Омбудсманнинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Парламент комиссияси аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, депутатлар ҳамда журналистлар иштирок этган йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси А. Саидов йиғилишни очар экан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлаш масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, ўтган йилда Омбудсман ўз фаолиятини янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, соҳага оид миллий қонунчиликни ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратган. Айниқса, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга жиддий ёндашган.

Ҳисобот йилида Омбудсман номига 18 минг 622 та мурожаат келиб тушган. Фуқаролар мурожаатлари асосида уларнинг манфаатларига 1847,2 млн. сўмлик маблағ ундирилган. Омбудсман котибияти ходимлари эса фуқароларнинг мурожаатлари ва сўровлари асосида суд мажлисларида 249 маротаба кузатувчи сифатида иштирок этишган.

Депутатлар Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этилган ҳисоботни тинглар экан, қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини алоҳида эътироф этдилар. Чунки қийноқларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш мақсадида Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 603 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Ф. Эшматованинг айтишича, Омбудсман томонидан нафақат ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шахсларга руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани тўғрисидаги шикоятлар, балки ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган хабарлар ҳам назоратга олиниб, мунтазам равишда ўрганиб борилган. Масалан, ижтимоий тармоқларда тарқалган 15 та шу каби хабарлар ўрганилиб, Омбудсманнинг 17 та муносабати билдирилган бўлса, ушбу масала бўйича мутасадди вазирлик ва идораларга 4 та тақдимнома ва 10 та талабнома киритилган.

Қўмита аъзолари 2023 йилда Омбудсман фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқлари кафолатланиши ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида амалга оширилган ишлар, бу йўналиш бўйича келиб тушган 3586 та мурожаатларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал этилганлигини алоҳида қайд этдилар. Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг қийноқ ҳолатларининг олдини олиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинг ва ҳуқуқий таҳлил ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фаолиятларини ижобий баҳоладилар.

Қизғин муҳокамалар давомида депутатлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Хусусан, депутат Қодир Жўраев чет элларда, жумладан, Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ва ижтимоий кафолатларини таъминлаш, зарур ҳолларда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик қай даражада йўлга қўйилгани билан қизиқди.

Ф. Эшматова ўз жавобида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) 2023 йилда Россияга ташриф буюриб, у ерда яшаётган юртдошларимиз билан учрашгани, уларнинг яшаш шароитлари ва муаммолари ўрганганлигини маълум қилди. Икки давлат ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиб, мурожаатларни биргаликда кўриб чиқиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганини қайд этди.

Депутат Мавжуда Ҳасанова эса Омбудсман томонидан 2023 йилги “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида қандай ишлар амалга оширилгани билан қизиқиб, ҳисобот йилида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар сони ортганига изоҳ сўради.

Омбудсман томонидан ўтган йилги Давлат дастури асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилгани, мурожаатлар сонининг ошгани эса фуқароларнинг Омбудсман институтига ишончи ортиб бораётганидан далолат эканлиги қайд этилди.

Муҳокамалар давомида Омбудсман фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг янги таҳрирдаги Конституция ва бошқа қонунларда кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш, ушбу соҳада ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, депутатларнинг сайлов округларидаги учрашувлари давомида фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, Халқ қабулхоналари билан доимий равишда биргаликда иш олиб бориш, мурожаатлар энг кўп тушган туманларда сектор раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этиш, мурожаатларнинг сабаблари билан қизиқиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech