ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ МАРКАЗИ – 2023 ЙИЛДА

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқ қолинган ҳолда, инсон қадри ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш Янги Ўзбекистон сиёсатида марказий ўринни эгалламоқда. 2023 йилда ҳам мамлакатда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқариш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро стандартларни, БМТнинг устав органлари ва шартномавий  қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини қарор топтириш бўйича кенг кўламли ишлар давом этмоқда.

2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баравардан ортиққа оширилди. Жумладан, Асосий қонунимизнинг 20-моддасига биноан: “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат  органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. Конституциявий шикоят институти конституциявий даражада мустаҳкамланиб, фуқаролар Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Жаҳон мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми конституциявий даражада таъминланди.

Мамлакатимизда қабул қилинаётган стратегия, концепция ва дастурларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, халқпарвар давлатчиликни қарор топтириш орқали инсон қадрини юксалтиришга қаратилди.

Биринчидан, Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон—2030” стратегияси БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳангдир. Бу борада амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация бўйича ислоҳотларда “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини таъминлашга қаратилган инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш масаласи асосий ўринни эгаллайди.

Иккинчидан, Янги Ўзбекистонда 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси фаол амалга оширилмоқда. Ўтган йил март ойида аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни назарда тутувчи муҳим қонун қабул қилинди. Оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди.

Учинчидан, 2023–2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва Ҳаракатлар дастури амалиётга татбиқ этилмоқда. Ушбу дастурий ҳужжатларда чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, тергов судьяси институтини жорий этиш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш принципини ҳаётга татбиқ этиш ва судьялар ҳамжамияти органларининг ролини ошириш чора-тадбирлари кўзда тутилган.

Тўртинчидан, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланди.

Миллий таълим дастури тадбирларини ижро этиш доирасида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Aёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув ва махсус курслари жорий қилинмоқда. Имконияти чекланган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича қўлланмалар ва рисолаларни доимий равишда чоп этиш йўлга қўйилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим электрон платформаси ишга туширилди.

Бешинчидан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 12 майдаги Фармони асосида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш бўйича халқаро кампанияда Ўзбекистон фаол иштирок этди. Миллий тадбирлар дастури доирасида фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси нормалари тўғрисидаги билимларини ошириш, ёшлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ишлари бу борада катта аҳамият касб этди.

Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини шакллантириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни давлат органларининг, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига жорий этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Нельсон Мандела қоидалари қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётга татбиқ этилмоқда.

БМТнинг устав органлари ва шартнома қўмиталари тавсияларига кўра, “Омбудсман плюс” модели асосида миллий превентив механизм такомиллаштирилмоқда. Омбудсман, Болалар омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Бизнес-омбудсманга жазони ижро этиш муассасаларини мониторинг қилиш ваколати ҳам берилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг бажарилиши Миллий марказ томонидан ҳар чоракда мониторинг қилиб борилади. Шу маънода, 2024 йил 5 январь ҳолатига кўра, Миллий стратегиянинг жами 78 та бандидан 67 таси бўйича ижро муддати якунланганини қайд этиш айни муддаодир.

Бошқача айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ҳозирги вақтга қадар 85 фоиз бажарилди. Хусусан, 2023 йилда Миллий стратегия доирасида 10 та қонун, Президентимизнинг 7 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори қабул қилинди.

Шу билан бирга, Миллий стратегияда белгиланган вазифаларни амалга оширишда айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Жумладан, Миллий стратегия доирасидаги тадбирлар ижроси муддатларининг чўзиб юборилиши ҳамда ишлаб  чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бугунги кунга қадар қабул қилинмаганлиги ҳолатлари мавжуд.

Миллий марказ Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ижросини таъминлашни нафақат мониторинг қилмоқда, балки айни жараёнларда бевосита иштирок ҳам этмоқда. Масалан, 2023 йил давомида манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолияти ривожлантирилмоқда. Ўтган йили инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларга оид 14 та тўплам чоп этилди.

Бугунги кунга қадар БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига Ўзбекистон Республикасининг 46 та миллий маърузаси тақдим этилган. Миллий маъруза лойиҳалари халқаро-ҳуқуқий амалиётга мувофиқ ҳамда миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатларда ва тартибда тайёрланади.

Шу маънода, 2023 йилда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлари бажарилиши бўйича 4 та миллий маъруза манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда тайёрланиб, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим этилди.

Хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича маърузаларнинг таркибий қисми бўлган Ўзбекистон Республикасининг умумий асосий маърузаси тайёрланди. Умумий асосий маъруза 2023 йил 30 май куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва БМТ тегишли қўмиталарига тақдим этилди.

Умумий асосий маърузада Ўзбекистон ҳақида умумий маълумот, давлатнинг демографик, иқтисодий, ижтимоий ва маданий хусусиятлари, геосиёсий хусусиятлари, тарихий маълумотлар, аҳоли, иқтисодиёт, шунингдек, давлатнинг конституциявий, сиёсий ва ҳуқуқий тизими, қонун чиқарувчи орган, Президент, ижро этувчи ҳокимият, суд ҳокимияти тўғрисидаги маълумотлар ўз ифодасини топган.

Шунингдек, 2023 йил 28 июлда Миллий марказ томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Биринчи миллий маърузаси тайёрланиб, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига тақдим этилди.

Бундан ташқари, Универсал даврий ҳисобот доирасида Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий ҳисоботи 2023 йил 7 август куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этилди. Ўтган йил 8-10 ноябрь кунлари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 44-сессиясида Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий ҳисоботи кўриб чиқилди.  

Ўтган йили БМТ Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенция бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг Олтинчи миллий маърузаси ҳам тайёрланди. Маърузани тайёрлашда 35 та вазирлик ва идора ҳамда 10 дан ортиқ фуқаролик жамияти институти вакиллари фаол иштирок этганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Миллий маъруза 2024 йил 4 январида БМТнинг Қийноққа қарши қўмитасига тақдим этилди.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини амалга ошириш мақсадида манфаатдор давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг 2 та миллий ҳаракатлар режаси лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилди. Бу борада, шунингдек, Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган 5 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси мониторинг қилинди.

Миллий ҳаракатлар режаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва ҳуқуқий амалиётни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги статистика тизимини, инсон ҳуқуқларини таъминлаш механизмини ривожлантириш каби тадбирлар ўз ифодасини топган.

Ўтган йилда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида қабул қилинган қонунларнинг юртимиз ҳудудларидаги ижроси мониторинг қилинди. Бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тегишли давлат органларига тақдим этилди.

Мисол учун, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларининг бажарилиши устидан жамоатчилик мониторингини ўтказиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Самарқанд шаҳридаги халқаро аэропорт, темир йўл вокзали ҳамда автобус бекатларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит нуқтаи назаридан яратилган қулайликлар ўрганилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалардан келиб тушадиган индивидуал мурожаатлар Президентимизнинг тегишли Фармони билан тасдиқланган “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 4-бандига мувофиқ кўриб чиқилади ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг расмий жавоби тайёрланади.

Бинобарин, 2023 йилда Миллий марказ томонидан манфаатдор давлат органлари билан ҳамкорликда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасидан келиб тушган жами 6 та индивидуал хабарнома кўриб чиқилди. Улардан тўрттаси юзасидан мурожаатларни қабул қилиш мумкин эмаслиги,  қолган иккита хабарномани мазмунан кўриб чиқиш ҳақида жавоблар тайёрланди.

Ўтган йили Миллий марказга жами 1 минг 430 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2022 йилдаги мурожаатларга қараганда 9,9 фоиз кўпдир. Мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилган, шундан 129 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Мониторинг натижаларига кўра, ўтган йиллардаги каби 2023 йилда ҳам одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки  тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулк ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлар кўп тушган.

Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2023 йил давомида 400 дан ортиқ тавсия тақдим этилган. Уларнинг кўриб чиқилиши натижасида 25 та мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган, 62 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари тикланишида ва қонуний манфаатларининг амалга ошишида амалий кўмаклашилган, 129 та ҳолатда фуқаролар билан қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилган.

Шунингдек, 2023 йил давомида Миллий марказ қабулхонасида жами 500 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинган. Бундан ташқари, телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 2 минг 800 нафардан зиёд фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифаси бўйича амалга ошираётган ишларимиз кўлами ортиб бормоқда. Жумладан, 2022 йилда Миллий марказ томонидан жами 95 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган бўлса, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 87 тани ташкил этди. Айниқса, 70 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат project.gov.uz портали орқали экспертизадан ўтказилганини алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқдир.

Миллий марказ ўтган йилда 41 та қонун, Ўзбекистон Президентининг 5 та фармони ва 7 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 14 та қарори ва 1 та фармойиши, 2 та идоралараро буйруқ лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказган. Бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг 36 тасини такомиллаштириш бўйича 100 дан ортиқ таклиф билдирилган.

Миллий марказ бир қатор қонун лойиҳаларининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нормаларга мувофиқлиги юзасидан хулосалар берган. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар ҳам тайёрланган ҳамда тегишли тартибда тақдим этилган.

Янада муҳими, 2023 йилда Миллий марказ ташаббуси билан бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тайёрланди. Хусусан, 3 та қонун лойиҳаси, Президентнинг 2 та фармони ва 1 та қарори лойиҳалари шулар жумласидандир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1841-моддасининг Ўзбекистон Конституциясига мувофиқлигини кўриб чиқиш юзасидан мурожаат тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига тақдим этилди. Мазкур мурожаат Конституциявий суд томонидан ўрганилган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг миллий тизими самарадорлиги қуйидаги йўналишларда амалга оширилаётган тадбирларга боғлиқ:

  • инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича ҳамкорлик;
  • инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш бўйича ҳамкорлик;
  • инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги вазиятнинг давлат ва жамоатчилик томонидан самарали мониторинг қилиниши;
  • Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш йўналишида ҳамкорлик;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича ҳамкорлик;
  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотларга маслаҳат бериш функциясини амалга ошириш ва уларга амалий кўмаклашиш;
  • инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш ва бошқаларда ҳамкорлик;
  • инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга оширишда ҳамкорлик;
  • инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари ваколатларининг самарали амалга оширилиши;
  • фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва тўғри ҳал этиш, уларнинг ҳуқуқларини бузганликда айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш.

2023 йилда Миллий марказ юқоридаги йўналишларда турли давлат органлари билан ҳамкорликни амалга оширди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани), Бизнес омбудсман, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қамбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Миллий марказ фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш бўйича қонун лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш бирга, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича эшитувларни ташкил этишда қатнашиб келмоқда.

2023 йилда Миллий марказ Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича миллий маърузалар, миллий ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш масалалари бўйича ахборот ва маълумотларини тақдим қилди ҳамда уларнинг муҳокамасида иштирок этди.

Миллий марказ 2023 йилда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига кўмаклашишга қаратилган қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари мулоҳаза ва тавсияларини амалга ошириш юзасидан миллий маърузаларни, миллий ҳаракатлар режалари лойиҳаларини тайёрлаш, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши ҳолатини жойларга чиқиб ўрганиш ишларида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилинди.

Миллий марказ фуқаролик жамияти институтлари билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича давлат органлари ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учун ўқув семинарлари ва тренинглар ташкил қилишда ҳамкорлик қилмоқда

Миллий марказ айни ишларни амалга оширишда қуйидаги жамоат ташкилотлари билан ҳаморлик қилганини қайд этиб ўтиш мумкин: Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти, “Истиқболли Авлод” ННТ, “Мадад” ННТ, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, “Ниҳол” Ташаббусларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш маркази, “Соғлом авлод учун" ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти, Меҳрибонлик” Ногиронлар ўзаро ижтимоий ёрдам жамияти, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази, “Inklyuziv hayot” Ногиронлар жамоат бирлашмаси, “SОS” Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси, “Меҳрибонлик” Ногиронлар ўзаро ижтимоий ёрдам жамияти, “Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази” ННТ, “Тараққиёт” стратегияси маркази, Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси, “Шароит плюс” ННТ, “Millennium” ННТ ва бошқалар.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларини тайёрлашда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки билан бирга фуқаролик жамияти институтларининг муқобил маърузаларни тайёрлашини олқишлайди. Чунки бу инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилишига доир маълумотларнинг ишончлилик даражасини оширади ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётидаги роли ва ўрни ортиб бораётганидан далолат беради.

Миллий марказ нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда муқобил маърузаларни тайёрлашнинг методикасига бағишланган семинар-тренингларни ўтказишда иштирок этмоқда.

Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик турли шакл ва тартибда амалга оширилмоқда. Миллий марказ 2023 йилда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органлари билан самарали ҳамкорлик қилди. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари, махсус тартиблар (процедуралар) ва ихтисослашган органларни ўз ичига олади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТнинг халқаро пакт ва конвенцияларига мувофиқ тузилган шартномавий қўмиталар (БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмиталари) давлат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни халқаро инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар қоидаларига мувофиқлигини солиштириш орқали назорат фаолиятини амалга оширади.

БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига мунтазам ҳисобот бериш (миллий маърузаларни тақдим этиш) жараёни давлатлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мақсадларга эришишда конструктив ва истиқбол учун муҳим восита ролини бажаради.

Таъкидлаш жоизки, давлатларда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича ахборот алмашинуви БМТ органлари томонидан миллий маърузаларни кўриб чиқиш билан чекланмайди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш бўйича давлатларнинг амалий ҳаракатлари тўғрисида маълумотларни турли воситалар ёрдамида олиш орқали халқаро шартномаларнинг бажарилиши устидан халқаро назорат мунтазам равишда амалга оширилади. Бунда маълумотлар фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим қилинадиган муқобил маърузалар, оммавий ахборот воситалари, тадбирлар, ташрифлар ва бошқа воситалар орқали тўпланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳар йили инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тузилмалардан сўровлар олади ҳамда уларга жавоблар юборади. Бундай сўровлар минтақавий тузилмалар, шунингдек халқаро ноҳукумат ташкилотларидан ҳам келиб тушмоқда.

Миллий марказ фаолиятининг энг муҳим йўналиши инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлаш учун жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришга, инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашишдан, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказишдан, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга йўналтирилган миллий дастурлар ва ҳаракат режаларини ишлаб чиқишдан иборат.

Миллий марказ 2020 — 2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга оширишда фаол қатнашмоқда.

Миллий марказ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича маърифат ва таълим тизимини такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Миллий марказ 2023 йил 7 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури лойиҳасини манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқди ва унинг ижросини мониторинг қилмоқда. 

Миллий марказнинг ахборот-маърифий ишлари унинг томонидан маърифий кампаниялар, семинарлар, давра суҳбатлари, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича жамоатчилик муҳокамалари ва бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг шу каби тадбирларда иштирок этиши орқали амалга оширилади. Марказ томонидан 2023 йилда 120 дан ортиқ ахборот-маърифий ва маърифий тадбирлар ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида 2023 йил 7 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 7 йўналиш, 30 банддан иборат бўлиб, 2024 йил 5 январь ҳолатида улардан 13 та банди (43%) бажарилган, 15 та банди (50%) бажарилмоқда.

Миллий марказ томонидан 2023 йил якунлари бўйича давлат органларининг тегишли ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган ўқув курсларида жами 1050 нафар ходимнинг малакаси оширилди.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар марказига инсон қадр-қимматининг қўйилиши инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тадқиқотларни кенгайтириш эҳтиёжини кучайтирди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тадқиқотлар ихтисослаштирилиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш мақсадида докторантура ва мустақил илмий изланувчилик институти ташкил этилди.

2023  йил  январь-декабрь  ойларида Миллий марказ Илмий-мувофиқлаштирувчи  кенгаши (ИМК)нинг 15  та  йиғилиши ўтказилди.

Миллий марказ томонидан 2023 йил давомида нашр этилди:

– 3 та ўқув-услубий нашр, умумий ҳажми – 27,3 б.т.;

– 2 та конференция материаллари, умумий ҳажми – 38,8 б.т.;

– 11 та халқаро ҳужжатлар тўпламлари, умумий ҳажми – 69,1 б.т.;

– 7 та монография ва рисолалар, умумий ҳажми – 28,4 б.т.;

– 7 та бошқа нашрлар, умумий ҳажми – 39,8 б.т.

Нашр этилган адабиётларнинг умумий ҳажми – 203,4 б.т. ни ташкил этади.

Бундан ташқари, доимий равишда Миллий марказнинг даврий нашрлари – “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”, “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журналлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари уйига қабул қилинган янги адабиётлар хабарномаси чоп этиб келинмоқда.  Миллий марказ томонидан 2023 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларга оид қуйидаги 14 та тўплам давлат тилида чоп этилди.

2023 йилда Миллий марказ фаолиятини тарғиб этишга қаратилган 5 минг 272 та ахборот Миллий марказ расмий сайтининг “Марказ янгиликлари” рукнига жойлаштирилди. Ушбу ахборотлар, шунингдек, Ўзбекистон теле-радио каналлари, газеталар, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва веб-сайтларда эълон қилинди. Бу ахборотларнинг муайян қисми инглиз ва рус тилларига ҳам таржима қилиниб, кенг тарқатилди.

Шунингдек, мамлакат ОАВда эълон қилинган инсон ҳуқуқларига тааллуқли материаллар сараланиб, мунтазам равишда Миллий марказ сайтининг “Ўзбекистон янгиликлари” рукнига жойлаштирилди. Бундан ташқари, Миллий марказ сайтининг “Хориж янгиликлари” рукнига халқаро ташкилотлар расмий сайтлари ва хорижий ОАВнинг инсон ҳуқуқларига доир муҳим материаллари саралаб бериб борилди.

Миллий марказ вакиллари Нью-Йорк, Женева, Берлин, Пекин, Жидда, Вена, Скопье, Москва, Санкт-Петербург, Луанда Алмати, Остона шаҳарларида инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишлаб ўтказилган турли форумларда қатнашди. Миллий марказда 20 дан ортиқ халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар делегациялари билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу жараёнларнинг барчаси ҳақида жамоатчиликка ўз вақтида ахборот етказиб турилди.

Бундан ташқари, Миллий марказ расмий веб-саҳифасида янги таҳрирдаги Конституция, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари тарғиботи доирасида интервью, мақола ва шарҳлар мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда.

Яна бир муҳим далил: Миллий марказ ходимлари томонидан 2023 йил январь-декабрь ойлари давомида 241 та мақола, интервью ва кўрсатувлар тайёрланган. Шундан хорижий оммавий ахборот воситаларида 123 та материал эълон қилинган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 мартдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини  моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ  ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” 2023 йилда ўзининг фаолиятини ривожлантирди. “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг умумий фондини 10 мингдан ортиқ нусҳадаги китоб ва илмий журналлар ташкил этади. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид адабиётлар очиқ фонди мавжуд.

“Инсон ҳуқуқлари уйи”га йил давомида 157 номда жами 203 нусха адабиётлар сотиб олиниб, кутубхона фондига киритилди. Шунингдек, Миллий ва хорижий хамкорлар томонидан 16 номдаги жами 48 нусха адабиётлар совға сифатида қабул қилинди.

“Инсон ҳуқуқлари уйи” фондини янада бойитиш мақсадида 2023 йилда Вақтли матбуот нашрлар (газета) 17 номда, 1740 нусха қабул қилиб олинди.

Маҳаллий ва хорижий даврий нашрлар (журнал) 50 номда, 220 нусхада  қабул қилиб олинди ва техник ишлов берилди.

2023 йил йил давомида Республикамизнинг ахборот-кутубхоналари марказлари, мактаб ҳамда қатор олий таълим муассасалари кутубхоналарига жами 2620 та инсон ҳуқуқларига оид адабиёт ва 650 та ҳуқуқий журналлар беғараз тақдим этилди. Бундан ташқари, 2023 йил давомида Республикамизнинг 10 та вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида бўлиб ўтган ўқув машғулоти тингловчилларига  2 200 та китоб беғараз тақдим этилди.

Ҳозирги вақтда “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг янги биносини капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ахборот-кутубхона ресурслари, яъни барча турдаги адабиётлар техник ва илмий ишловдан ўтказилиб, универсал ўнли классификация асосида тизимлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

 

Изоҳ: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2023 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботнинг тўлиқ матни алоҳида китоб ҳолида нашр этилади ва беғараз тарқатилади. Айни вақтда таҳрир ишлари якунига етмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech