Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида янгича тизим яратилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ва адолатли ижтимоий сиёсат юритиш борасидаги ислоҳотлар” мавзусида семинар ўтказилди.

Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов йиғилишни очар экан, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ушбу масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилиб, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари жорий этилгани бугун ижтимоий масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилди. Бош қомусимизда ижтимоий мажбуриятларга доир нормалар 3 баробарга ошганлиги, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши белгиланди.

Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда нафақа олувчилар сони 2016 йилда 466 минг нафарни ташкил этган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ошди.

Семинарда Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар, уларни ижросини таъминлаш борасида амалга оширилиши режалаштирилган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан айтиб ўтилганидек, сўнгги ойларда кам таъминланган оилалар манзилли ўрганилиб, тизим шаффоф қилингани натижасида доимий даромадга эга оилалар бундай тоифадан чиқарилган. Ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшаётган 2 минг кишига ёрдам кўрсатилган. Шунга қарамай бугунги кунда ижтимоий ҳимоя тизими билан 250 та хизмат қамраб олинган бўлса-да, маҳалладаги аҳоли уларнинг ярмини ҳам билмаслиги айтилиб, ижтимоий хизматлар борасида аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича тарғибот тадбирларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, жорий йил 1 октябрдан аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамлар “ижтимоий карта” орқали молиялаштирилиши, келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги борларга қаровчиларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилиши айтиб ўтилди.

Ижтимоий муаммонинг оғирлигига қараб, уни ҳал қилиш бўйича 1-даражада “Инсон” маркази, 2-даражада сектор раҳбари, 3-даражада туман ҳокими шуғулланиши, барча ижтимоий хизматлар босқичма-босқич ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси орқали кўрсатилиши таъкидланди.

Йиғилишда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми бўлмиш ногиронларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилган. Бундай шахсларни ишга олган корхона ва ташкилотлар учун бир қатор имтиёзлар берилган. Эндиликда бино ва иншоотларни қуриш лойиҳаcи ногиронлиги бўлганлар учун қулай муҳит яратилганлиги бўйича ҳам мажбурий экспертизадан ўтказилади. Жамоат транспорти, бекатлар ва чорраҳаларда улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, ходимларининг 50 фоизида ногиронлик бўлган тадбиркорларга давлат буюртмачилари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имконияти берилади. Бундай шахсларни касбга тайёрлайдиган 4 та ихтисослашган мактаб саноат тармоқларига бириктирилади.

Мунозаралар чоғида аҳолини ижтимоий ҳимоясини ташкил этилишига барча қонунчилик, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, энг асосийси соҳанинг эгаси аниқ белгилаб берилгани ва тизим яратилгани айтиб ўтилди. Ушбу тизим мунтазам такомиллаштириб борилаётгани, ижтимоий ҳимоя соҳасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш орқали ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.

Савол-жавоблар давомида депутатлар мамлакатимизда аҳолига профессионал ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан бирга, ижтимоий хизмат ва ёрдамни маҳалла даражасида манзилли, шаффоф ва адолатли ташкил этиш, ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва бу борада парламент назоратини кучайтириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Семинар якунида юқоридаги масалалар юзасидан Қонунчилик палатаси депутатлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Республика касаба уюшмалари Кенгаши тегишли вазирлик ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, жойларда ўрганишлар ўтказиш ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech