ОЗИҚ-ОВҚАТ АДОЛАТИ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ: Айни мавзудаги халқаро анжуманлар қанчалик муҳим?

Кейинги йилларда халқаро ҳамжамият дунёда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келиши мумкинлигидан мунтазам огоҳлантирмоқда. Экспертларнинг фикрича, озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги вазият ёмонлашиши 2017 йилдан бери кузатилмоқда.

Жорий йил 6-7 февраль кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган “Инсон ҳуқуқлари нуқтаи назарида озиқ-овқат адолати: воқелик ва келажак муаммолари” мавзусидаги конференцияда ҳам айни муаммолар атрофида сўз юритилди. Халқаро анжуманда иштирок этган мамлакатимиз делегацияси раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

– Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда БМТ ва унинг тегишли тузилмалари сайёрамиз миқёсида озиқ-овқат тақчиллиги юзага келишидан огоҳлантирмоқда ва бунга ҳар хил нохуш омиллар сабаб бўлаётгани ҳақида ташвишли хулосалар бермоқда, – деди А.Саидов. –БМТ ҳисоботига қараганда, 2020 йили жаҳоннинг 55 мамлакати ва минтақасида камида 155 миллион киши турли можаролар, иқлим ўзгариши ҳамда коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиққан иқтисодий инқирозлар натижасида кучли очлик ҳолатига тушиб қолган. Бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан деярли 20 миллион кишига кўпдир.

Орадан икки йил ўтиб, яъни 2022 йилда эса глобал кўламда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи ошиши сабабли озиқ-овқат сотиб ололмаслик муаммоси пайдо бўлган. Ўз навбатида, 2023 йилда сайёрамиз аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш борасидаги вазият янада қалтислашди.

Бундай салбий ҳолатлар юзага келишига дунёнинг турли ҳудудларидаги нотинч вазият, бунинг оқибатида ўғитлар экспортининг пасайиши ва бир вақтнинг ўзида ушбу турдаги маҳсулот нархининг ошиши, ана шу омилларнинг фермерлар фаолиятига тўсқинлик қилиши асосий сабаблар сифатида кўрсатилмоқда. Қолаверса, сув тошқини, қурғоқчилик каби нобоп об-ҳаво ҳодисалари ҳам озиқ-овқат таъминотига салбий таъсир қилишидан хавотир билдирилмоқда.

Ер юзидаги ҳар бир инсоннинг озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқини таъминлашда айни соҳага ихтисослашган тузилмаларнинг фаолияти қандай самара бераяпти?

– Эътибор қилинг: 1945 йили тузилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) дастлабки сессиясидаёқ ўзининг ихтисослашган муассасаси ҳисобланувчи Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, яъни ФАОни таъсис этган. Унинг зиммасига Иккинчи жаҳон урушидан кейинги ўта мураккаб шароитда, таъбир жоиз бўлса, ҳалокатли бир вазиятда бутун дунёда очликка қарши курашиш борасида халқаро ҳамжамият амалга оширадиган глобал саъй-ҳаракатларга раҳбарлик қилиш вазифаси юкланган.

Жорий йилда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти тузилганига 79 йил тўлмоқда. Ўтган узоқ синовлар даврида ФАО халқаро ҳамжамиятнинг ишончини оқлади, десак, янглишмаймиз. Чунки ушбу ихтисослашган ташкилотнинг 195 аъзоси – 194 та мамлакат ва Европа Иттифоқи давлатлари ҳамда ФАО иш олиб бораётган 130 дан зиёд мамлакатнинг фаол иштирокида жаҳон аҳолиси учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳар бир инсоннинг мунтазам равишда сифатли овқатланишини кафолатлаш йўлида муҳим амалий қадамлар қўйилди.

Ўз навбатида, ХХI аср ҳам инсоният бошига уруш қирғинбаротларидан кам бўлмаган ҳалокатли офатларни кетма-кет ёғдирмоқда. Шулардан бири – COVID-19 пандемияси бўлиб, бу шафқатсиз бало оқибатида сайёрамиздаги оч ва муҳтож кишиларнинг сони миллионлаб нафарга кескин ортди. Қанчадан-қанча одамлар ишсиз ва таъминотсиз қолди, ёшларнинг кўпчилиги нафақат таълим олиш, балки шунчаки қорин тўқлаш имконидан ҳам маҳрум бўлди.

Қақшатқич урушлардан кам бўлмаган кўламда хатарли ана шу глобал офат туфайли биргина озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларни тақсимлаш тизимининг ўзида миллионлаб ходимлар ишсиз қолган оғир шароитда ФАО фаолиятининг нечоғлик муҳимлиги яна бир бор яққол намоён бўлди. Эндиликда мазкур халқаро ташкилот жаҳон ҳамжамияти олдида турган янги ва долзарб муаммолар:

  • очларни овқатлантириш;
  • бошқа барча инсонларнинг озиқ-овқати сифатини яхшилаш;
  • соғлом таомланиш маданиятини ошириш;
  • озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
  • бунда исрофгарчиликларнинг олдини олиш;
  • ҳайвонот ва наботот дунёсининг йўқолиб бораётган ноёб турларини асраб қолиш;
  • қишлоқ хўжалиги соҳасида атроф-муҳитга зиён етказмайдиган ва унумдор ҳосилдорлик фаолиятини ривожлантириш;
  • “яшил иқтисодиёт”ни татбиқ этиш каби масалаларни ҳал этиш билан астойдил шуғулланмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, ФАОнинг «Рақамли 1000 та қишлоқ» ташаббуси шарофати билан сайёрамизнинг бир қатор қишлоқ жойларида турмуш сифати яхшиланиб, янги давр талаблари даражасига мослашаётганини қайд этиш лозим. Айни ташаббус мамлакатимиз қишлоқларида ҳам кенг ёйилаётгани туфайли ҳамюртларимиз йилнинг иссиқ ва қурғоқчил фаслида ҳам замонавий техника-технологиялар кўмагида қишлоқ хўжалиги экинларидан салмоқли ҳосил олаётганига ҳаётий мисоллар бисёр.

Энг асосийси, коронавирус офати ва унинг оқибатида юзага келган бутунжаҳон иқтисодий бўҳрони аввалбошда дунё жамоатчилигини катта ташвиш ва хавотирга солиб қўйганди. Шукрки, БМТ, ФАО каби халқаро ташкилотлар, фаол давлатлар ва ҳар бир фидойи замондошимизнинг амалий саъй-ҳаракатлари эвазига, бир томондан, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва тақсимлаш тизими қайтадан ўз изига тушаётган бўлса, иккинчи томондан, соҳага рақамли технологияларни татбиқ этиш йўли билан озиқ-овқатлар миқдорини ошириш, нархини арзонлаштириш ва сифатини яхшилаш йўлида муайян натижалар қўлга киритилмоқда.

Сўнгги ўн йилларда “яшил инқилоб” ва инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошди. Ўзбекистон Президенти айтганларидек, “тобора кўпайиб бораётган дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилди”.

Бугунги кунда озиқ-овқат адолати ва инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишланган форумлар қанчалик муҳим, деб ҳисоблайсиз?

– Ўрта асрларда яшаб ўтган улуғ аллома ва табиб бобомиз Абу Али ибн Сино ўз даврида “Кимки узоқ ва соғлом ҳаёт кечиришни истаса, аввало, овқатнинг сифати ва миқдорига эътибор қаратсин”, деб таъкидлаганлар. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ФАО техник кўмагида 2023 йил 7-8 сентябрь кунлари Самарқандда ўтказилган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табригида Ибн Сино ҳазратларининг айни шу ҳикматли сўзларига мурожаат қилгани бежиз эмас.

Нега деганда, орадан юз ва минг йиллар ўтганига қарамай, озиқ-овқат хавфсизлиги, уни барқарор етказиш, очлик ва қашшоқликка қарши курашиш масалалари бугун ҳам инсоният учун долзарб бўлиб қолмоқда. Коронавирус пандемияси, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги инқирозлар эса, албатта, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимида занжирларнинг узилиши ва нархлар ошиши мисолида бу борадаги аҳволнинг янада қалтислашишига олиб келди.

Ўзбекистон Президенти бундан айниқса ривожланаётган мамлакатлар жабр кўраётганига эътиборни қаратди. Давлатимиз раҳбарининг фикрича, “Глобал иқлим ўзгаришлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимига инвестиция ҳажми камайиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу эса Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни хавф остида қолдирмоқда”.

Янада муҳими, Президентимиз Самарқанд форумига йўллаган табригида “дунё аҳолиси ўртасида соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш – узоқ давом этадиган жараён” эканлигини эътироф этган ҳолда, бу борада бир қатор янги ташаббус ва ғояларни илгари сурди.

Биринчидан, “Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, ташқи таъсирларга чидамли навларини яратиш, чорва наслини яхшилаш ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Фермерлар ва кичик ишлаб чиқарувчилар учун ахборот-консалтинг марказларини ташкил этиш, уларни ресурс тежайдиган илғор технология ва усуллар бўйича ўқитиш учун агро-консалтинг хизматлари сифатини тубдан яхшилаш ҳам долзарб бўлиб бормоқда”.

Иккинчидан, “Замонавий технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги фермерлар учун бир хилда очиқ ва ҳамёнбоп бўлиши керак. Биз халқаро молия институтларини ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг “яшил технологиялар”дан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга чақирамиз”.

Учинчидан, “Биз энг зарур маҳсулотлар савдоси ва транспортировкасида тўлиқ эркинлик ҳамда озиқ-овқат юклари ҳаракатини тартибга соладиган қоидаларни соддалаштириш тарафдоримиз. Савдо йўллари хавфсизлиги ва очиқлигини таъминлаш давлатлараро муносабатларда ўзгармас тамойил бўлиб қолиши зарур”.

Самарқанд конференцияси давомида ана шу янги ташаббуслар юзасидан атрофлича фикр алмашилди ва глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим масалалар ечимлари бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди. Форум якунида қабул қилинган Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги Самарқанд декларацияси Ўзбекистон ҳукумати томонидан халқаро анжуманда эришилган келишувларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Дарвоқе, бу ўринда Президентимиз 2022 йили қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида бугунги кунда дунё миқёсида глобал аҳамият касб этаётган озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлагани ҳақида ҳам тўхталиш тақозо этилади. Чунки давлатимиз раҳбари ШҲТнинг айни шу олий даражадаги мажлисида мазкур ҳаётий масалаларни кенг муҳокама этиш мақсадида Самарқандда халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурганди.

Доҳа халқаро конференцияси тафсилотларига мухтасар тўхталсангиз.

– Доҳада бўлиб ўтган халқаро конференция бутун дунё бўйлаб ҳар бир инсоннинг озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Унда 300 дан ортиқ ҳукумат ва ноҳукумат ташкилот вакиллари иштирок этди.

Конференция очилишида Қатар давлатининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмитаси раиси Марям бинт Абдуллаҳ ал-Аттиях, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ўринбосари Нада ал-Нашиф, Араб давлатлари лигаси бош котиби Хаифа Абу Газалех, БМТ Озиқ-овқат ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Майкл Фахри, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жассим Бин Моҳаммед ал- Будаиви сўзга чиқди. Сўзга чиққанлар:

биринчидан, глобал озиқ-овқат инқирозини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан тушунишга тизимли муносабатни шакллантириш мақсадида халқаро ва миллий даражада озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқни амалга ошириш билан боғлиқ қонунчилик, сиёсат, стратегиялар ва дастурларни кўриб чиқиш;

иккинчидан, ҳукуматлар ва халқаро компанияларни озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқни рўёбга чиқариш учун инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув билан ишлашга ундайдиган механизмлар ва воситаларни таклиф қилиш;

учинчидан, барча одамларга бошқариладиган ва самарали қоидаларга мувофиқ йил давомида хавфсиз, тўйимли ва етарли озиқ-овқатдан фойдаланиш имкониятини бериш;

тўртинчидан, манфаатдор томонларнинг бу борадаги ўз мажбуриятларига қай даражада содиқлигини назорат қилиш салоҳиятини кучайтириш ҳамда улар ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиш масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини баён қилди.

Форум якунида Озиқ-овқат адолати бўйича Доҳа декларацияси қабул қилинди.

Ушбу конференция глобал лидерлар, экспертлар ва фаоллар учун кучларни бирлаштириш ва озиқ-овқат адолати ва хавфсизлигининг кўп қиррали муаммоларини ҳал қилиш учун муҳим мулоқот майдонини тақдим этди. У жаҳон озиқ-овқат тизимидаги очлик, тўйиб овқатланмаслик ва тенгсизлик каби долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўзаро фикр, тажриба ва инновацион стратегиялар алмашиш имконини берди.

Халқаро конференцияда бугунги дунёмизнинг иқтисодий ва ижтимоий тенгсизлик, уюшган зўравонлик, қуролли можаролар ва экологик муаммолар каби озиқ-овқат хавфсизлигининг асосий муаммоларини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ёндашув ҳар бир инсонни етарли, арзон ва сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш имкониятини берадиган тинч, барқарор ва адолатли глобал озиқ-овқат тизимларини яратиш муҳимлигининг ўзига хос тасдиғи бўлди.

Бундан ташқари, Доҳада конференциясига мезбонлик қилиш Қатарнинг асосий инсон ҳуқуқлари, жумладан, озиқ-овқат ҳуқуқини таъминлаш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшиш мажбуриятига содиқлигини яна бир бор амалда исботлади.

Мазкур Форум бутун дунёда долзарб тус олган озиқ-овқат сиёсати ва амалиётида барқарор ўзгаришларни амалга ошириш учун зарур халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида ўзаро фикр алмашиш имконини бергани билан ғоят аҳамиятлидир. Доҳа конференцияси – инсон ҳуқуқлари бўйича глобал кун тартибидаги муҳим воқеа, яъни озиқ-овқат адолатини бутун инсоният учун рўёбга чиқариш йўлида жаҳон ҳамжамияти томонидан қўйилган том маънодаги дадил қадам бўлди.

Халқаро конференцияда мамлакатимиз делегацияси иштирокининг аҳамияти нимада?

– Аввало, Ўзбекистон делегациясининг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган ушбу халқаро конференцияда иштирок этиши натижасида халқаро ҳамжамият Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ҳақида хабардор қилинди.

Яна бир муҳим натижа: Қатар давлатининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмитаси аъзолари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро экспертлар жамоаси томонидан Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари ҳамда бу борадаги дастур ва стратегиялар юқори баҳоланди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқни таъминлашдаги роли кўп қирралидир. Миллий марказ озиқ-овқат хавфсизлигини миллий устувор вазифага айлантирадиган сиёсат тарафдори бўлиб, инсоннинг озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқини қонунчилик базасига киритиш учун изчил иш олиб бормоқда.

Миллий марказ жамиятнинг барча даражаларида ушбу ҳуқуқ ҳурмат қилиниши, ҳимоя этилиши ва таъминланиши учун турли секторлар билан ҳамкорлик қилади. Ҳукуматнинг бу соҳадаги саъй-ҳаракатларини мониторинг қилиш, аҳоли хабардорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида энг заиф қатламлар манфаатларини ҳимоя қилиш, ўз навбатида, мамлакатимизда ҳар бир фуқарони тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишончли таъминлайдиган самарали тизимни яратишга ёрдам беради, деб ҳисоблайман.

Ўз навбатида, Миллий марказ раҳбарининг озиқ-овқат адолатига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этгани ушбу соҳадаги  муаммоларни глобал миқёсда ҳал қилишга интилишимизнинг амалий  ифодасидир. Форумда иштирок этиш асносида:

биринчидан, Ўзбекистонда озиқ-овқатга бўлган ҳуқуққа эришиш бўйича ўз билим ва тажрибамиз, жумладан, енгиб ўтилган қийинчиликлар ва самарали деб топилган стратегияларимиз билан ўртоқлашдик;

иккинчидан, муҳокамаларда фаол қатнашиб, озиқ-овқат адолати масалалари бўйича миллий нуқтаи назаримизни таклиф қилдик ва мамлакатимизнинг бу борадаги ёндашувини янада такомиллаштириш учун хорижий ва халқаро ҳамкорларимизнинг илғор тажрибаларини ўрганишга интилдик;

учинчидан, Ўзбекистонда ҳам, халқаро ҳамжамиятда ҳам озиқ-овқат адолатини таъминлаш учун бошқа манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдори эканимизни очиқ англатдик;

тўртинчидан, конференция якунланганидан кейинги даврда инсоннинг озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқи ҳурмат қилинишини ва мамлакатимизнинг бу соҳадаги сиёсати энг сўнгги халқаро стандартлар ва инновацион амалиётларни ўзида акс эттиришини таъминлаб, айни шу ёндашувни миллий ҳаракат режаларимизга уйғунлаштирмоқдамиз.

Мухтасар айтганда, Доҳа халқаро конференциясида иштирок этганимиз – халқимиз, давлатимиз, Президентимиз Ўзбекистонда ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳар бир инсоннинг озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлашга содиқ эканидан ёрқин далолатдир.

 

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди

«Ishonch» газетасининг 2024 йил 17 февраль кунги 23 (4931)-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Парламент тадқиқотлари институти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech