14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур
таваллуд топган кун
«Бобур – дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган.
Бобур ўта маданиятли ва жозибали инсонлар орасида энг етук инсонлардан бири эди. Бобур санъат ва, айниқса, адабиётни севарди».
Жавоҳирлаъл Неру
Ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин сиймоларидан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижоди дунё бўйлаб кенг тарқалган. Улуғ шоҳ ва шоир аждодимизнинг машҳур «Бобурнома» (ёки «Воқеоти Бобурий», «Вақоеъ»...) асари Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон халқларининг XV аср охири – XVI асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ўзида акс эттирган.
«Бобурнома» неча асрлардан буён муҳташам тарихий ва адабий мерос сифатида дунё олимларини ҳайратда қолдириб келаётгани бежиз эмас. Чунки у жуда кўп долзарб иқтисодий, ижтимоий масалалар, Фарғона вилояти, Андижон шаҳри, Марказий Осиё минтақасининг бошқа йирик шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Ўш, Урганч, Ўратепа, Термиз, шунингдек, Қобул, Ғазна ва улар ихтиёридаги кўпдан-кўп туманлар, вилоятлар, Шимолий Ҳиндистон сингари юртларнинг ўзаро сиёсий-иқтисодий ва савдо муносабатлари, жўғрофий мавқеи, иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, халқлари, уларнинг яшаш шароитлари, муҳим тарихий иншоотлари – ҳиндлар ва мусулмонлар ибодатхоналари, тўй ва маросимлари ҳақида ниҳоятда нодир маълумотларни ўзига қамраб олган шоҳ асардир.
Заҳириддин Бобурнинг тарихий, илмий, адабий меросини ўрганиш ҳамда оммалаштиришда нафақат Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон, балки бутун дунё олимлари ва адибларининг самарали илмий-ижодий фаолияти диққатга сазовордир. Бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар туфайли биргина «Бобурнома» асари жаҳоннинг турли мамлакатларида кўплаб тилларга таржима қилинди ва чоп этилди. Муҳими, бу нашрларга салмоқли сўзбошилар ёзилди, мазмундор изоҳлар ва иловалар ҳавола қилинди, бир сўз билан айтганда, кенг китобхонлар оммасининг маънавий мулкига айлантирилди.
Шу ўринда 1996 йилда бобуршунослик соҳаси мутлақо янги бир илмий адабиёт ҳисобига бойигани таъкидлаш лозим. Бу манба – юртимизнинг таниқли олими Ғайбуллоҳ ас-Салом ва Устознинг садоқатли шогирди Неъматуллоҳ Отажон қаламига мансуб «Жаҳонгашта «Бобурнома» монографиясидир.
Ушбу монографияни ўз даври учун энг янги илмий тадқиқот деб баҳолашимизнинг сабаби нимада? Балки мазкур монография муаллифлари – Ғайбуллоҳ ас-Салом ва Неъматуллоҳ Отажон бобуршунослик, «Бобурнома»шунослик жабҳасида янги номлардир?
Албатта, бундай эмас. Бу хусусда муаллифларнинг ўзларига мурожаат қилайлик.
«Роса чорак аср бўлибдики, Мирзо Улуғбек номидаги Тошкент дорилфунунининг таржима назарияси ва амалиёти кафедрасида «Вақоеъ» ҳамда унинг турли тилларга қилинган таржималари ўрганилмоқда, – деб ёзган монографиянинг хулоса қисмида профессор Ғайбуллоҳ ас-Салом. – Камина мискиннинг илмий раҳнамолигимда асарнинг инглиз, олмон, француз, турк, рус тилларига қилинган таржималарини астойдил ўрганишга киришилган эди. Ўтган давр орасида русча таржималарни шогирдларим Лола Хўжаева, олмонча таржималарни – Ғулом Хўжаев, французча таржималарни – Фотима Салимова, инглизча таржималарни – Сайёра Шукруллаевалар тадқиқ қилиб, номзодлик рисолаларини ёқлаган. Улар орасида икки иш: Лейден – Эрскин билан Анетта Беверж хонимнинг инглиз тилига қилинган бой таржималари таҳлили юзасидан Неъматуллоҳ Отажон ўзининг номзодлик ва докторлик илмий рисолаларши ёқлади, бу орада профессорлик унвонини ҳам хатм қилди. Бу «Бобурнома» таржимачилиги тарихи ва таҳлили юзасидан олиб борилган илмий изланишлар соҳасида «ғалвирни сувдан кўтариш» палласи келганини кўрсатади».
Аён бўляптики, «Жаҳонгашта «Бобурнома» узоқ йиллик ижодий меҳнат самараси экан. Домланинг иборасозликларини давом этгирадиган бўлсак, ушбу рисола «ғалвир»да сараланиб қолган тўқ мағизли фикрлар мажмуидир. Бунгача, яъни монография яратилишига қадар эса, «Бобурнома»дек маҳобатли асарнинг бениҳоя бой таржималари тадқиқини профессор Ғайбуллоҳ ас-Салом шогирдлари томонидан мамлакатимизда ҳамда халқаро миқёсда илмий анжуманларнинг кун тартибига киритишга муваффақ бўлинган. Жумладан, ЎзФАнинг Бобур таваллудининг 510 йиллигига бағашланган илмий сессиясида, шунингдек, Буюк Британиянинг Оксфорд университети ва АҚШнинг Принстон университетида Домланинг шогирдлари айни мавзуда маърузалар қилган.
Энди «Жаҳонгашта «Бобурнома» монографиясини бобуршуносликда янги илмий тадқиқот сифатида баҳолашимиз сабабларига келсак, улар қуйидагилар:
Аввало, монография мустақиллик йилларида яратилган ва тадқиқот манбаига янги давр талабига мос равишда юксак миллий маънавият ила ёндашилган, муқаддас истиқлол руҳи билан суғорилган залворли илмий тадқиқот ҳисобланади. Асар замонавийлиги билан жаҳон талабларига тўла мос келадиган илмий адабиёт сифатида жуда қимматлидир.
Мазкур асарда биринчи марта «Бобурнома»нинг инглиз, турк, рус, қисман француз ва форс тилларига қилинган таржималари адабий-қиёсий, тарихий-услубий андозалар асосида ўрганилган. Илк бор мавжуд мукаммал таржималар асосида (Анетта Сусанна Бевериж) асл нусханинг кемтик қисмларини тўлдириш, кемтик ва сайёр сюжетларнинг юзага келиши, матн ва таржима вобасталиги, муншаот услуби ва таржимаси, таржимада илмий-бадиий синтезлашув ҳодисаси каби баҳслар илмий истифодага киритилган.
Монографияда жаҳон бобуршунослигида биринчи маротаба «Бобурнома» каби адабий-тарихий, жуғрофий-этнографик қомусий обиданинг тўртта инглизча таржимаси бақамти ҳолда таҳлил этилган. Хорижий илмий-тадқиқот манбаларининг Мирзо Бобур ижодига, унинг шахсига берган баҳолари, «Бобурнома»ни Европа муҳитида идрок этиш, англаш ва қабул қилиш тадрижиёти, таржимавий узвийлик, давомийлик ва ворисийлик жараёни илк дафъа йирик монография саҳифаларида тадқиқ қилинган.
Китобда илк марта «Бобурнома»нинг янги таржималари юзага келипш сабабларини очишга қўл урилган. Таржималар тарихи, уларнинг бир-биридан фарқи, «Бобурнома» устида олиб борилган илмий ишлар билан бадиий асарларни солиштириб таҳлил қилиш имкониятлари очиб берилган.
Яна бир муҳим хусусият: китобда мураккаб назарий масалалар барча ихтисос кишиларини ўзига жалб этадиган мароқли услубда битилган. Хусусан, илмий-адабий таҳлилда геометрик чизмалар, арифметик ишора ва амалларнинг ишлатилиши тадқиқ этилган муайян масалани тушунишни осонлаштириши баробарида, монография тилига янгича руҳ, ранг-баранглик бағишлаган.
Шу маънода, «Жаҳонгашта «Бобурнома» деб номланган ушбу салмоқли илмий-тадқиқот асарида буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоси ажиб бир хассослик, шарқона чечанлик ва айни пайтда, мутлақо аниқлик ва ростгўйлик, таъбир жоиз бўлса, тарихий-бадиий адабиётларда ҳам учрамайдиган ажиб бир алфозда тасвирлангани таҳсинга лойиқдир.
Масалан, монографиянинг “Ифтихор ва ҳамд ёки шафқатсиз ҳақиқат” бўлимида «Бобур сингари инсонлар фақат муайян бир иқлим ёки ҳудуд намояндаси эмас, балки умумбашарий сиймолар қаторидан ўрин олади», дея Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсига нисбатан билдирилган юксак, айни чоғда жуда муносиб баҳони ўқиймиз.
Бошқа бир ўринда эса «Бобурнома» дек чинаккам ҳайратангиз асар муаллифи хусусида: «...Андижондан то Бенгалиягача чўзилиб кетган неча минглаб чақирим тупроқни, тоғу тошу, саҳрою чўлларни, қуруқлик ва сувларни гоҳ отлиқ, гоҳи пиёда одимлаб ўтган, қўлида қиличу шамшири билан урҳо-ур, сурҳо-сур курашган фотиҳ, енгган ва енгилган тадбиркор саркарда ёзган бу хотираларни. Ёзганда ҳам фақат «Воқеанома» эмас, ҳар бири дард билан суғорилган бениҳоя пурмазмун ва гўзал шеърлар, диний ва дунёвий рисолалар, ажойиб-ғаройиб таржималар ҳам яратган улкан бир мутафаккир ёзган. Ўзига Тангри ато этган бор-йўғи 47 йилу 10 ой ичида шундоқ маҳобатли бир мерос қолдирган», дея лутф қилинади.
Саҳифама-саҳифа «Жаҳонгашта «Бобурнома»га ичкарилаб борилгани сари китобда нафақат «Бобурнома», унинг турли-туман таржималарининг ҳам тадқиқи ва таҳлили чуқурлашиб, мукаммаллашиб бораётганини, балки рисолада Заҳириддин Бобур сиймоси хам қиёмига етиб шаклланаётганини ич-ичдан сезиш мумкин. «Уни Юлий Цезарга менгзайдилар. Йўқ, агар у кимгадир бировга ўхшаса, ўзига ўхшамайди. Инсонлар ҳар хил бўлган. Биров давлатманд, биров мулкдор, биров шаҳаншоҳ, кимлардир мутафаккир олим, беназир шоир, қилни қирқ ёрувчи ҳунарманд. Аммо барча шундай сифатларнинг бир шахсда жамулжам бўлиши худо ёрлақаган инсонга насиб этади. Ана ўша Оллоҳ алқаган инсон Бобур Арслон эди». Заҳириддин Бобурга хосу мос бу янглиғ асл ва оташин таъриф шу пайтга қадар яратилган бирорта бадиий асарда ва турган гапки, илмий тадқиқотларда ҳам мавжуд эмас.
Монографияда «Бобурнома»нинг қўлёзмалари, нашр ва таржималари хусусида ҳам худди шу қабилидаги «теша тегмаган», бошқа манбаларда учрамайдиган маълумотлар бисёр.
Бундан ташқари «Жаҳонгашта «Бобурнома»да Заҳириддин Бобур қаламига мансуб бу шоҳона асарнинг турли-туман тилларга қилинган таржималари йигирмадан зиёд ном остида босиб чиқарилгани қайд этилган ва уларнинг аксарияти санаб ўтилган. Шунингдек, муаллиф номининг ёзилишида ҳам хилма-хилликлар кўп учрар экан. Бабар – Бабер – Бобир – Бобур...
Маълумки, «Бобурнома» Заҳириддин Бобурнинг ўн икки ёшида подшо бўлгани, қадрдон Фарғона вилоятининг таъриф-тавсифи билан бошланади. Вилоят пойтахти Андижонни Заҳириддин Муҳаммад Бобур меҳр билан таърифлайди. Жумладан, «Эли туркдур, – деб ёзади у. – Шаҳр ва бозорисида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била ростдур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг масаннафоти бовужудким Ҳирийда нашъу намо топибдур, бу тил биладур».
Бундан ўша даврдаги Андижон аҳодисининг жонли тили адабий тил билан бир экани, ҳазрат Алишер Навоий Ҳиротда шу тил билан шуҳрат қозонгани аён бўлади. Заҳириддин Бобурнинг туркийни, яъни ўзбек тилини пухта билгани, ўз ижоди билан уни тарғиб этгани ҳам ана шундан. «Бобурнома»нинг давомида Мир Алишер Навоий сиймоси Заҳириддин Бобур қаламига хос ихлос ва ростгўйлик мужассамлигида янада аниқ ва равшан ифода этилганига гувоҳ бўламиз.
«Жаҳонгашта «Бобурнома» муаллифлари монографиянинг «Матн ва таржима» бобида «Бобурнома»нинг аслияти билан турли тиллардаги таржималарини таққослар экан, даставвал ана шу мўътабар зот – ҳазрат Алишер Навоий сиймоси Заҳириддин Бобур асарининг жаҳонда энг кўп тарқалган нашрларида қай тахлит ўгирилганига эътибор қаратган. Ва бу ўринда ниҳоятда турли-туман талқинлар ва чалкашликларга йўл қўйилгани ишонарли таҳлиллар ёрдамида кўрсатиб берилган.
Муаллифлар эътирофича. айнан Ғарб бобуршунослиги саъй-ҳаракати туфайли диёримизда, ҳатто энг тарихий бадбин ва турғунлик йилларида ҳам «Бобурнома»дек оламшумул қимматли манбага бир қадар эътибор берилди. Яъни, бунда “улуғ давлатчилик” даъволари, ашаддий манқуртизм фалсафаси бирмунча изн беришга мажбур бўлди.
Шунинг баробарида, муаллифлар талай ғарб шарқшунос олимлари Алишер Навоий ижодига бир қадар нописандликка ўхшаб кетадиган мақомда муносабат билдирганидан беҳад ташвишланади. Хусусан, улар америкалик адиб Ҳаролд Лемб, англиялик олим Р.Калдекотт, таржимон Ф.Талбот таржималарининг «қусур»ли жойларидан парчалар келтириб, уларнинг аслиятдаги матндан нечоғлик йироқлашиб кетганликлари ва оқибатда Алишербекнинг қиёфаси чала, хира бўлиб қолгани ҳақида куюнчаклик билан фикр юритадилар.
Муаллифлар, жумладан, бундай ёзадилар: «Ғарб Навоийни унинг ўз асари орқали билмайди. Бинобарин, бу сингари ҳар хил «узунқулоқ» гапларга лаққа ишонади. Инглиз ўқувчиси яна билмайдики, Бобур хотираларида Алишер Навоийнинг қиёфаси қандоқ бўлса, шундоқлигича, холисона чизилган. Ҳ.Лемб талқинида эса бу чала ва бир ёқлама чиқиб қолган».
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 47 йиллик умрининг 36 йилида давлат арбоби бўлиб турган. Демак, «Вақоеъ»нинг асл нусхаси ва кўчирилган қўлёзмаларида ана шу 36 йил мобайнида содир бўлган воқеалар акс этиши керак эди. Лекин шуниси ачинарлики, ҳамма йилларнинг воқеалари китобда ўз ифодасини топмаган. Гап шундаки, орадаги воқеаларнинг қисман, айрим ҳолатларда тўла етишмаслиги туфайли 18 йилга яқин воқеалар баёни ўз ифодасини топмаган. Бунинг натижасида воқеалар хронологак жиҳатдан кемтикроқ бўлиб қолган.
«Жаҳонгашга «Бобурнома» муаллифлари ҳам аксарият нашрларда 910 ҳижрий йил воқеалари, 915 йилдан – 924 йилгача, 927 йилдан – 932 йилгача бўлган воқеалар ва 936-937 йиллардаги воқеаларнинг баёни қисқа берилгани ёки умуман акс этмаганини таъкидлайди.
Анетта Бевериж хоним шу узилишлар давомида бўлиб ўтган воқеаларни тиклашда тарих, этнографияга оид 30 дан ортиқ ҳайвонот ва ўсимликлар оламига оид 20 га яқин, 15 дан ортиқ ишончли луғат ва бошқа ноёб манбаларни ҳамда Бобурнинг ҳарбий юришларини акс эттирувчи харитани чизишда 20 га яқин ишончли жўғрофий манбаларни ўрганиб чиқиб, асарни матний ва мантиқий далиллаш томонидан яхлитлигини таъминлашга эришган экан.
«Бундай ишни ўзимиз ҳам беш аср кечикиб бўлса-да, бошлашимиз зарур», деб уқтиради «Жаҳонгашга «Бобурнома» муаллифлари. Улар шу мақсадда «Бобурнома»даги муайян йиллар воқеаларида тушиб қолган жойларини тўлдиришга қўл келадиган бир талай тарихий манбаларни тавсия этадилар.
Монографияда шундай манбалардан Ҳайдар Мирзонинг «Тарихи Рашидий», Абулфазлнинг «Акбарнома» ва Гулбадан Бегимнинг «Ҳумоюннома» асарлари, Низомиддин Аҳмаднинг «Табақоти Акбарий» рисоласи, Аҳмад Йодгорнинг «Тарихи салотини Афғон», шунингдек, Муҳаммад Қосим Ҳинди Шоҳ Фариштанинг «Ҳиндистон тарихи», Муҳаммад Ҳофихоннинг «Темурнинг Ҳиндистондаги сулоласи», Мирхонднинг «Равзатус-сафо» каби қўлёзмаларига атрофлича таъриф берилади.
Хулоса қилиб айтганда, маърифатли дунё неча юз йиллардан буён «Бобурнома»ни таржима ҳамда тадқиқ этиш билан машғул. Таниқли олимлар Ғайбуллоҳ ас-Салом ва Неъматуллоҳ Отажоннинг «Жаҳонгашта «Бобурнома» монографияси бу йўлда янга бир одим бўлгани шубҳасиз.
Ғулом МИРЗО
(“Маърифат” газетаси, 1997 йил 28 июнь )
- Қўшилди: 14.02.2024
- Кўришлар: 5049
- Чоп этиш