Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Женева шаҳрида (Швейцария) “Парламентларнинг иқлим ўзгариши борасидаги ишларида жамоатчилик иштироки” мавзусида бўлиб ўтаётган семинарда нутқ сўзлади.
Парламентлараро Иттифоқ ва Парламентлараро ҳамкорликнинг халқаро тармоғи томонидан ташкил этилган мазкур анжуманда ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари, халқаро институтлар экспертлари, соҳа мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги саъй-ҳаракатлари ва тажрибаси, давлатимиз раҳбарининг ушбу йўналишдаги ташаббуслари ҳақида сўзлаб берилди. Ўзбекистон мазкур соҳада барқарорликнинг глобал мақсадларига мослашиш ва минтақада фаол етакчиликни намойиш этиш борасида муҳим қадамлар қўйгани таъкидланди.
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Конституциямизнинг янги таҳририда экологик ҳуқуқларга, фуқароларнинг нафақат қулай атроф-муҳит, балки унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумот олиш ҳуқуқига эга бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганини айтиб ўтди. Бу борада қатор қонунчилик ҳужжатлари, стратегик дастурлар қабул қилиниб, изчил татбиқ этилаётганига урғу берилди. Давлатнинг саъй-ҳаракатлари экологик мувозанатни сақлаш ва Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантиришга, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилишга қаратилгани қайд этилди.
Акмал Саидов, шунингдек, давлатимизнинг Париж битими ва бошқа халқаро келишувларга мувофиқ ўз зиммасига олган мажбуриятлари ҳақида батафсил ахборот берди.
Мамлакатимиз парламенти ва ҳукумати томонидан Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти, хусусан, экологик хавфсизлигини таъминлашдаги ишлари кенг жамоатчиликни фаол жалб қилган ҳолда амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу соҳада ёшларнинг роли, хусусан, уларнинг инновацион ғоялари ва ташаббуслари иқлим ўзгаришига қарши курашда сезиларли даражада экани қайд этилди. Бу эса, маърузачи сўзларига кўра, келажак авлод вакилларида жамият барқарор тараққиёти олдида нафақат улкан масъулият, балки инновациялар, креатив ёндашувлар учун янги имконият ҳамдир. Ўзбекистон ёшларининг иқлим бўйича музокаралар жараёнида ўз позицияси, қарашлари инобатга олинмоқда, улар Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига қарши кураш сиёсати ва ушбу йўналишдаги ҳаракатларнинг келажагини шакллантирмоқда.
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ўз нутқида айтиб ўтганидек, Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши борасида танлаган йўли жамият умумий мақсад сари бирлашса, нималарга эришиш мумкинлигидан далолат беради.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлардан тортиб, аҳолини иқлим ўзгариши масалаларида хабардор қилиш кампанияларигача келажак авлодлар учун янада барқарор ва фаровон давлат барпо этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг бу тараққиёти, маърузачи сўзларига кўра, барчамизни иқлим ўзгаришига қарши курашга ўз ҳиссамизни қўшишга ундайди. Мазкур саъй-ҳаракатларда ҳар бир қадам муҳим, дея таъкидлади Акмал Саидов.
- Қўшилди: 30.01.2024
- Кўришлар: 2647
- Чоп этиш