ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯДА ЯНГИ МИЛЛИЙ ТИЗИМ
Унинг ҳуқуқий, ташкилий ва маънавий-маърифий асослари
Президентимиз раислигида 2024 йил 20 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий ҳимоя миллий тизимини изчиллик ва самарадорлик билан амалга ошириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Танқидий-таҳлилий ва амалий руҳда ўтган ушбу йиғилиш асносида давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Жамиятимизда ижтимоий адолат ва инсон қадрини таъминлаймиз десак, бу янги тизимни жойларда самарали ишлатиб, муҳтож инсонларга мадад ва умид бағишлашимиз керак”.
Бинобарин, мамлакатимизда кейинги йилларда ижтимоий ҳимоянинг инсон қадрини таъминлашга том маънода хизмат қиладиган янги миллий тизимига асос солинди. Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” монографиясида адолатли ва кучли ижтимоий сиёсатга асосланган ушбу тизимнинг мазмун-моҳияти ҳамда имкониятлари кенг очиб берилган.
Ҳуқуқий асослар
Кейинги йилларда ўндан ортиқ давлатнинг бу соҳадаги амалиёти ва халқаро тажриба чуқур ўрганилди, ушбу ишга малакали миллий ҳамда хорижлик экспертлар жалб қилинди. Таҳлиллар одамлар ташвишининг ичига кирмаган, ўзидан ўтказмаган эски тизим тубдан ўзгариши кераклигини, ўз навбатида, ижтимоий ҳимоянинг янги миллий тизимини яратиш мураккаб ва қамровдор жараён эканини кўрсатди.
Шу маънода, ижтимоий ҳимоя миллий тизимини шакллантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани жуда муҳим. Бу ўринда, аввало, 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 1-моддасида Ўзбекистон – ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилганини қайд этиш лозим.
Бош қонунимизнинг IХ бобида барча ижтимоий ҳуқуқлар кенг очиб берилган. Хусусан, Конституциянинг қатор моддаларида:
– меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;
– давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши;
– ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек, боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга эканлиги;
– давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши каби ижтимоий ҳуқуқлар белгилаб қўйилган;
– меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши белгиланган.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, мазкур соҳани ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини яққол кўрсатди. Шунинг учун давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 июлдаги фармони билан соҳага оид 3 та муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси; Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичлари; Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Шу асосда мамлакатимиз аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгилаб олинди:
– ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча оилалар ва шахсларни ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиш;
– мажбурий ижтимоий кафолатлардан, шу жумладан, ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш, ушбу жараёнга очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш;
– аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
– ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш ҳамда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш;
– аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш;
– ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиётини жорий этиш.
Шунинг учун ўтган қисқа даврда ижтимоий сиёсат йўналишида қабул қилинган қонунлар сони икки баробар кўпайди. Бу борада 1992–2016 йилларда 24 та қонун қабул қилинган бўлса, 2017–2024 йилларда айни кўрсаткич 44 тани ташкил этмоқда.
Янги қонунлар ижтимоий сиёсатнинг турли соҳаларига тааллуқлидир. Хусусан, охирги етти йилда меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолининг бандлиги соҳасида – 11 та, ижтимоий таъминот ва ҳимоя соҳасида – 9 та, соғлиқни сақлаш соҳасида – 12 та, таълим соҳасида – 8 та қонун қабул қилинган.
Юртимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими ана шу қамровдор ҳуқуқий асосга таянган ҳолда мунтазам такомиллаштирилмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимоя соҳасига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ташкилий асослар
Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган “ижтимоий давлат” тамойилларини инобатга олган ҳолда, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш ҳамда мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этиш давр талабига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани худди шу долзарб талабга нисбатан ўзига хос ҳозиржавоблик ифодаси бўлди.
Ушбу агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органидир. Президентимиз 2023 йил 1 июнда қабул қилган “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон билан агентликнинг:
– аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсати ва чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
– ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш;
– вояга етмаган болаларни, аёлларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш;
– ёшлар, якка ёлғиз кексалар ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш;
– ижтимоий таъминот дастурларини юритиш каби асосий фаолият йўналишлари белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 сентябрдаги “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эса ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш кўзда тутилган.
Қарор билан 2023 йил 15 октябрдан бошлаб дастлаб 28 туман (шаҳар)да эксперимент тариқасида ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишнинг янги тизими йўлга қўйилиши белгиланди. Бу ижтимоий хизматлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ижтимоий ходимлар гуруҳлари томонидан кўрсатилади.
Бунга қадар Президентимизнинг 2022 йил 25 июлдаги фармонига асосан ҳозирги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилганини ҳам эслатиш мақсадга мувофиқдир.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Президентимизнинг 2023 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилганлиги муносабати билан айрим вазирлик ва идораларнинг аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш соҳасидаги функцияларини оптималлаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат органларининг такрорланувчи вазифа, функция ва ваколатларини бартараф этиш мақсадида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тугатилди. Собиқ жамғарма даромадларини шакллантиришнинг тегишли манбалари Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасига йўналтирилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий тизими ва парламент назорати
Миллий парламентимизнинг ижтимоий ҳимоя тизимида тутган ўрни ва аҳамиятини иккита йўналишдаги фаолияти билан баҳолаш мумкин. Биринчи йўналиш, ижтимоий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, яъни қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилишдан иборат бўлса, иккинчи йўналиш, соҳага оид қонунлар устидан парламент назоратини амалга оширишни назарда тутади.
Олий Мажлис палаталари ижтимоий соҳа бўйича ишлаб чиққан, қабул қилган ва маъқуллаган қонунлар сони кейинги йилларда кескин ортгани ҳақида юқорида тўхталдик. Айни соҳадаги қонун ижодкорлиги жараёнлари узвий давом этмоқда.
Бунга битта мисол: Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 26 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ҳамда Сенатга юборилди. Мазкур қонунда ҳам ижтимоий ҳимоя нуқтаи назаридан бир қатор енгилликлар ва имкониятлар мустаҳкамланган.
Хўш, қонундаги асосий янгиликлар нималардан иборат?
Биринчидан, ушбу қонун билан “Ижара тўғрисида”ги қонунга ижарачининг ногирон бўлиб қолганлиги ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Иккинчидан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунда пенсионерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддатини ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача узайтириш, шунингдек, фуқароларнинг пенсия тайинлаш учун Адлия вазирлиги давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.
Учинчидан, қонунда пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслигини белгилаш, пенсиялар миқдорини йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш тартиби, маҳкумларнинг озодликдан маҳрум қилинган даврда амалга оширган фаолияти даврини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида ҳисобга олишга доир талаб ҳам аниқланмоқда.
Шу билан бирга, “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга фуқарода давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келганлиги тўғрисида Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган маълумотлар фуқаронинг пенсия тўловларини олиши учун асос бўлишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мазкур қонун янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат принципини амалга оширишга қаратилган. У кучга киргач, албатта, пенсионерларнинг моддий фаровонлигини янада юксалтириш, фуқароларнинг электрон давлат хизматларини мустақил равишда олиш имкониятини кенгайтириш, пенсия миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилишда инфляция даражасини ҳисобга олиш тизимини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижара муносабатларига оид ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Парламент назорати масаласига келсак, Қонунчилик палатаси томонидан биргина 2023 йилда ўтказилган 20 та “Парламент эшитуви”нинг 8 таси бевосита ижтимоий ҳимояга оид қонунчилик ижроси ҳолати таҳлилига бағишланди. Ўтган йилда, шунингдек, соҳага тааллуқли масалалар юзасидан 15 та “Парламент сўрови”, 8 та “Ҳукумат соати” тадбирлари амалга оширилган.
Қонунчилик палатаси депутатлари 2020–2023 йилларда давлат органларининг мансабдор шахсларига 1 минг 244 та “депутат сўрови” юборган бўлса, шундан 513 таси ижтимоий соҳа муаммоларига тегишлидир. Шу муддат давомида халқ ноибларининг сайлов округларидаги учрашувлари асносида аҳоли томонидан ижтимоий соҳага оид 18 минг 689 та масала кўтарилган ва шундан 8 минг 616 таси ижобий ҳал этилган.
Ижтимоий ҳимоя адолатли бўлиши учун – адолатли
мониторинг муҳим!
Президентимиз йиғилишда ижтимоий ҳимоя соҳасида умумий ёндашув ўзини оқламагани, ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида профессионал ёндашиш лозимлигини қайд этиб, устувор йўналишларни белгилаб берди, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳам атрофлича таҳлил қилди. Ўзбекистон 2021 йилда БМТнинг Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига қўшилгани тарихий воқеа бўлгани ва ундаги мажбуриятларни бажариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Афсуски, эски ижтимоий ҳимоя тизимида одамларга умид бериш, ҳаётини яхшилаши, банд бўлишига кўмаклашиш энг охирги ўринга тушиб қолган экан. Ушбу соҳа 30 йил олдинги тизимда қолиб кетган, фақат давлат ажратган пулни тарқатиш билан шуғулланган.
Бундай номақбул ёндашув айрим одамларни ўзини ўнглаб олишга эмас, ёрдам кутиб яшашга, боқимандаликка ўргатиб қўйган. Мисол учун, меҳнатга лаёқатли кишиларга ҳам нафақа тўлаб келинган. Ногиронлиги борларни тиббий ва ижтимоий реабилитация қилиш, касбга ўргатиш орқали ҳаётга қайтаришга етарлича эътибор берилмаган.
Шу билан бирга, вилоят ва туман ҳокимлари ушбу шахсларга ёрдам бериш, уларнинг уюшмалари ва ташкилотлари билан мулоқот қилиш, шароит яратиш билан етарлича шуғулланмаётгани кўрсатиб ўтилди. Йиғилишда, шунингдек, ота-она меҳрига муҳтож болаларга ғамхўрлик масалалари кўриб чиқилди. Бугунги кунда ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни эътибордан четда қолдирмаслик учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шунга қарамай, қуйи бўғиндаги эътиборсизлик оқибатида жойларда қаровсиз қолиб кетган болалар аниқланаётгани қайд этилди. Ҳозирда уларга васийлик белгиланмоқда. Ота-онаси миграцияда бўлган, ноқулай ижтимоий муҳитдаги оилаларда тарбияланаётган, руҳий-жисмоний ривожланишида муаммоси бор болаларга ёрдам тизимини такомиллаштириш зарур.
Давлатимиз раҳбари ота-она меҳрига муҳтож болаларни тарбиялаш бўйича бир қатор вазифаларни кун тартибига қўйди. Хусусан, энди жойларда васийлик ва ҳомийлик масалалари, ота-она қарамоғидан маҳрум болалар билан маҳалладаги ижтимоий ходимлар шуғулланади. Бунинг учун ҳокимликлар ҳузуридаги Васийлик ва ҳомийлик комиссиялари тугатилиб, 1 августдан уларнинг ваколати “Инсон” марказларига ўтказилади.
Етим ва назоратсиз қолган болаларни қарамоққа олиш бўйича “ихтисослашган тутинган оила” тизими жорий этилади. Ихтисослашган 160 та таълим муассасасида босқичма-босқич “ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил қилинади.
Ота-онасидан айрилган йигит-қизларга кўмаклашиш тизими ҳам ўзгаради. Энди “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури асосида уларни қўллаб-қувватлаш 23 ёшгача этиб белгиланади.
Ички ишлар тизимидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари “Ҳаёт мактаби” сифатида қайта ташкил қилинади. Улар тарбияси оғир болаларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича комплекс хизмат кўрсатадиган масканга айлантирилади.
Маънавий-маърифий асослар
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан 2 баробар ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробар кўпайди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Жорий йил 1 июндан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқлаш тартиби ва улар билан ишлаш тизими ўзгаради. Бунда эҳтиёжманд тоифани аниқлаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилади ва уларнинг айнан қандай ёрдамга муҳтожлиги аниқ белгилаб берилади.
Бу ҳақда фикр юритганда, Президентимизнинг 2023 йил 27 декабрдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига алоҳида тўхталиш лозим. Қарор билан ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Жумладан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва рақамлаштириш; ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиб, қамровни кенгайтириш; ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар саломатлиги ва турмуш сифатини яхшилаш орқали уларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш; ижтимоий ҳимоя тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш; ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб табақалаштирилган ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш.
Эътибор беринг, давлатимиз раҳбарининг ижтимоий соҳага тааллуқли чиқишлари, фармон ва қарорларида ижтимоий ҳимоя тизимида хусусий сектор, фуқаролик жамияти, хусусан, маҳалла тизими иштирокини кенгайтиришга қайта-қайта урғу берилгани бежиз эмас. Чунки ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли учун айнан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, хусусан, маҳаллалар энг яқин елкадош тизимлар ҳисобланади.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига вилоят ҳокимлари билан бирга барча маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолиятини ташкил қилишни топширгани айни муддаодир. Шунингдек, протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилиши белгиланди. Маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ҳам ишлаб чиқиладиган бўлди.
Биз Президентимиз ташаббуси асосида ишлаб чиқилган ҳамда амалиётга татбиқ этилаётган мутлақо янги Ижтимоий ҳимоя миллий тизимининг бир қатор хусусиятларига мухтасар тўхталдик. Бу ҳақда сўз борганда, шунингдек, соҳадаги теран ислоҳотлар ҳақида ахборот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарурлигини унутмаслик керак.
Ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд юртдошларимиз ўзларига қандай қулайлик ва енгилликлар яратилганидан кўпинча хабарсиз қолмоқда. Бунинг исботи сифатида давлатимиз раҳбари нутқида келтирилган мана бу далил ва рақамларга эътиборингизни қаратамиз:
“Ижтимоий ҳимоя тизими билан 250 та хизмат қамраб олинган бўлса-да, маҳалладаги аҳоли уларнинг ярмидан ҳам бехабар. Масалан, ногиронлиги бор фарзандини парваришлаш нафақасини олиши мумкин бўлган 33 минг ота-она ушбу имтиёздан фойдаланмаяпти”.
Бунинг учун тизимдаги саводсизликка тез фурсатларда барҳам бериш, барча давлат идоралари сайтларини ногиронлиги бўлган инсонлар учун қулай шаклга келтириш, ногиронлиги бўлган инсонлар ҳаёти ва эришган ютуқлари тўғрисида таъсирчан медиаконтент, фильмлар тайёрлаш, телеканалларда информацион, айниқса, болалар дастурлари эфирининг муайян қисмини сурдотаржима, субтитр ёки “югурувчи сатр” билан намойиш этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож одамлар қалбида ўзига ишонч ва қатъият туйғусини оширадиган бадиий асарлар яратиш, маънавият ва маърифат тизимида айни соҳадаги тушунтириш-тарғибот ишларига тубдан янгича ёндашиш тақозо этилади.
Янги ижтимоий ҳимоя миллий тизимининг яна бир ўзига хос хусусияти соҳадаги минтақавий ва халқаро ҳамкорлик самараларига бевосита тааллуқлидир. Бу фикримизни жорий йил 6–7 февраль кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган “Инсон ҳуқуқлари нуқтаи назарида озиқ-овқат адолати: воқелик ва келажак муаммолари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари халқимиз, давлатимиз, Президентимиз Ўзбекистонда ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳар бир инсоннинг адолатли асосдаги ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлашга содиқ эканини эътироф этганлари ҳам яққол тасдиқлайди.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 23 февраль кунги 39 (1100)-сони
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси
- Қўшилди: 23.02.2024
- Кўришлар: 2898
- Чоп этиш