Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия 85 фоиз бажарилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2023 йилда қандай ишлар амалга оширилди? Бу саволга марказ ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев жавоб берди:

– Марказимизнинг ўтган йилги фаолиятида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар алоҳида ўрин тутди. Бунда фуқароларнинг мазкур ҳужжат тўғрисидаги билимларини ошириш, ёшлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ишлари катта аҳамият касб этди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури доирасида профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Aёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув ва махсус курслари жорий қилинди. 

Имконияти чекланган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича қўлланмалар ва рисолаларни доимий равишда чоп этиш йўлга қўйилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим электрон платформаси ишга туширилди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси изчил амалга оширилмоқда. 

2024 йил 5 январь ҳолатига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия 85 фоиз бажарилди. 

2023 йилда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлари бажарилиши бўйича 4 та миллий маъруза тайёрланиб, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим этилди. 

Бу борада, шунингдек, Ўзбекистоннинг 2 та миллий ҳаракатлар режаси лойиҳалари ишлаб чиқилди. Олий Мажлис палаталари тасдиқлаган 5 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси ҳам изчил мониторинг қилинди. 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида қабул қилинган қонунларнинг ижроси мониторинг қилинди. Ҳудудларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тегишли давлат органларига тақдим этиб борилди. 

Миллий марказга жами 1 минг 430 мурожаат келиб тушди. Бу кўрсаткич 2022 йилдаги мурожаатларга қараганда 9,9 фоиз кўпдир. 

Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 400 дан ортиқ тавсия тақдим этилган. Уларнинг кўриб чиқилиши натижасида 25 мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган, 62 ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари тикланишида ва қонуний манфаатларининг амалга ошишида амалий кўмаклашилган. 129 ҳолатда фуқаролар билан қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилган. 

Миллий марказ қабулхонасида 500 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинди. Телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 2 минг 800 нафардан зиёд фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 

Ўтган йили инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 87 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Миллий марказ ташаббуси билан 3 та қонун, Президентнинг 2 та фармони ва 1 та қарори лойиҳалари тайёрланди. 

Давлат органлари ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган ўқув курсларида 1050 нафар ходимнинг малакаси оширилди. 

Миллий марказ вакиллари Нью-Йорк, Женева, Берлин, Пекин, Жидда, Вена, Скопье, Москва, Санкт-Петербург, Луанда, Алмати, Остона шаҳарларида инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишлаб ўтказилган турли форумларда қатнашди. Миллий марказда 20 дан ортиқ халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар делегациялари билан учрашувлар ўтказилди. 

2023 йил давомида 3 та ўқув-услубий нашр, 2 та конференция материаллари ва 11 та халқаро ҳужжатлар тўплами, 7 та монография ва рисола, 7 та бошқа хил китоб нашрга тайёрланди ва чоп этилди. 

Бундан ташқари, Миллий марказнинг даврий нашрлари – “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”, “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журналлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари уйига қабул қилинган янги адабиётлар хабарномаси нашр этиб келинмоқда. 

Юртимиздаги ахборот-кутубхона марказлари, мактаб ҳамда бир қатор олий таълим муассасалари кутубхоналарига инсон ҳуқуқларига оид жами 2 минг 620 адабиёт ва 650 ҳуқуқий журнал беғараз тақдим этилди. 

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech