3 февраль – Бутунжаҳон беадаб сўзларга қарши кураш куни
Яқинда интернетда ғалати маълумот пайдо бўлди. Эмишки, “Сўкиниб гапирадиган эркаклар, сўкинмайдиганларга қараганда узоқроқ умр кўради. Сабаби, улар стрессни ичларига ютмай, сўкиниб чиқариб юборар экан”.
Албатта, камина аъзоси бўлган онлайн-гуруҳда бу борада дарҳол тарафма-тараф қизғин баҳс бошланиб кетди. Мен эса айни ўша каналнинг (@PATRUL_UZ) шу мавзудаги олдинги хабарларини кўздан кечиришга киришдим.
- 2023 йил 1 октябрдаги маълумот: “Сўкиниб гапирадиган инсонларни ДНКлари ўзгариб кетар экан”;
- 2023 йил 1 августдаги маълумот: “Сўкинадиганлар кам умр кўриши мумкин. Сабаби кўп сўкинадиган эркакларда психологик асабийлашиш оқибатида кўп касалликлар келиб чиқиши айтилмоқда”;
- 2023 йил 1 апрелдаги маълумот: “Бетартиб, тез-тез сўкинадиган ва кўпинча кеч қолиб келадиганлар – ақлли одамлардир. Олимларнинг таъкидлашича, ақл даражаси юқори бўлган одамлар бошқаларни безовта қиладиган одатларга эга”;
- 2022 йил 14 январдаги маълумот: “Сўкинадиган эркаклар узоқ яшайди...”
Эътибор беринг: 2024 йил январида ушбу интернет-каналда берилган айни мавзудаги маълумот бундан роппа-роса икки йил олдингиси билан деярли бир хил мазмунга эга. Демак, 2024 йил апрель, август, октябрь ойларида ҳам ўтган йилнинг шу даврларида эълон қилинган маълумотлар такрорланиши эҳтимолдан холи эмас.
Интернетда бир-бирини инкор этадиган бундай маълумотлар муайян мунтазамликда тарқатиб турилишидан кўзланган мақсад нима? Билмайман. Айни мақолам ҳам буни билиш ва билдириб қўйиш ҳақида эмас, балки шунчаки сўкинишнинг олдини олиш, беадаб сўзларга қарши кураш мавзусига бағишланган.
Беадаб сўзлар ижтимоий ҳаётимиздаги барча муҳим мезонлар – жамиятнинг ҳуқуқий, маънавий, ахлоқий ва диний асосларига хилофдир. Шунга қарамай, одамзот кўп ҳолларда ёмон сўзларни айтишдан ўзини тия олмайди.
Бир киши умри давомида ўртача 230 минг мартагача беҳаё, дағал ва ҳақоратли сўзларни ишлатар экан. Бу – инсоннинг 75 ёшга киргунига қадар кунига тахминан 10 марта сўкиниши, деганидир.
Бундай пайтда тилнинг зарари ва хатари улкан бўлиб, у инсонни ваҳший йиртқичдек жароҳатлайди, илондек заҳарлайди, оловдек ёндиради. Қилич билан берилган жароҳат шифо топиши мумкин, тилнинг жароҳатига эса даво йўқ.
Шу маънода, ҳар йили 3 февралда Бутунжаҳон беадаб сўзларга қарши кураш куни кенг нишонланиши бежиз эмас. Ушбу халқаро санани нишонлашга сабабчи омилларнинг тарихи олис мозийга бориб тақалади.
Масалан, “My-calend” сайти маълумотларига қараганда, беадаб сўз ва ибораларнинг кўплиги бўйича инглиз тили – биринчи, голланд тили – иккинчи, рус тили – учинчи ўринда туради. Ҳатто, русларнинг қайин пўстлоғига битилган XII асрга мансуб тарихий ёрлиғида беадаб иборалар учрар экан.
Афсуски, бу борада ўзимизнинг ўтмишимизда ҳам вазият унчалик қойилмақом бўлган эмас. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим).
Ушбу ҳадисдан инсон камолотга етиши учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади. Бошқа аъзоларга нисбатан тил орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик, масхара, сўкиш, беҳаё сўзлар, сирни очиш каби гуноҳлар ва озорлар кўп содир бўлади. Шу боис баъзида жим туриш, сукут сақлаш билангина тил хатаридан нажот топиш мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, беадаб сўзларни кўп ишлатадиган одамларда:
биринчидан, мия фаолияти сусайиши кузатилади, чунки сўкиниш ва ҳақоратлаш ҳар доим босиқ мулоҳаза юритиш ҳамда мантиқли фикрларни ўйлаб топишдан кўра осон бўлиб, бош қотиришга ҳеч қандай ҳожат қолмайди;
иккинчидан, нутқ маъно-мазмуни саёзлашиб кетади ва атрофдаги тингловчиларга манзур бўлмайди, ҳатто уларнинг нафратини қўзғайди;
учинчидан, беадаб сўзлар учун қонуний жавобгарлик юзага келади.