга, компьютерлар билан таъминланган мактаблар улуши 87,3 фоиздан 97,7 фоизга, жисмоний имкониятлари чекланган ўқувчилар учун мослаштирилган инфратузилма ва материалларга эга мактаблар улуши 26,5 фоиздан 49,8 фоизга кўпайган.
Бундай салмоқли натижалар, албатта, ўз-ўзидан бўлиб қолмаган, халқона ибора билан айтганда, шунчаки осмондан тушмаган. Балки мактабларда таълим сифатини ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш энг асосий вазифалардан этиб белгилангани самарасидир. Шу негизда охирги етти йилда мактабгача таълим бўйича қамров даражасини 27 фоиздан 72 фоизга етказишга эришилди.
Таълим-тарбия соҳасида қабул қилинган дастурлар асосида кейинги вақтда 261 та янги ўрта таълим муассасасини қуриш, 2,5 мингта мактабни кенгайтириш ҳисобидан қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилганини таъкидлаш лозим.
Ўтган йили хориждан таклиф этилган 500 нафар чет тили мутахассиси мактабларимизда иш бошлади. Келгуси йилларда уларнинг сони 3 баробар оширилади. Қолаверса, 10-11-синфларда бир қатор фанларни ўқувчиларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитиш йўлга қўйилмоқда.
Таълим соҳаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 2 баробар кўпайтирилаяпти. Минг нафар тарбиячи ва ўқитувчилар хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юборилиб, ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизимини такомиллаштириш ишлари ҳам назоратда турибди.
Янада муҳими, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланди. Бу ишлар тизимли йўлга қўйилиб, замонавий мактаблар қурилмоқда, янги дарсликлар нашр этилмоқда, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил этилмоқда.
Президентимиз ишонч билан қайд этганидек, биз фарзандларимизни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз.
Бутун дунёда иқтисодиётни ривожлантиришда профессионал таълим алоҳида ўрин тутади. Бу муҳим воқеликни биргина рақам – тараққий этган давлатларда ўқувчиларнинг 75 фоизигача касбий таълим билан қамраб олинганлиги ҳам аниқ тасдиқлаб турибди.
Мамлакатимизда ушбу соҳа меҳнат бозори талаблари асосида ривожлантириб келинмоқда. Ўрта бўғин мутахассислари, асосан, икки йўналишда – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги касб-ҳунар мактаблари ва техникумлар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига қарашли мономарказларда тайёрланмоқда.
Бугунги кунда 689 та профессионал таълим муассасасида 714 та касб ва мутахассислик ҳамда 20 та “Ишга марҳамат” мономарказида аҳолига 54 та касб ва 6 та хорижий тил ўргатилмоқда. Ўқувчиларга бир вақтда ҳам ўқиш, ҳам ишлаб даромад топиш имконини берадиган “дуал таълим” шакли жорий этилган.
Шу билан бирга, соҳада муайян бўшлиқлар ҳам бор. Айрим таълим дастурлари ҳаёт талаби билан боғланмаган. Профессионал таълим мактаб ўқувчиларини ўзига жалб қила олмаяпти. Оқибатда мавжуд қувватлар тўла ишлатилмаяпти. Мономарказлар ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондирмаяпти.
Битирувчиларга малака разряди бериш жорий этилмагани сабабли улар қўшимча имтиҳон топшираяпти. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан профессионал таълим ўртасида ҳамкорлик йўқ. Чет тилларини ўргатиш ва тасдиқловчи ҳужжат бериш бўйича ишлар етарли эмас.
Президентимиз 2023 йил 4 октябрь куни профессионал таълим сифатини ошириш ҳамда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича янги ташаббуслар тақдимоти билан танишиш асносида ушбу камчиликларга ҳам эътиборни қаратди[1].
Бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этиб, касбга ўқитиш сифатини ошириш мақсадида тегишли вазирликлар томонидан ишлаб чиқилган янги таклифлар атрофлича муҳокама этилди. Хусусан, мутасаддиларга профессионал таълим тизимини ривожлантиришнинг йилма-йил дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда, жумладан:
- хорижий таълим дастурларини жорий этиш, битирувчилар малакасининг ички ва ташқи бозорда тан олинишини таъминлаш, ўқувчиларни коллеж ва техникумларга кенгроқ жалб этиш, мономарказларда касбга ўқитиш сифатини яхшилаш чора-тадбирлари назарда тутилди;
- аҳоли бандлиги энг муҳим масала эканини ҳисобга олган ҳолда, ёшларга касб-ҳунарларни туманлар ихтисослашувидан ҳамда корхоналар эҳтиёжидан келиб чиқиб, аниқ йўналишлар бўйича ўргатиш кераклигига эътибор қаратилди;
- касблар ва профессионал таълим классификаторларини босқичма-босқич янгилаб, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, профессионал таълим муассасаларини мактаб ва олий ўқув юртлари билан узвий боғлаш муҳимлиги айтилди;
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги барча касб-ҳунар таълими муассасаларини яхлит тизим сифатида мувофиқлаштириши белгиланди;
- янги ўқув йилидан ҳар бир вилоятда дунё тан олган дастур асосида касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилиб, уларнинг битирувчилари халқаро малака ва хорижий тил сертификатига эга бўлади, шунингдек, илғор касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш мезонлари татбиқ этилади;
- мономарказларда касблар иш берувчиларнинг буюртмаси асосида ўқитилади, бу битирувчиларнинг ишга жойлашишида муҳим омил бўлади.
Бундан ташқари юртимизда олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Кейинги етти йилда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари сони 77 тадан 212 тага кўпайди. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 42 фоизга ошгани ҳам, ҳеч шубҳасиз, энг муҳим ютуғимиздир.
Асосийси – рақамлар изидан қувиш эмас, балки таълим сифатини ошириш. Бу борада 40 дан зиёд олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилди, уларда трансформация офислари очилди.
Янги Ўзбекистон — инсоннинг ривожланиши ва истеъдоди қадрланадиган мамлакат. Бугун илмфан, таълим, инновация, технология ва кадрлар замонавий демократик жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Мамлакатимиз тараққиётини замон талабларига мос равишда илмфансиз тасаввур этиш қийин.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз жаҳонга фақат хомашё эмас, аввало илм-маърифат, маънавий бойлик етказиб берган не-не улуғ зотларнинг авлодимиз. Ҳеч шубҳасиз, уларга хос бўлган буюк фазилатлар, улар яратган шонли анъаналар бугун ҳам бизнинг қалбимизда, онгимизда, ҳаётимизда яшамоқда. Мен ишонаман, биз бу тарихий йўлни муносиб давом эттиришга ҳар томонлама қодирмиз. Бугунги кунда дунё харитасида тутган ўрнимиз, ўз олдимизга қўяётган жуда улкан мақсад ва марраларимиз ҳам айнан шуни тақозо этмоқда”[2].
Хулоса қилиб айтганда, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларида амалга оширилаётган салмоқли ва кўламдор ишлар бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам таълимни ривожлантириш, таълим сифатини ошириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида қаралаётганидан, янада муҳими, айни йўналишда изчил натижаларга эришилаётганидан далолат беради.
Ғулом МИРЗО
[1] Касб-ҳунарга ўқитиш тизими бўйича таклифлар кўриб чиқилди// https://president.uz/uz/lists/view/6725
[2] Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи// https://president.uz/uz/lists/view/6637
- Қўшилди: 24.01.2024
- Кўришлар: 3131
- Чоп этиш