Ижтимоий адолат ва инсон қадри

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 февраль куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган ушбу йиғилиш асносида давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, “Жамиятимизда ижтимоий адолат ва инсон қадрини таъминлаймиз десак, бу янги тизимни жойларда самарали ишлатиб, муҳтож инсонларга мадад ва умид бағишлашимиз керак”.

21 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида мазкур видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган мажлис бўлди. Мажлисни Марказ директори Акмал Саидов бошқарди.

Мамлакатимиз Конституциясининг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгиланган. Шунга мувофиқ, 2023 йил 1 июнда аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш бўйича Президент Фармони қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилган.

Ўтган вақт мобайнида ўндан ортиқ давлатнинг тажрибаси чуқур ўрганилди, малакали экспертлар жалб қилинди. Таҳлил ва ўрганишлар кўрсатганидек, одамлар ташвишини ичига кирмаган, ўзидан ўтказмаган эски тизим тубдан ўзгариши керак ва бу мураккаб, комплекс жараён.

Аввало, эски ижтимоий ҳимоя тизимида одамларга умид бериш, ҳаётини яхшилаши, банд бўлишига кўмаклашиш энг охирги ўринга тушиб қолган. Президент бу соҳада умумий ёндашув ўзини оқламагани, ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида профессионал ёндашиш лозимлигини қайд этиб, устувор йўналишларни белгилаб берди. Ижтимоий хизмат ва ёрдамни маҳалла даражасида манзилли, шаффоф ва адолатли ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳам атрофлича таҳлил қилди. Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани тарихий воқеа бўлгани ва ундаги мажбуриятларни бажариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.

Шу билан бирга, вилоят ва туман ҳокимлари ушбу шахсларга ёрдам бериш, уларнинг уюшмалари ва ташкилотлари билан мулоқот қилиш, шароит яратиш билан етарлича шуғулланмаётгани кўрсатиб ўтилди. Айрим вазирлик, идоралар ва вилоят ҳокимликларда ногиронлиги бўлган бирорта одам ишга олинмагани танқид қилинди.

Давлат раҳбари ўтказган йиғилишда, шунингдек, ота-она меҳрига муҳтож болаларга ғамхўрлик масалалари кўриб чиқилди. Бугунги кунда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни эътибордан четда қолдирмаслик учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шунга қарамай, қуйи бўғиндаги эътиборсизлик оқибатида жойларда қаровсиз қолиб кетган болалар аниқланаётгани қайд этилди. Ҳозирда уларга васийлик белгиланмоқда. Ота-онаси миграцияда бўлган, ноқулай ижтимоий муҳитдаги оилаларда тарбияланаётган, руҳий-жисмоний ривожланишида хусусиятлари бор болаларга ёрдам тизимини такомиллаштириш зарурлигига жиддий эътибор қаратилди.

Миллий марказ мажлисида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан Ўзбекистон Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни бажариш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech