Маданий дипломатиянинг ёрқин муваффақияти

Озарбайжон Республикасининг маданият ва спорт соҳасидаги ташаббуслари, маданий дипломатиясининг муваффақияти халқаро тадбирлар, маданий ҳамкорликлар билан мустаҳкамланган бой тарих ва меросга асосланган. Бу бутун дунёда бирдамлик муносабатлари жозибадорлигини тарғиб этиш ва зиёли қатлам орасида халқлараро дўстликни ривожлантиришга хизмат қилади. Шу маънода ўзбек ва озарбайжон халқларини асрлар мобайнида шаклланган мустаҳкам қардошлик ва биродарлик ришталари, маданият, тил, дин ва урф-одатларнинг яқинлиги, маънавий қадриятлар чамбарчас боғлаб туради.

Айниқса, 2023 йилнинг 24 ноябрь санасида Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг расмий учрашувида 2024 йилнинг мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни жадал ривожлантириш йили, деб эълон қилингани ҳамкорликнинг янги уфқларини очиб бериш баробарида, икки қардош миллатнинг бир-бирига яқинлашувига мустаҳкам бир кўприк бўлди.
24-26 январь кунлари мана шу ҳамкорликка янги қадамлар сифатида Боку шаҳрида “Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари” ўтказилди ва мамлакатимиздаги таниқли фан, санъат ва адабиёт намояндаларининг бир гуруҳи Озарбайжонда бўлиб қайтди. Ташрифнинг илк куни делегациямизни Озарбайжон Миллий Мажлиси Спикери Соҳиба хоним Гафарова қабул қилди.

Жуда гўзал тарзда ташкил этилган “Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари” давомида дастурда кўзда тутилган тадбирлар доирасида парламентлараро ҳамда фан соҳасида, ёзувчилар, рассомлар, газета, журналлар ўртасида ҳамкорликлар ўрнатиш, санъат ва маданият ходимлари билан йигирмадан ошиқ икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.

Жумладан, Бокунинг энг диққатга сазовор масканларида тўртта катта тадбир уюштирилди. Ҳайдар Алиев марказида Маданий мерос бўйича 80 жилдлик мажмуа тақдимоти, Фузулий номидаги Қўлёзмалар Институтида “Маданий меросимиз Озарбайжон музейи ва кутубхоналарида” махсус томини топшириш ва энг ҳаяжонлиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан чоп этилган 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламининг тақдимотлари ўтказилди. Боку Дав­лат университетида Озарбайжон илмий жамоатчилиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирларда Ўзбекистон делегацияси билан бирга Озарбайжон Ёзарлар бирлигининг раиси, атоқли ёзувчи Анар Рзаев, унинг ўринбосари Салим Бабуллаўғли, шоир, ёзувчи, журналистлардан Фахреддин Мейданли, Яшар Қосим, Гуламаил Мурад ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни чуқурлаштиришда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг тутган ўрни ва бу борада самарали фаолият кўрсатаётган озарбайжонлик олимлар ва тадқиқотчиларга Бутунжаҳон жамияти номидан ташаккурномаларни топширдик. Шунингдек, Озарбайжон ва Ўзбекистонда бугунги кунда амалга оширилаётган юксак маънавий ва маданий ислоҳотлар, улуғ ишлар, шунингдек, кундан кунга мустаҳкамланиб бораётган адабий алоқалар ҳақида батафсил маърузалар қилинди.

1100 нафар муаллифни қамраб олган “Туркий адабиёт дурдоналари” адабий тўплами жаҳоншумул бир воқеа бўлди. Ушбу 100 жилдлик асарлар мажмуасини тайёрлашда 200 дан зиёд таржимон қатнашди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан яна элликка яқин адабиётшунос ва матншунос олим, адиб, муҳаррир ва рассомлар нашрга тайёрлаш, чоп этиш ишларига кенг жалб этилди. Мажмуа чин маънода халқаро лойиҳа бўлди, деб айтиш мумкин.

Тақдимот маросимида Ўзбекистонда янги таъсис этилган “Jadid” газетаси ҳақида ҳам сўз борди. Йиғилганларга ушбу газетанинг концепцияси, унинг ўз олдига қўйган вазифалари хусусида Ўзбекистон Халқ шоири, “Jadid” газетаси бош муҳаррири Иқбол Мирзо сўзлаб берди. Йиғилганларни қизиқтирган саволлар бўйича мулоқотлар бўлиб ўтди. Таниқли санъаткорлар Фарруҳ Зокиров, Рамиз Усмонов, Озода Нурсаидова, Моҳичеҳра Шомуродоваларнинг дилтортар қўшиқ­лари озарбайжон-ўзбек санъатининг ҳамоҳанглигини намойиш этди.

Озарбайжон Миллий кутубхонасига, Фузулий туманидаги Мирзо Улуғбек номли янги мактабга, Озарбайжондаги элчихонамиз кутубхонасига “Туркий адабиёт дур­дона­лари” маж­муаларини тақдим этдик.

Бундан ташқари, анжуман доирасида турли кўргазмалар ташкил қилинди, адабий алоқалар, кино санъатида, умуман, биргаликдаги маданий ҳамкорлик масалаларида фикр алмашилди. “Нуронийлар” жамиятлари ўртасида,  Мақсуд Шайхзода ҳақида бадиий фильм яратиш бўйича эса икки давлатнинг кинематография ташкилотлари билан ҳамда ЎзФА Астрономия институти ва Боку давлат университети ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шунингдек, жадидлар меросини ўрганиш ва бошқа масалаларда Фанлар академияси ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликка оид ишлар режалаштирилди.

Бокуда ўтган дўстлик кунлари, маънавият  анжумани том маънода икки қардош халқнинг ўзаро эҳтиром ва ҳурматига лиммо-лим тарзда якун топди. Ўйлайманки, бу қардошлик тадбири ўзаро муштарак мақсадларни амалга ошириш, қондошлик ришталарини мустаҳкам боғлашга илҳом ва куч беради.

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси

«Jadid» газетасининг 6-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech