Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Жамила БИГИО: Зўравонликдан ҳоли жамият барча учун фойдали

Шу кунларда USAIDнинг гендер тенглик ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш бўйича бош мувофиқлаштирувчиси Жамила Бигио юртимизда бўлиб турибди. ЎзА мухбири Жамила хоним билан суҳбатлашди.

– Бигио хоним, юртимизга хуш келибсиз! Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида нима дея оласиз?

– Ўзбекистон ҳукумати аёллар ҳуқуқини кенгайтириш, гендер масаласига дахлдор зўравонликнинг олдини олиш ва бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширмоқда. Ҳукумат мамлакат бўйлаб аёллар ва қизларнинг жамият ҳаётида тўлиқ иштирок этиши учун имконият яратадиган қонунлар қабул қилгани жуда муҳим ва эътиборга лойиқ. Аёлларнинг мамлакатдаги ислоҳотлардан хабардорлик даражасини ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар самарали йўлга қўйилган. Бундай саъй-ҳаракат орқали иқтисодиёт жадал ўсади. Жамият эса аёлларнинг тўлиқ иштироки туфайли янада ривожланади.

Қонунлар ва ижобий қарорлар қабул қилиниши биринчи ва муҳим қадам. Кейинги босқич эса дастурлар амалга ошиишига ишонч ҳосил қилиш. Бир сўз билан айтганда, меъёрий ҳужжатлар асосида аёллар ва қизлар жамиятда ўзи хоҳлагандек яшайди, ўрнини топади. Қолаверса, янги ғоя, ташаббус ва стартапларини ҳаётга татбиқ этишда ёрдам ола билади. Натижада янги иш ўринлари яратилади, имконият кенгаяди. Шунингдек, аёллар ва қизлар зўравонликсиз ҳаёт кечириш имконига эга бўлади.

Умид қиламизки, Aмерика ва бошқа ҳамкорлар Ўзбекистон ҳукумати, таълим институтлари, суд-ҳуқуқ тизими ходимлари билан бирга тегишли қонунлар ижросига кўмаклашади. Оилалар, аёллар ва қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш орқали жамият тараққиётига ҳисса қўшади.

 – Сир эмас, бугунги ўзбек жамиятида, айниқса, эркаклар орасида гендер тенглик тушунчасини қабул қилиши бироз қийин бўлган қатлам ҳам мавжуд. Айни ҳолат кўп танқид остига олинади. Умуман, гендер тенглик тушунчасининг жамиятга кириб келиши ва амалда қўлланиши билан боғлиқ салбий дунёқарашни ўзгартириш учун нима қилиш керак? Бу борада қандай тавсиялар бор?

– Зўравонликдан ҳоли оилаларга, жамиятга эга бўлиш барча учун фойдали. Хўш, шундай жамиятни қарор топтириш учун нима қилиш керак? Ҳаётимизда учрайдиган стрессни қандай бошқариш мумкин? Муаммони зўравонликсиз ечиш йўлини топиш ҳамма учун хавфсиз муҳит яратади. Бундай муҳит барчамизнинг оиламизда, жамиятда, иш жойимизда фойда келтиради.

 – Гендер тенглик кўпинча аёлларни раҳбарлик лавозимига тайинлаш ёки ишга қўйиш каби айрим тушунчалар билан чекланадигандек туюлади. Мутахассис сифатида “гендер тенглик” иборасини қандай ифодалаган бўлардингиз?

– Гендер тенглик маълум маънода хотин-қизларнинг етакчилиги, уларга берилган имкониятни англатади, албатта. Шу билан бирга аёллар ва эркакларнинг барча ресурс ва имкониятга тенг эгалиги ва албатта, зўравонликдан ҳоли ҳаёт кечириш учун тенг ҳуқуқи тушунилади. Бу тенглик барча соҳаларда, соҳаларнинг барча қуйи ва юқори қисмида мавжудлиги, масалан, аёл ва эркак туғилишидан бошлаб, то вояга етгунча хавфсиз балоғат ёшига етиш имконига тенг эгалик қилишида намоён бўлади. Аёл ёки эркак қаерда туғилиши, қандай ҳаёт даражасида яшашидан қатъи назар, ҳаётда тенг имкониятга эга бўлиши зарур.

Хуллас, гендер тенглик таъминланиши, аввало, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тараққиётини жадаллаштириш орқали халқ фаровонлигини юксалтириш, жамиятдаги кўплаб муаммоларни ҳал қилиш, кундалик ҳаётни янада яхши томонга ўзгартиришга хизмат қилади.

Гўзал Сатторова суҳбатлашди.

Рустам Назарматов (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech