ХОТИН-ҚИЗЛАРГА – ИЛМ-ФАН, ИЛМ-ФАНГА ЭСА ХОТИН-ҚИЗЛАР КЕРАК

11 февраль – Илм-фан соҳасидаги

хотин-қизлар халқаро куни

 

Мамлакатимизда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Ўтган Бу соҳада 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси маълумотларига қараганда, биргина 2023 йилда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 262,2 минг нафар хотин-қизга 4,5 триллион сўм миқдорида кредит, ишсиз ва ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи 27 мингдан зиёд хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш учун 118,5 миллиард сўм субсидия ажратилган. Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича 60 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилиб, унда 319 нафар хотин-қиз ўқитилган. 

Ўз навбатида, 2024 йилда Гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш, хотин-қизларда илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмаларини шакллантириш, уларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш каби масалалар қамраб олингани жуда муҳим. 

          Бундай оқилона ёндашув Ўзбекистоннинг миллий ва халқаро мажбуриятларини бажаришига ҳар томонлама кўмаклашишга хизмат қилади. Бинобарин, халқаро ҳамжамият хотин-қизларга – илм-фан, илм-фанга эса хотин-қизлар кераклигини муттасил таъкидлаб келмоқда.

ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуле 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни муносабати билан 2023 йили йўллаган мурожаатномасида ушбу ғояни яна бир бор қўллаб-қувватлашга чақирди. Унинг қайд этишича, “билимлар ва истеъдодларнинг барча манбаларидан бирдек фойдалана олсак, ўшандагина илм-фаннинг салоҳиятини тўла намоён этишга ва янги давр олдимизга қўйган муҳим мақсадларга эришишга том маънода мушарраф бўламиз”.

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги резолюциясига мувофиқ, 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни деб эълон қилинган. Ушбу халқаро сана бутун дунёда аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли шуғулланишларига тенг имкониятлар яратиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш учун таъсис этилган.

Шу муносабат билан 2024 йил 9 февраль куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш айни санага бағишланган баёнотида аёллар ва қизларнинг илм-фан йўлида юксалишларига тизимли ғов-тўсиқлар ва турли жоҳилликлар ҳалигача халал бераётганига эътиборни қаратди. Унинг таъкидлашича, “Бу ҳолат дунёмизни буюк истеъдодлардан маҳрум этмоқда”.

Бош котибнинг сўзларига қараганда, илм-фан соҳасида гендер тенглик бутун инсониятнинг фаровон келажагини барпо этиш учун ниҳоятда зарур. Афсуски, бугунги кунда хотин-қизлар жаҳон илмий ҳамжамиятининг атиги учдан бир қисминигина ташкил этмоқда. Бундай салбий натижа, жумладан, хотин-қизларга илм-фан билан шуғулланиш учун ниҳоятда чекланган имкониятлар берилаётгани, уларнинг илмий тадқиқотларини нашр эттиришга жуда оз молиявий маблағлар ажратилаётгани ва етакчи университетларнинг раҳбарлик лавозимларида ишлаётган аёлларнинг сони эркакларга нисбатан анча кам эканлиги каби ташвишли омиллар билан боғлиқ.

Ҳозирги вақтда илм-фаннинг сунъий интеллект билан боғлиқ энг илғор соҳаларида ишлаётган мутахассисларнинг бештасидан фақат биттаси аёлдир. Яъни, ушбу соҳадаги хотин-қизлар улуши бор-йўғи 22 фоиздан иборат.

Жаҳонда тўртинчи саноат инқилобининг муваффақиятини таъминлаб берадиган аксарият технология соҳаларида муайян билим ва кўникмага эга мутахассислар тақчиллиги кузатилаётгани сир эмас. Шунга қарамай, хотин-қизлар олий ўқув юртларининг муҳандислик ихтисослиги бўйича битирувчилари орасида атиги 28 фоизни ташкил этса, компьютер ва информатика фанлари йўналишида бу кўрсаткич 40 фоизга зўрға етмоқда.

Илмий изланишлар олиб бораётган хотин-қизлар, одатда, истиқболи беқарор ва ойлик маоши юқори бўлмаган лавозимларда ишламоқда. Уларнинг тадқиқотлари машҳур журналлар саҳифаларида етарли даражада ёритилмаяпти ва меҳнатлари мансаб пиллапояларидан кўтарилишида инобатга олинмаяпти.

БМТ Бош котиби баёнотида дунёнинг айрим минтақаларида хотин-қизларнинг таълим олиши ўта чекланганлиги ёки бутунлай тақиқланганлиги ҳам тилга олинди. А.Гутерриш қайд этганидек, “Бундай ҳолат жамиятнинг ўз оёғига ўзи болта уриши, қолаверса, инсон ҳуқуқларига ноинсофларча хилоф иш тутишидан бошқа нарса эмас”. 

Шу маънода, хотин-қизларнинг барча илмий ва инновацион кашфиётларда тенгма-тенг иштирокини таъминлаш орқалигина сайёрамизда илм-фан бутун инсониятга хизмат қилишига эришишимиз мумкин. Бу ўринда, албатта, хотин-қизларни иқлим ўзгаришидан токи соғлиқни сақлаш ва сунъий интеллект соҳаларигача бўлган жамики илмий жараёнларга фаол жалб этиш ҳақида сўз бормоқда. А.Гутерриш “Хотин-қизларнинг илм-фан билан шуғулланишга ҳақ ва ҳуқуқлари бор”, деди ўз баёноти якунида.

Бинобарин, БМТ Бош котиби 2023 йил 10 февраль куни берган баёнотида ҳам илм-фан соҳасида хотин-қизлар қанчалик кўп бўлса, бундан илм-фан шунчалик кўп ютишини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, “Аёллар ва қизлар илмий тадқиқот фаолиятига хилма-хиллик олиб киради, илм-фан асосий касби бўлган фидойилар сафини кенгайтиради ва илмий-техникавий соҳани янгича қарашлар ҳисобига бойитади”.

БМТ Бош котиби хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган ҳуқуқини қатъий туриб ҳимоя қилишга, бу йўлдаги ҳар қандай қотиб қолган ёндашувлар, эскича қарашлар ва турли ғов-тўсиқларга барҳам беришга даъват этди. А.Гутерриш таъбири билан айтганда, “Биз барчамиз синфхоналар, лабораториялар ва кабинетларни хотин-қизлар орасидан етишиб чиққан олималар билан тўлдириш эвазига – дунёмизда мавжуд бўлган, лекин шу пайтгача фойдаланилмай келаётган беқиёс истеъдодларга қанот бағишлаш учун ўз муносиб улушимизни қўшган бўламиз”.

Ҳақиқатан ҳам, ЮНЕСКОнинг 2023 йилдаги маърузасида ҳам таъкидланганидек, бугунги кунда хотин-қизлар дунёдаги олимлар сонининг атиги учдан бир қисмини ташкил этмоқда. ЮНЕСКО Статистика институти маълумотларига қараганда, олий таълим муассасаларида ўқиётган талабаларнинг 35 фоизигина илм-фан, техника-технологиялар, муҳандислик ва математика соҳалари бўйича таҳсил олаётган хотин-қизлардан иборат.

ХХI асрда яшаётганимизга қарамай, ҳатто ҳозирги кунда ҳам илм-фан билан боғлиқ соҳаларда хотин-қизларнинг четда қолаётгани очиқ-ойдин кузатилмоқда. Дунё жамиятларининг қон-қонига сингиб кетган бундай гендер нотенглик иллатлари, айниқса, иқтидорли ва юксак салоҳиятли қизлар кўпинча ўзларини илм-фан соҳаларидан четга олишларига тўғри келаётгани мисолида сезилиб қолмоқда.

Бинобарин, хотин-қизларнинг илм-фаннинг барча соҳаларида ўз муносиб ўрни бор. Улар илмий тараққиёт жараёнларида фаол иштирок этиш ҳуқуқига эга. Буни аёллар ва қизлар чуқур англаб етишлари керак.

Шунинг учун ЮНЕСКО сайёрамизда илм-фан билан шуғулланадиган хотин-қизлар сафини кенгайтириш йўлида изчил иш олиб бормоқда. Бу борада 2021 йилда ЮНЕСКОнинг Очиқ илм-фан бўйича тавсиялари барча аъзо-давлатлар томонидан қабул қилингани катта аҳамиятга эга бўлди.

Аммо, ҳозирча жаҳонда, айниқса, саноати ривожланган мамлакатлардаги илм-фан соҳасида эркакларнинг сон жиҳатдан устунлиги одатий ҳол ҳисобланади. Шу маънода, дунё ҳамжамиятининг кейинги йилларда илм-фан соҳасида гендер тенгликка эришиш йўли билан "рақамли инқилоб" самараларидан аёллар ва эркаклар тенг фойдаланишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани жуда муҳим.

Яна бир муаммо шуки, хотин-қизлар замонавий технологияларга тааллуқли соҳаларда ишласа-да, мансаб пиллапояларидан кўтарилиб боришда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Масалан, кимдир ҳомиладор бўлгани учун таътилга чиқиб кетса, яна кимдир раҳбариятнинг нохолис муомала-муносабатидан азият чекади.

Кейинги йилларда корпоратив дунёда хотин-қизларга нисбатан муносабат бир қадар ўзгараётгани кузатилмоқда. Бинобарин, ишчи кучини диверсификация қилиш – даромадни оширишнинг қулай йўли эканини аксарият компаниялар етакчилари тушуниб етмоқда.

Бироқ хотин-қизларнинг илм-фан соҳасида жадал суръатларда илгарилаши йўлида ҳали-бери тўсиқлар бисёр. Шундай ғовлардан бири – зарур даражада таълим олиш имкониятининг чекланганлигидир.

ЮНЕСКО экспертларининг фикрича, хотин-қизлар рақамли иқтисодиётнинг узвий бир қисмига айланишлари даркор. Токи, Тўртинчи индустриал инқилобда гендер тенгсизлик каби номақбул анъанага ўрин қолмасин.

Илм-фан соҳасида жинсий мансублик билан боғлиқ камситишларга қарши курашнинг муҳим чораларидан бири – бу олималарга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, тегишли маълумотлар базасини яратишдир. Ҳозирда ушбу маълумотлар устида ишлаётган ташкилот ўз таркибида 500 нафар олимани жамлаган. Улар, бир томондан, хотин-қизларга таълим олиш ва ишга жойлашишда кўмаклашаётган бўлса, иккинчи томондан, муайян натижага эришганларни рағбатлантириш билан изчил шуғулланмоқда.

Афсуски, хотин-қизлар илм-фанда ва компьютер, информатика, технологиялар соҳаларида ҳалигача етарли даражадаги мавқега эга эмас. Бу ҳолатни аёлларнинг “ожиза”лиги ёки бола-чақа ва рўзғор ташвишларига ўралашиб қолиши каби омиллар билан боғлаб талқин қиладиганлар учун ҳаётий бир мисол келтирамиз.

Астрономия соҳасининг эркак мутахассислари эътирофига қараганда, ўта кучли сабр-тоқатни талаб қиладиган ушбу фан майда ишларга жуда пухта бўлган хотин-қизларнинг илмий изланишлари натижадор бўлиши учун айни муддао экан. Шу нуқтаи назардан, астрономияга оид баъзи катта кашфиётлар бошида айнан аёллар тургани бежиз эмас.

 Масалан, биринчидан, галактикалар ичида номаълум, қоронғи модда аниқланган. Ана ўша қоронғи моддани 1970 йилларда Вера Рубин  аниқлаган. Бу америкалик аёл ёш боласи борлиги учун ярим ставкада ишлагани ҳолда, шундай оламшумул кашфиёт қилишга муваффақ бўлган.

Иккинчидан, яна бир америкалик аёл – Андрея Миа Гез  астрономия соҳасида Нобель мукофотини олган. Сомон йўли галактикаси марказида жойлашган 4 миллион қуёш массасига тенг ўта оғир қора ўра мавжудлигини аниқлагани учун Андрея Гез ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлган.

Учинчидан, нейтрон юлдузлари илк бор англиялик аёл олима Жоселин Белл томонидан 1967 йилда топилган. Демак, аёллар оламшумул кашфиётлар қилишлари учун уларга жинсий мансублиги, оилали экани ёки фарзанд тарбияси билан бандлиги каби ҳолатлар, аслида, халал бермайди.

Дарвоқе, юртимизда астроном олималар борми? Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти Назарий астрофизика бўлими мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор Бобомурод Аҳмедов ЎзА мухбири билан суҳбатида ушбу саволга жавоб берар экан:

“Аёл шогирдларим жуда кўп. Афсуски, уларнинг кўплари хорижлик олимлар билан чет эл университетларида фаол ишлаб келмоқда. Виктория Морозова менинг раҳбарлигимда 2010 йилда 23 ёшида фалсафа доктори илмий даражага эга бўлди ва Германияга хизмат сафарига бориб ўша ерда иқтидорли олим Давиде Радиче исмли йигитга турмушга чиқиб, ҳозирда Пенсилвания университетида ишламоқда. Валерия Каграманова ҳам Германияда диссертациясини ҳимоя қилди. Мадина Бобоқамбарова боливиялик курсдоши билан оила қуриб, ўша ерда фаолият юритмоқда.  Яна битта шогирдим Малика Худойбердиева ҳозир Ўзбекистон Миллий университетда докторантурани тугатди. Диссертацияси деярли тайёр. Бир-икки ой ичида ёқлайди”, деб қайд этган[1].

Шу ўринда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётгани натижасида оилага, аёл зотига бўлган муносабат тобора юксалиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланганига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Бугун Ўзбекистон аёллари турли жабҳаларда ўз ўрни ва муносиб мавқеига эга бўлиб бормоқда.

Буларнинг барчаси сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш борасидаги тизимли ишларнинг самараларидир. Айни соҳадаги ишлар, хусусан:

  • аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;
  • аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини мукаммаллаштириш;
  • аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;
  • ҳуқуқни қўллаш амалиётида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий нормалар асосида ўқитиш каби муҳим йўналишларда олиб борилмоқда.

Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш алоҳида эътибор марказида турибди. Шу мақсадда «Аёллар дафтари» тизими жорий этилиб, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди.

Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга ортди.

Президентимизнинг 2022 йилда қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ҳамда Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланганди. Мазкур ҳужжатлар тўплами билан хотин-қизлар таълими, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланишлари учун бир қатор янгиликлар жорий этилди.

Биринчидан, олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратилмоқда.

Иккинчидан, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилмоқда. 

Учинчидан, хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича – 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича — 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратилиши йўлга қўйилди.

Тўртинчидан, 2 мингдан ортиқ ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб бориладиган бўлди.

Бешинчидан, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилди.

Давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилиши мамлакатимизда илм билан шуғулланадиган аёллар сафи кенгайишига хизмат қилмоқда.

Ҳозирги кунда юртимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони бир миллион нафардан ошиб, шундан хотин-қизлар улуши 47,8 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич йилдан-йилга ўсиб бораётгани қувонарлидир.

Бир вақтлар олий маълумотли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлмагани сабабли тажрибали, билим ва малакали аёл ходимларни ишдан четлаштириш ҳолатлари тез-тез кузатиларди. Эндиликда эса, бу муаммонинг ечими топилган.

Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга, бироқ олий маълумоти бўлмаган опа-сингилларимиз Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномасига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига кўра тўлов контракт асосида ўқишга қабул қилинмоқда. 2022/2023 ўқув йилида бу имкониятдан 507 нафар хотин-қизлар фойдаланишга муваффақ бўлди.

Яна бир муҳим маълумот: Ўзбекистонда магистратура қишки қабулида ўқишга кирган хотин-қизларнинг контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилади. Президент фармони ва ҳукумат қарорига кўра, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт-тўловлари қайтариш шартисиз қоплаб берилиши белгиланган. Бу тартиб, шунингдек, магистратура қишки қабулида тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилнган хотин-қизларга ҳам бирдек амал қилади. 

Мамлакатимизда илмий фаолият билан шуғулланувчи илмий даражаси бор хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, нуфузли илмий йўналишлар бўйича илмий мактаблар яратишга қаратилган комплекс чоралар кўрилди, бу борадаги миллий қонунчилик замон талаблари асосида такомиллаштирилди. Хусусан, 2019 йилда “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши олий ўқув юрти таҳсилидан кейинги таълим тизимини такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги шу каби қонун, янада аниқ қилиб айтганда, илмий кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш борасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда, хусусан, хотин-қизларни илм-фан соҳасига янада кенг жалб этишда улкан омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда, 20923 йил январь ҳолатига, фан докторларининг сони 700 дан ортиқ, фан соҳасида изланиш олиб бораётган аёллар сони 5 мингдан зиёд, олий таълим юртларида дарс бераётган хотин-қизлар сони 14 мингдан ошади.

Фанлар академияси тизимида ишлаётган 4 минг 760 нафар хизматчининг 40 фоизини, яъни 1 минг 905 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Юртимизда илмий изланишлар билан машғул 2 минг 146 нафар тадқиқотчидан 695 нафарини ҳам аёллар ташкил этиши қувонарлидир.

Ўзбекистонда олима аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар учун илм-фан билан шуғулланишлари борасида яратилган имкониятлар ҳақида сўз борганда, шунингдек, “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти фаолиятини қайд этиш мумкин. Ушбу муассаса томонидан хотин-қизларни фан соҳасига янада кенг жалб этиш, олима аёллар сафини кенгайтириш, улар фаолиятини ривожлантириш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича изчил илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 февралдаги Фармони билан “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонга киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда ахборот технологиялари йўналишида алоҳида ютуқларга эришган иқтидорли хотин-қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланади.

Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистон тараққиётида хотин-қизларимиз алоҳида ўрин тутишини яққол англатиб турибди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.

Хулоса қилиб айтганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Бу борада қўлга киритаётган ютуқларимиз БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Хусусан, яқинда мамлакатимизга ташриф буюрган USAIDнинг гендер тенглик ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш бўйича бош мувофиқлаштирувчиси Жамила Бигио ҳам соҳадаги ҳолат билан атрофлича танишди. Нуфузли хорижий экспертнинг эътироф этишича, “Ҳукумат мамлакат бўйлаб аёллар ва қизларнинг жамият ҳаётида тўлиқ иштирок этиши учун имконият яратадиган қонунлар қабул қилгани жуда муҳим ва эътиборга лойиқ”.

 

Ғулом МИРЗО

 

[1] Қаранг: https://uza.uz/uz/posts/ozbekistonda-astronom-olimlar-yuqori-maosh-olayotgani-rostmi_446779

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech