РАМСАР КОНВЕНЦИЯСИ – 53 ЙИЛДАН БУЁН АМАЛДА

2 февраль – Бутунжаҳон сувли-ботқоқ ерлар куни

 

“Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги  ишончли  ахборотга  эга бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир  кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда  белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Давлат  барқарор  ривожланиш  принципига  мувофиқ,  атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради”.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 49-модда

 

Янги давр ҳар бир соҳада изчил янгиликларни талаб қилади. Бинобарин, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддимасида “халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлиги” тан олиниши белгиланганини билар эдик.

Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот доирасида Конституциямиз янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва Интернетда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Референдумда қабул қилинган Асосий қонунимизда, хусусан, халқимиз халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланишига оид юридик тушунча янада аниқлаштирилди.

Яъни, Муқaддима “мамлакатимизнинг бебаҳо  табиий  бойликларини  кўпайтиришга  ҳамда  ҳозирги  ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб”, деган норма билан янада кенгайтирилди. Конституция халқаро ҳуқуқда экология ҳуқуқи ҳам инсон ҳуқуқлари сифатида эътироф этилганини назарда тутадиган илғор нормаларни ўзида жамлаган 49-модда билан ҳам тўлдирилди.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг бошқа кўплаб соҳалар қатори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам изчил иштирок этаётгани жуда муҳим. Бу ўринда БМТнинг:

  • Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси;
  • Чўлланиш ва қурғоқчилик билан курашиш бўйича конвенцияси;
  • Биохилма-хилликни сақлаш бўйича конвенцияси;
  • Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси;
  • Хавфли чиқиндиларни трансчегаравий ташиш ва йўқ қилишни назорат қилиш тўғрисидаги Базель конвенцияси каби халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган мажбуриятлар асосида амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этади.

БМТнинг Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисидаги конвенцияси (Рамсар Конвенцияси) ҳам катта эътиборга лойиқ. Чунки мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжат сайёрамизда биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади.

Конвенция (инглизча номи: Convention on Wetlands) 1971 йил 2 февралда Эроннинг Рамсар шаҳрида қабул қилинган. Шунинг учун 1997 йилдан буён ҳар йили айни санада Бутунжаҳон сувли-ботқоқ ерлар куни дунё миқёсида нишонланади.

Бу бежиз эмас, албатта. Сувли-ботқоқ ерлар – она заминимизнинг сув билан тўйинган ёки йилнинг бир қисми доимий сув билан қопланган майдонларидир.

Ушбу ҳудудларда асосан уч хил: биринчидан, сувости ўсимликлари, иккинчидан, сув юзасида сузувчи ўсимликлар, учинчидан, ботқоқ ўсимликлари ўсади. Бундай ўсимликлар қушлар учун ин ва йиртқичлардан бошпана бўлиб хизмат қилади.

Сувли-ботқоқ ҳудудлар кўпгина ноёб жонзотлар учун бошпана бўлса, бошқалари учун насл қолдириш маскани ҳисобланади. Бугунги кунда аксарият ўсимлик ва ҳайвон турлари, жумладан, йўқолиб кетиш хавфи остидаги бир қатор биологик турлар сувли-ботқоқ ерларда жон сақламоқда.

Хусусан, чучук сувли ботқоқларда ўт, ёввойи гул ва буталар, шўр сувли ботқоқларда эса қамиш, шўра каби ўсимликлар мавжуд. Сувли-ботқоқ ўсимликлари сувни ушлаб туришга ёрдам беради, бу эса маҳаллий дарёларни сув босишидан сақлайди ва сув эрозиясининг олдини олади.

Турли жониворлар ўз уяларини ботқоқли жойларда қуради. Қундуз, кийик, қоракўзан ва ондатра сувли ерларда яшайдиган сутэмизувчилар сирасига кирса, тимсоҳ, илон, тошбақа, тритон (калтакесаксимон жонивор) ва самандар (саламандра) сув-ботқоқли жойларда яшайдиган судралувчилар ва амфибияларга мансубдир. Қисқичбақа, чивин ва ниначи каби умуртқасиз жонзотлар ҳам сувли-ботқоқ жойларда яшайди.

Энг асосийси, турли қушлар, қорақулоқ ва қизил қанотли қорақулоқ сувли-ботқоқ ерлардан ин қўйиш жойи ва қўриқхона сифатида фойдаланади. Канада ғозлари, кўк турна, лочин ва бошқа шу каби кўчиб юрувчи қушлар кўпинча дам олиш учун сувли-ботқоқ жойларда тўхтайди.

Бугун 1975 йилда кучга кирган ва сувли-ботқоқ ҳудудларини ҳимоя қилиш мақсадларига йўналтирилган дастлабки глобал мазмундаги ҳужжат – Рамсар Конвенцияси қабул қилинганига роппа-роса 53 йил бўлди. Рамсар Конвенциясининг асосий мақсади бутун дунё бўйлаб барқарор ривожланишга эришиш воситаси сифатида сувли-ботқоқ ерарни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишдир.

Афсуски, Рамсар Конвенциясининг амал қилишига қарамай, 1970-2015 йиллар оралиғида ер юзидаги сув-ботқоқ ҳудудларининг қарийб 35 фоизи бой берилди. Энг ёмони, 2000 йилдан буён бу номақбул жараён янада тезлашмоқда.

 Мамлакатимиз Рамсар Конвенциясига бундан 23 йил аввал қўшилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 30 августдаги қарори бунинг учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилган.

Таҳлилларга кўра, юртимиз ҳудудидан йилига 4 миллиондан зиёд сувда сузувчи қушлар кўчиб ўтади. Мамлакатимизнинг очиқ сув ҳавзалари қушларнинг 100 дан ортиқ тури учун қиш мавсумида тўхташ жойлари ҳисобланади.

Рамсар Конвенциясига қўшилишнинг асосий шартларидан бири – ўз ҳудудида камида битта Рамсар ҳудудини яратишдир. Ҳудудни танлаш мураккаб мезонлар асосида амалга оширилади.

Рамсар ҳукумати томонидан эълон қилинган ерларни Конвенция котибияти Халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқ ерлар рўйхатига (Ramsar List of Wetlands of international Importance) киритади. Ушбу объектлар ҳолати тўғрисидаги маълумот Сувли-ботқоқ ерларни сақлаб қолиш халқаро бюроси базасида жойлаштирилади ва доимий равишда янгилаб борилади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда 170 дан зиёд мамлакат Рамсар Конвенциясига қўшилган. Халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар рўйхатига умумий майдони 255 миллион гектар бўлган 2 минг 435 та сувли-ботқоқли ҳудуд киритилган.

БМТнинг Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисидаги конвенцияси, яъни Рамсар Конвенцияси нормалари халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ҳудудларни асраш ва улардан оқилона фойдаланишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда сувда сузувчи маҳаллий ва ўтар, яъни кўчманчи қушларнинг яшаш муҳитини яхшилашга доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Юртимизда ўнга яқин сув ҳавзаси бор бўлиб, улар маҳаллий сув қушлари учун жуда катта аҳамиятга эга. Соҳа мутахассиси И.Нурметовнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг 3 та йирик сув ҳудуди Рамсар рўйхатига киритилган. Булар: Денгизкўл; Айдар-Арнасой кўллар тизими; Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборларидир.

Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборлари Қизилқум чўлининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган ҳамда қурғоқчил Марказий Осиё чўл ва ксерофит бутазорлар биогеографик минтақасида асосий сув манбалари саналади. Мазкур сув омборлари ҳудудида ботқоқлик ва кичик сув ҳавзалари мавжуд бўлиб, улар кўчиб юрувчи қушларнинг Марказий Осиёда учиб ўтиш йўлидаги муҳим тўхташ жойидир.

Хусусан, Қуйимозор сув омбори Ўзбекистонда катталиги жиҳатидан бешинчи ўринда бўлган Бухоро шаҳри ва унга яқин Когон шаҳри учун асосий ичимлик суви манбаидир. Унинг суви қўшни Тўдакўл сув омбори сувига қараганда чучукроқ. Кўлдан асосан деҳқончиликда ва қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда фойдаланилади.

Умумий майдони қарийб 32 минг гектарни ташкил этадиган ушбу сувли-ботқоқ ер майдони кўчманчи қушлар учун муҳим тўхтаб ўтиш жойи ҳисобланади. Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда бу ҳудудда қўниб ўтган қушларнинг ўртача йиллик сони 40 мингдан ортиқ.

Ушбу кўлда тахминан 229 та қуш тури, жумладан йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган оқбош ўрдак ҳам рўйхатга олинган. Биогеографик хилма-хилликни сақлаб қолиш учун айни қушларнинг 1 фоизидан кўпроғи шу маконда қишлашига шароит яратилган. Сув ҳавзаларидаги Амударё куракбуруни ва бақра балиғи эса йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда.

Сўнгги йилларда қиш мавсуми бир қадар совуқ ва қорли келмоқда. Айниқса, Айдар-Арнасой кўлларининг суви шўр бўлса-да, кейинги 56 йил давомида ўтган йили тўртинчи бор музлади.

Жиззах ҳамда Навоий вилоятлари ҳудудида мавж уриб турган “Саҳро марвариди”, яъни Айдар-Арнасой кўллари тизими ўзига хос табиати, жонли флора ва фауна олами билан ажралиб туради. Ҳозирги пайтда унинг бир учи Жиззах вилоятининг Арнасой, Зафаробод, Мирзачўл ва Фориш туманлари чўл, дашт ҳамда қиру адирлари узра чўзилиб, Навоий вилоятининг Нурота тумани ва Қизилқум чўллари узра оппоқ қор ва муз қопламаси остида ястаниб ётибди.    

Қадимда Тузкон номи билан танилган Айдар ва Арнасой кўллари бирлашиб, Айдар-Арнасой кўллари тизими номи билан аталмоқда. Ушбу кўллар катталиги бўйича Марказий Осиёда тўртинчи ўринда туради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур кўллар тизимида тўпланган сув юртимиздаги барча сув омборларидаги сув ҳажмидан икки ҳисса кўп. Айдар-Арнасой кўллар тизимининг умумий майдони 370 минг гектар, узунлиги 190 километр, ўртача кенглиги эса 21 километр. Энг чуқур қисми 30 метрни, ўртача чуқурлиги 7 метрни ташкил этади. Афсуски, кейинги вқтларда айни шу улкан сув захираси ҳам камайишга юз тутгани башорат қилинмоқда.

Олимларнинг фикрига кўра, бундан 15-20 йиллар илгари кўл ҳудудида 37 турдаги 192 мингта қуш рўйхатга олинган. Ҳозирги кунда эса сув ўтлари ва балиқлар билан озиқланадиган 20 турдаги қушлар қолган, холос. Бу қушларнинг сони ҳам йилдан-йилга камайиб, айрим турлари бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Негаки, маълумотларга қараганда, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг сув ҳажми 2006 йилда 42,1 млрд метр кубни ташкил этган. Сўнгги йилларда иқлимнинг ўзгариши ва ташқи сув манбаларидан ташланаётган чучук сув миқдорда айрим йилларда камайиши ва бошқа қатор омиллар сабаб, кўллар тизимидаги сувнинг сатҳи 2 метргача пасайиб, сув ҳажми 36,8 млрд метр кубга тушган. Шунингдек, сувнинг минераллашув даражаси ошган. 

Сув сатҳининг пасайиши натижасида қирғоқ бўйлари 15-50 метрга чекиниб, 15-20 сантиметргача, баъзи жойларда ундан ҳам кўпроқ туз қатлами ҳосил бўлган. Бунинг оқибатлари кўллар ва уларнинг атрофидаги экотизимдаги ўзгаришларда, шу жумладан сувли-ботқоқли ҳудудларнинг ўзига хос ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси тобора қашшоқлашиб боришида намоён бўлмоқда. 

Ҳукуматнинг тегишли қарори асосида Айдар-Арнасой” кўлларидан унумли фойдаланиш ва уни асраб-авайлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан Жиззах ва Навоий вилоятларининг кўллар тизимига туташ ҳудудлари хатловдан ўтказилган. Сувни муҳофаза қилиш минтақалари бўйича дастлабки электрон харита яратилган.

Жиззах вилояти ҳудудида туризмни ривожлантириш бўйича 11 та лойиҳа ишга туширилиб, ички туризм объектлари томонидан 15 млрд сўмдан зиёд маблағ ўзлаштирилган. Шунингдек, ҳудудда 2022 йилнинг баҳор мавсумида 200 гектар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиб, 2 км масофада чорвачилик билан шуғулланишни чеклаш бўйича “Экопатрул” тизими томонидан назорат ўрнатилган.

Кўллар тизими сув ҳажмини сақлаб туриш мақсадида Мирзачўл коллекторининг назорат пунктида “ақлли сув” қурилмаси ўрнатилиб, сув ҳисоби олиб борилиши йўлга қўйилган. Назорат ишлари натижасида 2022 йил давомида кўллар тизими 1 млрд 918 млн метр куб ички коллектор-дренаж сувлари билан тўйинтирилган.

Шунингдек, ташқи сув манбаларидан “Айдар-Арнасой” кўллар тизимига 2023 йил 10 феврал ҳолатига 500 млн метр кубдан ортиқ чучук сув ташланган. Келгусида кўллар тизимига ташқи манбаларидан қўшимча 1 млрд метр куб чучук сув олиш масаласи юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Ҳар йили декабрь, январь-март ойларида бу ерга 400 га яқин қуш турлари қишлаш учун учиб келади. Кўлнинг кичрайиб, минераллашиш ва тузланиш даражасининг ортиши 13 турдаги халқаро, 24 турдаги миллий “Қизил китоб”га киритилган қушларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин.    

Айдар-Арнасой кўллар тизими, одатда, аномал совуқ натижасида оқим кириб турувчи жойларда 8-10, кўлнинг ўрта қисмида тахминан 20-25 сантиметргача музлайди. Бундай кезларда кўлга элтувчи жангалзор ва қумликлар қалин қор ва музликлар билан қоплангани сабабли кўлнинг ўрта қисмига боришнинг имкони бўлмайди.    

Хўш, бу музлаш турли қуш, балиқ ва бошқа ҳайвон турларига қанчалик таъсир қилади? Ушбу жонли фаунани асраб қолиш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?    

Айрим маълумотларга қараганда, ҳаво ҳароратининг совуқлиги, қалин қор, музликларга қарамасдан, бу ерда зарур биотехник тадбирлар ўтказилмоқда. Кўлдан йилига 4 минг тонна балиқ овланади. Яқин келажакда Айдар-Арнасой кўлларида тадбиркорларни жалб қилган ҳолда балиқ етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш режалаштирилган.

Бу борада Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича қабул қилинган дастур алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, кўллар тизими қирғоқлари бўйидаги 800 гектар ерда дарахт ва буталар экилмоқда. Куз фаслида бу ерда кўплаб дарахт ва бута кўчатлари экилмоқда. Бинобарин, Айдар-Арнасой кўллар тизими ўша ҳудуддаги табиат мувозанатини сақлаб туришда жуда қўл келади.

 Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қиш фаслида юртимизнинг айрим минтақаларида тунда ҳарорат –18, баъзи жойларда –20 даражагача совиб кетади. Бунинг оқибатида озуқа топа олмаган қушлар, ҳайвонларнинг очликдан совуқда музлаб қолиши ва нобуд бўлиши ҳоллари ҳам кузатилади.

Шунга қарамай, жониворларни, жумладан, юртимизга олис ўлкалардан паноҳ истаб келган ўтар қушларни асраб қолиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Зеро, жонли наботот ва ҳайвонот дунёси омон қолишига кўмаклашиш инсонга хос эзгу фазилатдир.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech